Жаҳон | 21:32 / 14.07.2025
1560
2 дақиқада ўқилади

Зеленский иқтисодиёт вазири Юлия Свириденкога Украина бош вазири лавозимини таклиф қилди

Амалдаги бош вазир Денис Шмигал мудофаа вазири лавозимига тайинланиши мумкин. Ўз навбатида ҳарбий идорани бошқараётган Рустем Умеров Украинанинг АҚШдаги янги элчисига айланиши кутиляпти.

Фото: president.gov.ua

Украина президенти Володимир Зеленский бош вазир ўринбосари ва иқтисодиёт вазири лавозимида фаолият юритаётган Юлия Свириденкога мамлакат Вазирлар Маҳкамасини бошқаришни таклиф қилди.

«Мен Юлия Свириденкога Украина ҳукуматини бошқариш ва унинг фаолиятини сезиларли даражада янгилашни таклиф қилдим. Тез орада янги ҳукуматнинг ҳаракат режаси тақдим этилишини кутяпман», - деб ёзади Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда «Украинада ижро ҳокимияти тизимининг трансформацияси» бошланмоқда, шу боис ҳукуматда ўзгаришлар амалга оширилади.

Украина президентининг маълум қилишича, иқтисодиёт вазири мамлакатнинг Европа ва Америкадаги шериклари билан келишувлар бажарилишига оид ҳисоботни тақдим этган. Зеленский Юлия Свириденко билан Украинанинг иқтисодий потенциалини мустаҳкамлайдиган, украиналикларни қўллаб-қувватловчи дастурларни кенгайтирадиган ва мамлакатда қурол ишлаб чиқариш кўламини оширадиган тадбирларни муҳокама қилган.

Сўнгги кунларда Украина ОАВда мамлакат ҳукуматида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Юлия Свириденко ҳукумат раҳбарлиги учун асосий номзод сифатида кўриляпти. Конституцияга мувофиқ, Украина бош вазирини Олий Рада президент тавсиясига кўра амалга оширади.

«Суспилне» манбасининг таъкидлашича, амалдаги бош вазир Денис Шмигал Украина мудофаа вазири лавозимига тайинланиши мумкин. Ўз навбатида ҳарбий идорани бошқараётган Рустем Умеров Украинанинг АҚШдаги янги элчисига айланади.

Мавзуга оид