Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
20 июлдан бошлаб 1-2 кунга хорижга чиққанлар Ўзбекистонга божсиз товар олиб киролмайди
Божхона қўмитаси аҳолига мурожаат қилиб, келаётган якшанбада кучга кирадиган янги қоидани эслатди. Унга кўра, фуқаро агар Ўзбекистонни тарк этганига 2 ёки 3 кундан ошмаган бўлса (қайси транспортда келаётганига қараб), ўзининг шахсий эҳтиёжи учун олиб келаётган бирортаям товарини бож тўламасдан олиб киролмайди. Аввалроқ божсиз олиб кириш лимитлари 2 баробарга пасайтирилганди.

Фото: Ralf Geithe / Getty Images
Ўзбекистон Божхона қўмитаси хорижга чиқиб келувчиларга қонунчиликдаги янгилик ҳақида эслатди.
2025 йил 20 июлдан эътиборан, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари қўлланиши учун:
- поездда, автомобилда ёки пиёда равишда кириб келаётган шахслар хорижий давлатда 2 кундан,
- самолётда қайтаётган йўловчилар эса хорижий давлатда 3 кундан кам муддат бўлмаслиги талаб этилади.
“Акс ҳолда, ушбу товарларга божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ деб қаралади ҳамда товарнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.
Божхона қоидаларига риоя қилишингизни сўраймиз!” – дейилади қўмита матбуот котиби Ҳусан Тангриевнинг эслатмасида.
Янги тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрел кунги қарори асосида киритилмоқда. Бу қарор жамоатчилик муҳокамасига чиқарилмасдан қабул қилинган.
Шу қарорга асосан, 1 майдан бошлаб жисмоний шахсларнинг хориждан товар олиб кириши лимитлари ҳам пасайтирилган эди:
- самолётда келаётган жисмоний шахслар нотижорат мақсадда божсиз олиб кириши мумкин бўлган товарлар қиймати 2000 доллардан 1000 долларга туширилди;
- поездда келаётганлар учун бу лимит 1000 доллардан 500 долларга пасайтирилди.
Аввал курьерлик жўнатмалари орқали бир чоракда 1000 долларгача бўлган товарларни божсиз олиб кириш мумкин бўлган бўлса, 1 майдан эътиборан бу лимит бир ойда 200 долларгача пасайтирилди.
Божхона қўмитаси бу ўзгаришларни “йирик партиядаги товарлар майда партияларда ҳеч қандай божхона тўловларисиз кириб келаётгани” билан изоҳлаган. Ўшанда иқтисодчи Отабек Бакиров “маҳаллийлаштирувчилар” фойдасига киритилган импорт божларини олиб ташлашга чақирганди.
Мавзуга оид

18:37 / 12.07.2025
Импортда яна муаммо: Техник тартибга солиш агентлиги музлаткич ва совиткичларни Ўзбекистонга киргизмаяпти

13:43 / 07.07.2025
Салкам 900 млн сўмлик ноқонуний заргарлик буюмлари савдоси фош этилди

12:18 / 04.07.2025
Заргарлик буюмларини ноқонуний тарзда олиб кирмоқчи бўлган шахс ушланди

20:17 / 02.07.2025