Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қуролланишнинг янги даври бошланди. Ҳарбий бюджети энг катта давлатлар қайси?
Kun.uz Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институтига асосланиб, ҳарбий соҳага энг кўп пул ажратаётган 10 та давлатни санаб ўтади.

Охирги йилларда геосиёсий тарангликлар кучайди. Россиянинг Украинага босқини, Яқин Шарқдаги Исроил–Ҳамас ва Исроил/АҚШ–Эрон урушлари, Жанубий Осиёда эса Ҳиндистон–Покистон эскалацияси ва бошқа ҳолатлар глобал беқарорликка сабаб бўлмоқда. Шунингдек, қатор давлатларда ўнг популистик кучлар сиёсий мавқейини мустаҳкамлаб бормоқда.
Масалан, популист Доналд Трамп АҚШ президентлигига сайлангач, мудофаа харажатларини камайтириш ташаббуси билан чиққанди. Хусусан, у Украина ва Ғазо секторидаги урушларни тугатиш орқали Россия ва Хитой билан мудофаа харажатларини қисқартириш бўйича музокаралар ўтказиш ниятида эканини айтганди. Шунингдек, Трамп Россия ва Хитой билан ядровий қуроллар сонини камайтириш мавзусидаги музокараларни ҳам қайта тиклашга ваъда берганди. Амалда эса вазият тубдан ўзгариб кетди.
Айнан Америка президентининг ташаббуси ва босими остида дунёдаги энг катта ҳарбий иттифоқ – НАТО қуролланиш босқичининг янги даврига киряпти. Ташкилотга аъзо давлатлар мудофаа харажатларини кейинги ўн йилда қарийб икки баравар оширади.
Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) маълумотларига кўра, 2024 йилда дунё давлатларининг ҳарбий харажатлари умумий миқдори 9,4 фоизга кўпайган ва тарихда илк бор 2,7 трлн долларга етган.
Kun.uz ушбу ташкилот ҳисоботларига таяниб, ҳарбий харажатлар учун энг кўп маблағ сарфлаётган ўнта давлатга эътибор қаратди.
Қайд этиш лозим, Жанубий Корея (47,6 млрд доллар), Исроил (46,5 млрд), Полша (38 млрд), Италия (38 млрд), Австралия (33,8 млрд), Канада (29,3 млрд) ва Туркия (25 млрд) каби давлатлар бу рўйхатда дастлабки эмас, иккинчи ўнталикка киради. Биринчи ўнталик эса қуйидагича.
10. Япония
2024 йилги ҳарбий харажатлари: 55,3 млрд доллар
Япония Иккинчи жаҳон урушида енгилгач, АҚШ, СССР, Англия ва Франциядан иборат иттифоқчилар бу давлатга армия тузишни тақиқлаб қўйишганди. Ҳатто мамлакат конституцияга Япониянинг ҳеч қачон армия сақламаслиги ҳақида алоҳида модда ҳам қўшилади.
Шундан кейин кўп йиллар давомида Токио ўз армиясига эга бўлмайди ва мамлакатни АҚШ ҳарбийлари қўриқлайди. Ҳанузгача Японияда АҚШнинг ўнлаб ҳарбий базалари бор. Кейинчалик Японияга мудофаа учун армия шакллантиришга рухсат берилади.
Сўнгги 20 йилликда Шимолий Корея ядро қуролини яратиш устида олиб бораётган тадқиқотлари Япония ҳукуматини жиддий хавотирга солиб келяпти. Шу сабабли расмий Токио ҳарбий харажатлари миқдорини муттасил ошириб боряпти. Хусусан, 2024 йилда Япония ушбу мақсад учун 55,3 млрд доллар ёки ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг 1,4 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган.
9. Франция
2024 йилги ҳарбий харажатлари: 64,7 млрд доллар
Россиянинг Украинага босқини ва Марказий Европада ҳарбий зиддиятларнинг пайдо бўлиш хавфи Францияга ҳарбий бюджетини оширишни тақозо этяпти. Ҳукумат ҳам айнан Украина уруши миллий хавфсизликка кўпроқ эътибор қаратиш масаласини кун тартибига олиб чиққанини айтиб келади. Шунингдек, Трамп бошқарувидаги АҚШ Европа хавфсизлиги учун масъулиятини пасайтириши ҳам муҳим омил бўляпти.
2020-2024 йиллар давомида Франция ҳарбий харажатларини қарийб 12 млрд долларга кўпайтирди. Жумладан, ўтган йили бу мақсад учун 64,7 млрд доллар ёки мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг 2,1 фоизи миқдорида маблағ сарфлади.
8. Украина
2024 йилги ҳарбий харажатлари: 64,7 млрд доллар
Ҳарбий харажатлар ЯИМга нисбатан олинганда энг юқори кўрсаткич Украинада – 34 фоиз. 2022 йилдан бошлаб Россия Украинанинг барча ҳудудларини узлуксиз бомбардимон қилиб келяпти. Уч йилдан ошдики, миллий озодлик учун курашаётган украин халқи бор имкониятини мудофаага қаратган.
Суверен ҳудуди бўйича Европада Россиядан кейинги иккинчи энг катта давлат бўлмиш Украина 2020 йилда ҳарбий мақсадларда 5,9 млрд доллар сарфлаган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 64,7 млрд долларгача ошди.
7. Саудия Арабистони
2024 йилги ҳарбий харажатлари: 80,3 млрд доллар
Саудия Арабистони жойлашган минтақа 21-асрда Ер юзининг энг қайноқ нуқтаси бўлиб турибди. Саудлар сулоласи ўз қудратини ошириш, Исроил, Эрон ва ўзларининг биқинидаги Яман ҳусийчиларидан ҳимояланиш учун ҳарбий харажатларга миллиардлар ажратмоқда.
Жумладан, 2024 йилда қироллик ҳарбий мақсадларда 80,3 млрд доллар ёки ЯИМ ҳажмининг 7,3 фоизи миқдорида маблағ йўналтирган.
6. Буюк Британия
2024 йилги ҳарбий харажатлари: 81,8 млрд доллар
Бир пайтлар дунёнинг энг асосий державаси бўлган Буюк Британия ҳам охирги йилларда ҳарбий харажатлар учун тобора кўпроқ маблағ ажратиб келяпти. Жумладан, 2015 йилдан 2024 йилгача бу миқдор 47 фоизга ошган.
Ўтган йили Буюк Британия ўз ҳарбий харажатлари учун 81,8 млрд доллар ёки ЯИМ ҳажмининг 2,3 фоизи миқдорида маблағ сарфлади.
5. Ҳиндистон
2024 йилги ҳарбий харажатлари: 86,1 млрд доллар
Узоқ йиллардан бери ҳудудий даъволар туфайли Покистон билан қарама-қарши бўлиб келган Ҳиндистон, сўнгги йилларда Ҳимолай тоғларидаги ҳудудлар учун Хитой билан ҳам баҳсга киряпти. Қолаверса, ҳали Покистоннинг ҳам Кашмирга даъвоси сақланиб турибди. Аҳоли сони бўйича Хитойдан ўтиб кетган ҳиндлар – Жанубий Осиёдаги катта цивилизация ўлароқ – анча йилдан бери ҳарбий харажатларини муттасил ошириб келади.
2015 йилда мамлакат ҳарбий харажатлари 51,3 млрд доллар бўлган бўлса, 2024 йилда бу миқдор 86,1 млрд долларни ташкил этди. Бу – мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 2,3 фоизига тенг.
4. Германия Федератив Республикаси
2024 йилги ҳарбий харажатлари: 88,5 млрд доллар
Иккинчи жаҳон урушида енгилгач, иттифоқчилар Германияни иккига бўлиб олишади ва унинг ҳар иккала қисмига ҳам Японияга ўхшаб узоқ йиллар ўз армиясини шакллантиришга йўл қўйилмайди. Германия Федератив Республикасида АҚШ ҳарбий базалари, шарқдаги Германия Демократик Республикасида эса совет ҳарбий базалари жойлаштирилади.
1989 йилда иккита Германия бирлашгандан кейин мамлакат ғарбидаги АҚШ ҳарбий базалари сақланиб қолди. Шарқдаги совет ҳарбий базалари эса ёпилди. Ўз навбатида, ҳукумат ҳарбий харажатлар учун ҳам салмоқли маблағ ажрата бошлади. Айниқса, бу Украинадаги уруш фонида кескин ошди. Жумладан, 2024 йилда ушбу мақсадлар учун 88,5 млрд доллар ажратилди. Бу – 2023 йилга нисбатан 28 фоизга кўп.
Шунингдек, Германия 1990 йилдан бери биринчи марта Европада мудофаа харажатлари бўйича етакчига айланди. Охирги ўн йилликни олиб қарасак ҳам, немислар ҳарбий бюджетини қарийб 2,3 баробарга оширганига гувоҳ бўламиз.
3. Россия Федерацияси
2024 йилги ҳарбий харажатлари: 149 млрд доллар
2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирди ва шундан бери қўшни давлатнинг имкон қадар кўпроқ ҳудудини босиб олишга уриняпти. Ўз-ўзидан, ҳарбий соҳага харажатлар ҳам кескин ошди. Санкциялар шароитида Россия ички мудофаа корхоналарининг қувватини кенгайтириб, янги қуроллар ишлаб чиқаришга ўтяпти. Бу айрим эҳтиёт қисмларини четдан импорт қилганга нисбатан кўпроқ харажат ва вақт талаб қилади.
2024 йилда Кремл ҳарбий харажатлар учун 149 млрд доллар ёки РФ иқтисодиётининг 7,1 фоизига тенг маблағ сарфлади. Бу миқдор 2021 йилга қараганда 2,3 баробарга кўп.
2. Хитой Халқ Республикаси
2024 йилги ҳарбий харажатлари: 314 млрд доллар
1991 йилда СССР парчаланиб кетганидан сўнг Хитой ҳарбий харажатлар бўйича дунёда 2-ўринга кўтарилади. Расмий Пекин 2006–2008 йилларда мудофаа учун йилига 50–80 млрд доллар атрофида маблағ ажратарди. Бу – АҚШ ҳарбий харажатларининг бор-йўғи 10 фоизини ташкил этган.
Аммо охирги 15 йилликда Хитой ҳарбий харажатларини тўхтовсиз ошириб келяпти. 2024 йилда бу миқдор 314 млрд долларга етди. Ҳарбий харажатларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбати – 1,7 фоиз. 2015–2024 йиллар оралиғида Пекиннинг ҳарбий харажатлари 46 фоизга кўпайган.
1. Америка Қўшма Штатлари
Умумий ҳарбий харажатлари: 997 млрд доллар
АҚШ узоқ вақтлардан бери ҳарбий харажатлар бўйича дунёда 1-ўринни ҳеч кимга бермай келади. Катта эҳтимол билан, яқин ўн йилликларда ҳам бу тенденция давом этади.
2024 йилда ҳарбий харажатлар учун дунёда сарфланаётган маблағнинг 37 фоизи биргина АҚШга тўғри келган. Американинг ҳарбий харажатлари жуда катталиги аввало мамлакат иқтисодиётининг кўлами ва барқарорлиги, шунингдек, АҚШ НАТОнинг асосий молиявий таъминотчиси экани билан боғлиқ. Дунёнинг қирққа яқин давлатида АҚШнинг мингга яқин ҳарбий базаси бор.
2024 йилда АҚШ ҳарбий харажатлар учун 997 млрд доллар ёки ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг 3,4 фоизи миқдорида маблағ сарфлаган.
SIPRI экспертларининг алоҳида қайд этишича, айрим мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари ҳақидаги маълумотлар очиқ манбаларда йўқлиги сабабли тахминий ҳисоб-китоблар асосидаги рақамлар олинган.
Ўзбекистон қанча ҳарбий харажат қилади?
Ҳар қандай суверен давлат каби Ўзбекистон ҳам ўз суверенитети, тинчлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш учун ҳарбий харажатлар учун маълум миқдорда маблағ ажратади. Бу маблағлар мамлакат армиясининг жанговар қудратини оширишга сарфланади.
Global Firepower ташкилотининг 2025 йилги ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг катта мудофаа бюджетига эга – 2,8 млрд доллар. Таққослаш учун, Қозоғистоннинг мудофаа бюджети 2 млрд доллар, Туркманистонники эса 1,1 млрд доллар деб баҳоланган. Минтақада энг кам ҳарбий харажатлар Қирғизистон – 222 млн доллар ва Тожикистонда – 446 млн доллар қайд этилган.
Таъкидлаш лозимки, мудофаага оид маълумотлар ҳарбий сир ҳисобланади ва давлатлар томонидан тўлиқ очиқланмайди. Шу сабабли ҳарбий-таҳлилий нашрлар ҳамда ақл марказларида бериб бориладиган маълумотлар тахминий тусга эга бўлиб, аниқ рақамларни акс эттирмаслиги мумкин.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Мавзуга оид

22:31 / 15.07.2025
Трампдан янги дедлайн – 50 кун. Бу нима дегани?

19:18 / 15.07.2025
Россияда мигрантларнинг хорижга пул ўтказмаларини чеклаш таклиф қилинди

18:43 / 15.07.2025
Хитой Трампнинг таҳдидларидан кейин Россияни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга ваъда берди

18:39 / 15.07.2025