Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ билан «мега келишув» қилаётган Зеленский, Ироқда кучли ёнғин ва Эронга янги дедлайн тайёрлаётган Ғарб – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрдўған: Исроил қонун-қоидаларга бўйсунмайдиган, террорчи давлат
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарадаги ҳукумат йиғилишида қилган чиқишида Сурия ва Исроил масаласига тўхталди.
«Биз кеча ҳам, бугун ҳам Суриянинг бўлинишига рози бўлмадик — эртага ҳам бундай режаларни қатъиян рад этамиз. Исроил арқонидан ушлаган ҳолда қудуққа тушаётганлар охир-оқибат қандай жиддий хато қилганларини тушуниб етади», — деган Туркия етакчиси.
Anadolu нашрининг ёзишича, Эрдўған Исроилни «қонун-қоидаларга бўйсунмайдиган, принципсиз, қулайликларга ўрганиб қолган ва умидини йўқотган террорчи давлат» деб атаган.
«Исроил сўнгги икки кун ичида друзлар масаласини баҳона қилиб, жиноят майдонини Сурияга туташ ҳудудга кўчирди. Бугунги кунда минтақамиздаги энг катта муаммо — бу Исроилнинг тажовузи. Сурия барқарор бўлса, бу бутун атрофдаги давлатлар учун барқарорликни таъминлайди. Акс ҳолда, барчамиз бу беқарорликнинг оғирлигини кўтаришга мажбур бўламиз», — деди у.
Эрдўған Туркия ва Сурия ҳудудидаги курдлар «Исроилнинг қўлидаги воситага айланишига ҳеч қачон йўл қўймаслигини» таъкидлаган.
Шунингдек, Туркиянинг тегишли идоралари Сурия билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани маълум қилинди.
Украинанинг АҚШ ва Европа билан «савдо»си
Европанинг НАТОга аъзо уч давлати – Франция, Италия ва Чехия Украина учун Америка қуролларига пул тўлаш ташаббусида иштирок этишдан бош тортди. Politico нашрининг ёзишича, Франциянинг салбий позицияси мамлакат президенти Эммануэл Макрон узоқ вақтдан бери европаликлар ички харидлар орқали ўз мудофаа саноатини ривожлантиришни таъкидлаб келаётгани билан изоҳланади. Шу билан бирга, Франция ҳукумати бюджет тақчиллиги билан курашишга уринишлар фонида ўзининг мудофаа харажатларини оширишда қийинчиликларни бошдан кечирмоқда.
Худди шу сабаб — бюджет туфайли Италия харидлар учун тўлов ташаббусига қўшилишни истамайди. Италия Мудофаа вазирлигидаги манбалар La Stampa нашрига берган интервьюсида: «Италиянинг деярли ҳеч қандай бюджет имконияти йўқ. Бу ерда Америка қуролларини сотиб олиш ҳақида ҳеч қачон гап очилмаган», деди.
Чехия бош вазири Петр Фиала ҳам унинг мамлакати Украина учун Америка қуролларини сотиб олишда иштирок этиш ниятида эмаслигини айтди. «Чехия Чехиянинг ўқ-дорилар ташаббуси каби Украинани қўллаб-қувватлашнинг бошқа лойиҳалари ва йўлларига эътибор қаратмоқда. Шу сабабли ҳозирги босқичда биз ушбу дастурда иштирок этишни ўйламаймиз», деган у.
Айни шу кунларда Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Доналд Трамп қуроллар савдоси бўйича «мега келишув»ни муҳокама қилаётганини айтди. Унга кўра, АҚШ Украинадан жангларда синовдан ўтган дронларни сотиб олади. Эвазига, АҚШ Украинага ўз қуролларини сотади.
«Менимча, бу ҳамма учун фойдали бўлган ҳақиқий «мега битим», деган Зеленский The New York Post нашрига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, Украина дронлари Россия ҳудуди ичидаги нишонларга зарба бера олади. Шу сабабли Киев Россия билан қарама-қаршилик чоғида замонавий урушлар бўйича ўрганган барча нарсани АҚШ ва европалик ҳамкорлари билан баҳам кўришга тайёр.
АҚШ ва Европа Эрон ядровий келишуви учун дедлайн белгилайди
АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва Франция, Германия ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари телефон орқали Эронга ядровий келишувга эришиш учун август ойи охиригача вақт беришга келишиб олди. Бу ҳақда Американинг Axios нашри суҳбат мазмунидан хабардор уч манбага таяниб хабар берди.
Агар Теҳрон белгиланган муддатда ядровий келишувга рози бўлмаса, Европа давлатлари БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2015 йилги ядровий келишувга кўра Эронга қарши олиб ташланган барча санкцияларини тиклаш учун snapback механизмидан фойдаланиш ниятида. Бу механизм октябргача қўлланиши мумкин ва шу ойда Россия Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги раислигини ўз зиммасига олади. Европа давлатлари бунгача улгурмоқчи. Snapback фаоллаштирилганда, БМТ Хавфсизлик кенгаши 30 кун ичида Эронга қарши санкцияларни юмшатишни давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилиши керак: бунинг учун тўққизта ижобий овоз ва АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ёки Франция вето қўймаслиги керак. Агар резолюция қабул қилинмаса, санкциялар тикланади.
Қўшма Штатлар ва Европа дипломатик усуллар иш бермаса, бу вариантни «захира» сифатида кўриб чиқмоқда, дея қайд этади Axios. Нашрнинг икки манбаси хабар беришича, яқин ҳафталарда европалик дипломатлар Эронни чекловлар қайта киритилмаслиги учун қандайдир чоралар кўришга кўндирмоқчи. Бу қадамлар қаторига Ислом Республикаси ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) ўртасидаги ҳамкорликни қайта тиклаш ва Эрондан 60 фоизгача бойитилган 400 кгга яқин уранни олиб чиқиб кетиш киради.
Айни пайтда, Теҳрон БМТ Хавфсизлик кенгаши санкцияларининг тикланиши «адекват ва мутаносиб жавоб»га сабаб бўлишини маълум қилди.
ХЖС: Нетаняҳу ва Галлантга чиқарилган ордерлар бекор қилинмайди
Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноят суди Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга чиқарилган ҳибсга олиш ордерларини бекор қилиш ҳақидаги Исроилнинг ҳукуматининг сўровини рад этди. Бу орада суд Ғазо урушидаги ҳаракатлар бўйича Исроил томонидан суд юрисдикциясига қарши билдирган эътирозларини кўриб чиқмоқда.
ХЖС Исроилнинг Фаластин ҳудудларида содир этилган эҳтимолий жиноятлар бўйича кенгроқ терговни тўхтатиб туриш ҳақидаги талабини ҳам рад этди.
Халқаро жиноят суди 2023 йил 21 ноябрь куни Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху, собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант ва ҲАМАС етакчиси Муҳаммад Дейфга нисбатан уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар юзасидан ҳибсга олиш ордерлари чиқарган эди.
2024 йил февраль ойида Муҳаммад Дейф ҳалок бўлгани ҳақидаги ишончли хабарлардан сўнг унга нисбатан ордер бекор қилинган.
Исроил Ҳаагадаги суд юрисдикциясини тан олмайди ва Ғазодаги уруш жиноятларини рад этади. Айни вақтда Нетаняҳу ва Галлантга нисбатан чиқарилган ордерларга қарши даъво кўтарилган: Исроил суднинг юрисдикциясига эътироз билдириб, ордерлар асоссиз деб ҳисоблаяпти. Суд ҳозирча юрисдикция бўйича қарор чиқармаган.
Аввалроқ, АҚШ Нетаняҳуни ҳибсга олишга берилган ордер ортидан ушбу суднинг тўрт нафар судьясига санкциялар жорий қилган эди. Санкция остидаги судьялардан икки нафари ордерларни бекор қилиш ҳақидаги Исроилнинг илтимосини рад этди.
Ироқдаги савдо марказида ёнғин
Ироқ нашрлари мамлакат шарқидаги Кут шаҳрида очилган янги савдо марказида авж олган ёнғин натижасида камида 77 киши ҳалок бўлиб, кўплаб кишилар жароҳатлангани ҳақида хабар берди. Маълумотларга кўра, беш кун муқаддам очилган комплексдаги ёнғин чоршанба куни кечқурун бошланган, эртаси куни ўчирилган.
Ёнғин оқибатида 77 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда AFP агентлиги Ироқ ИИВ баёнотига таяниб, аммо фавқулодда хизматлар ҳали бедарак йўқолганларни қидириш билан машғул.
Маҳаллий телеканалда намойиш этилган кадрларда олов бинонинг бир неча қаватини қамраб олганини кўриш мумкин. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ёнғин вақтида бино томига чиқиб олган одамлар кўринади.
Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, иккинчи қаватда кондиционер портлаган, шундан сўнг катта ёнғин бошланган. Бино эгасига қарши жиноий иш қўзғатилди. Восит вилоятида қурбонлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилинди.
Мавзуга оид

14:05 / 17.07.2025
Дамашққа зарба берган Исроил, урушни давом эттирмоқчи бўлган Путин ва Украинага келишни бошлаган ракеталар – кун дайжести

12:54 / 16.07.2025
Россияни қўллашга тайёр Хитой, Исроилга чора кўрмоқчи бўлаётган Евроиттифоқ ва FETOʻчилар таъқибини давом эттираётган Туркия – кун дайжести

15:00 / 15.07.2025
Путиндан жаҳли чиққан Трамп, иккиюзламачилик даври тугаши кераклигини айтган БМТ вакили ва яна Сурияга зарба берган Исроил – кун дайжести

14:41 / 14.07.2025