Жаҳон | 13:06
2664
6 дақиқада ўқилади

Исроилга халқаро босим давом этмоқда: ХЖС ордерларни кучида қолдирди, Словения санкция жорий қилди

Халқаро жиноий суд Бинямин Нетаняҳу ва Йоав Галлантга чиқарилган ҳибсга олиш ордерларини бекор қилиш бўйича Исроилнинг сўровини рад этди. Словения эса «геноцидга даъват қилувчи баёнотлар» берган Исроилнинг миллий хавфсизлик ва молия вазирларини «persona non grata» деб эълон қилди.

Фото: Reuters

16 июл куни Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд судялари Бинямин Нетаняҳу ва Йоав Галлантга чиқарилган ҳибсга олиш ордерларини бекор қилиш ҳақидаги Исроилнинг сўровини рад этди.

Reuters нашрининг суд қарорига таяниб ёзишича, суд Исроилнинг Фаластин ҳудудларида содир этилган эҳтимолий жиноятлар бўйича кенгроқ терговни тўхтатиб туриш ҳақидаги талабини ҳам рад этди.

Халқаро жиноий суд 2023 йил 21 ноябр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, собиқ мудофаа вазири Йоав Галлант ва ҲАМАС етакчиси Иброҳим ал-Масрига (яъни Муҳаммад Дейф) нисбатан уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар юзасидан ҳибсга олиш ордерлари чиқарган эди.

Фото: Pool

2024 йил феврал ойида Муҳаммад Дейф ҳалок бўлгани ҳақидаги ишончли хабарлардан сўнг унга нисбатан ҳибсга олиш ордери бекор қилинган.

Айни вақтда Исроил Ҳаагадаги суднинг юрисдикциясини тан олмайди ва Ғазодаги уруш жиноятлари, хусусан, геноцид содир этаётганини рад қилади. Шунингдек, расмий Тел-Авив Нетаняҳу ва Галлантга нисбатан чиқарилган ордерларга қарши даъво кўтарган.

«Исроил апелляция палатасининг апрел ойида чиқарилган қарорига таяниб ХЖС судининг юрисдикциясига эътироз билдирди ҳамда ордерларни асоссиз деб ҳисоблаяпти. Аммо судялар бу далилни нотўғри деб топди. Улар юрисдикция бўйича қарор ҳали чиқарилмагани боис ордерлар ўз кучида қолишини маълум қилди», дейилади хабарда.

Мазкур иш бўйича юрисдикция масаласида қачон қарор чиқиши номаълум.

Аввалроқ АҚШ ХЖС томонидан Нетаняҳуга ордер чиқарилгани ортидан Халқаро жиноий суднинг тўрт нафар судясига ҳамда ушбу суднинг прокурори Карим Хонга нисбатан санкциялар жорий қилганди.

Фото: icc-cpi.int

Карим Хон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берилишида асосий иштирокчилардан бўлган.

Бу – уруш жиноятлари бўйича халқаро трибуналга қарши киритилган мисли кўрилмаган жазо чораси ҳисобланади. Санкция остидаги судялардан иккитаси айнан Исроилнинг ордерларни бекор қилиш ҳақидаги илтимосини рад этган суд ҳайъатида қатнашган.

ХЖСнинг ушбу қарори янграган кунларда Словения ҳам Исроилнинг икки нафар ўта ўнг қанотдаги вазирларини — Итамар Бен-Гвир ва Бетсалел Смотрични «persona non grata» деб эълон қилди. Исроил миллий хавфсизлик ва молия вазирларининг иккаласи ҳам «геноцидга даъват қилувчи баёнотлар» берганликда айбланмоқда.

Фото: Итамар Бен-Гвир ва Бетсалел Смотрич

Ушбу жиддий айблов Словения ташқи ишлар вазири Таня Фейжон томонидан эълон қилинди. Reuters'га кўра, Словения ушбу чора-тадбирни кўрган биринчи Европа Иттифоқи давлати бўлди.

Исроил ҳукумати бу қарорга ҳозирча изоҳ бермади. Илгарироқ эса Тел-Авив Ғазодаги уруш бўйича геноцид айбловларини рад этиб, 2023 йил 7 октябрдаги Ҳамас ҳужумига жавобан ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлганини таъкидлаб келаётганди.

Таня Фейжоннинг айтишича, Словения бу қарорни Брюсселда ўтган Евроиттифоқ ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Исроилга қарши қўшма чоралар бўйича келишувга эришилмагач, мустақил равишда қабул қилган:

«Бугун ҳукумат ўзининг биринчи миллий чораларидан бирини эълон қилди — икки исроиллик вазир энди Словения ҳудудида хуш кўрилмайдиган шахслар ҳисобланади. Бундай чора Европа Иттифоқида биринчи марта қўлланяпти. Биз янги босқичга ўтмоқдамиз», - дея таъкидлади у. Фейжон бошқа чоралар ҳам кўрилаётгани, аммо ҳозирча тафсилотлар очиқланмаслигини айтди.

Фото: Таня Фейжон

Таня Фейжоннинг айтишича, бу — Ғазодаги чидаб бўлмас вазиятни яхшилаш ва тинч аҳоли азобини тугатиш учун Исроил ҳукуматига босим ўтказиш чораси ҳисобланади.

Словения ҳукумати баёнотида айтилишича, икки исроиллик вазир:

  • Ғарбий Соҳилда ноқонуний яҳудий посёлкаларни кенгайтиришни очиқ қўллаб-қувватламоқда;
  • Фаластинликларнинг мажбурий кўчирилишини ёқламоқда;
  • Фаластин тинч аҳолисига нисбатан зўравонликка чақирмоқда.

Ўтган йили Словения Фаластин давлатининг мустақиллигини тан олган эди. 2024 йил июн ойида эса Буюк Британия, Норвегия, Австралия, Янги Зеландия ва Канада ҳам айни икки исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилган, уларни фаластинликларга қарши зўравонликни қўзғатганликда айблаганди.

Фото: Al-Jazeera

Исроилнинг 2023 йил октябрдан буён Ғазода олиб бораётган уруши натижасида 58 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 100 мингдан ортиқ инсонлар жароҳатланган. Ғазо сектори деярли вайрон бўлиб, миллионлаб инсонлар уйсиз қолган.

Маълумот учун, «Persona non grata» бу — лотинча ибора бўлиб, «ёқимсиз шахс» ёки «хуш кўрилмайдиган шахс» деган маънони англатади. Бу атама одатда бирор давлат бошқа бир давлат вакилини расмий равишда ўз ҳудудида истамаслигини билдирганида қўлланади.

Агар бирор давлат бошқа давлат фуқаросини (одатда амалдорлар бўлади) «persona non grata» деб эълон қилса, бу шахс ўша давлатга кириш ҳуқуқига эга бўлмайди, унга виза ҳам берилмайди. Агар у мамлакатда бўлса — чиқиб кетишга мажбур бўлади.

Мавзуга оид