Таълим | 11:09
4414
4 дақиқада ўқилади

Давлат ОТМга қабул квоталари тасдиқланди

Президентнинг тегишли фармойиши билан кейинги 4 йиллик ўқув даври учун йўналишлар кесимида олийгоҳларга давлат буюртмаси параметрлари белгиланди. Унга кўра, 2025-2026 йиллар учун бакалавриатга 35 500 нафар, магистратурага эса 9 922 нафар ўрин ажратилди. Қабул квоталари фақат кундузги таълим шакли учун эълон қилинди. Ҳозирча кечки ва масофавий шакллардагиси мавжуд эмас.

Фото: Kun.uz

Давлат олий таълим ташкилотларига қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди. Президент имзолаган 43-сонли фармойишга кўра, тармоқ ва соҳалар кесимида бакалавриат ва магистратура учун 4 йиллик қабул квотаси белгилаб олинди. Илгари бу параметрлар ҳар йили алоҳида эълон қилинарди.

Ўринлар ҳозирча фақат кундузги таълим шаклига тегишли. Қуйида йиллар кесимида бакалавриат ва магистратура учун талабаларга қанча жой ажратилгани келтирилади.

Бакалавриат:

  • 2025-2026 йиллар – 35 500 нафар;
  • 2026-2027 йиллар – 36 023 нафар;
  • 2027-2028 йиллар – 36 460 нафар;
  • 2028-2029 йиллар – 36 761 нафар.

Магистратура:

  • 2025-2026 йиллар – 9 922 нафар;
  • 2026-2027 йиллар – 10 191 нафар;
  • 2027-2028 йиллар – 10 477 нафар;
  • 2028-2029 йиллар – 10 784 нафар.

Шунингдек, фармойиш билан нодавлат ҳамда хорижий университетларга давлат гранти тақсимоти ҳам келтириб ўтилган. Таъкидланишича, республикада фаолият юритаётган нодавлат ва хорижий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига 1 320 та давлат гранти таклиф этилади.

Бунда давлат таълим ташкилотларининг халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори 300 талик рўйхатга кирган хорижий ОТМ билан йўлга қўйилган қўшма таълим дастурлари учун ҳам квота ажратилиши назарда тутилган.

Давлат олийгоҳларида ўқиш истагини билдирган, хорижда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар учун эса 30 та давлат гранти ажратилмоқда. Бунда таълим йўналишлари кесимидаги тақсимот юзасидан таклифлар тайёрланиши кутиляпти. Хотин-қизлар учун бу йил 4 мингта давлат гранти берилади.

Ҳозирча давлат ОТМларининг қабул квоталаридан қанчаси грант ва контракт-тўлов бўлиши номаълум. Янги ўқув йилининг грант ва контракт ўринлари 1 ҳафта ичида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланиши айтиб ўтилган.

Қолаверса, бу муддат ичида комиссия бакалавриат таълим йўналишига қабул бўйича қуйидагиларни ҳам тасдиқлаши лозим:

  • квота тақсимотида иштирок этувчи олийгоҳлар, таълим шакллари ва таълим тиллари кесимидаги умумий қабул параметрларини;
  • имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрларини;
  • тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш баллини;
  • ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжи асосида давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари буюртмаларига мувофиқ давлат гранти асосидаги умумий қабул параметрлари доирасида мақсадли қабул параметрларининг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;
  • ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат грантининг улушини;
  • айрим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг (тиллар, махсус педагогика, спорт, санъат ва бошқа) ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, уларнинг соҳа ихтисослашувига кўра тақсимланган қабул параметрларини;
  • магистратура мутахассисликлари бўйича давлат гранти ва тўлов-контрактга ажратган ҳолда давлат олий таълим ташкилотлари ва тиллар кесимида қабул параметрларини кўрсатиши керак бўлади.

Белгиланишича, 2025/2026 ўқув йилида давлат олий таълим ташкилотларига киришда тўплаган баллига нисбатан имтиёзга эга абитуриентлар танлаган бакалавриат таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш балли ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, тўплаган баллига мос равишда қўшимча давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, айни вақт Ўзбекистонда ОТМга кириш имтиҳонлари давом этмоқда. Жараён 24 июлгача бўлиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид