Ўзбекистон | 10:32
5947
3 дақиқада ўқилади

Олмазорда ҳавонинг «ўта хавфли» заҳарланиши. Водород пероксиди қандай модда?

Водород пероксидининг ҳавога тарқалиши саломатлик билан боғлиқ турли жиддий муаммоларини келтириб чиқариши мумкин. Ушбу кимёвий бирикма нафас йўлларини қитиқлайди, йўтал, томоқ оғриғи, кўнгил айниши ва бош оғриғига сабаб бўлади. Кўз ва тери билан контакт қилганда эса ҳатто куйишга ўхшаш аломатлар ҳам кузатилиши мумкин.

Фото: Видеодан кадр

21 июлга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида водород пероксиди заҳарли газсимон моддасининг ҳавога сизиб чиқиши кузатилди.

Air Tashkent хизматининг ҳаво сифати датчиклари соат 01:00 дан бошлаб Олмазор туманида ҳаво ифлосланишининг «хавфли» ва «ўта хавфли» даражада юқори ифлосланиш кўрсаткичларини қайд этган.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг эътибор қаратишича, платформа тунги соат 02:00 да атмосфера ифлосланиш индекс қийматини 500 кўрсаткичда тақдим этган. Бу «ўта хавфли» ҳаво ифлосланиш қийматидир. Олмазорликлар ҳавода туманга ўхшаш хиралик ва бурун худдики уксиз моддасини ҳидлагани каби жуда заҳарли ҳид билан тўқнаш келганини таъкидлашган.

Водород пероксиди (перекис) қандай модда?

Водород пероксиди — кучли оксидловчи хусусиятга эга бўлган кимёвий бирикма бўлиб, юқори концентрацияда инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради.

Бу модда одатда тиббиётда антисептик восита сифатида, саноатда эса оқартириш, тозалаш ва кимёвий реакция катализатори вазифасида қўлланади. Унинг ҳавога тарқалиши саломатлик билан боғлиқ турли муаммоларини келтириб чиқариши мумкин. Водород пероксиди буғлари нафас йўлларини қитиқлайди, йўтал, томоқ оғриғи, кўнгил айниши ва бош оғриғини келтириб чиқаради. Кўз ва тери билан контакт қилганда эса тирнаш, ҳатто куйишга ўхшаш аломатлар кузатилади.

Агар ҳаводаги концентрация юқори бўлса, узоқ муддат таъсир қилиш натижасида нафас йўллари яллиғланиши, ўпка фаолияти пасайиши, астма ва бронхит каби сурункали касалликлар кучайиши мумкин. Айниқса болалар, қариялар ва сурункали касалликларга эга шахслар учун бу ҳолат жуда хавфли ҳисобланади.

ФВВ текширув бошлади

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, Олмазор туманида жойлашган омборхонадан водород пероксиди моддаси очиқ ҳавога сизиб чиқиши кузатилган. Бу модда ҳавода бошқа элементлар билан реакцияга киришиб, заҳарли газсимон туман шакллантирган.

ФВВ соат 04:00 да модда сизиб чиқиши тўлиқ бартараф этилганини маълум қилган. Ҳозирда воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб бориляпти.

Аввалроқ, Қўқонда ҳам суюқ аммиак ҳавога сизиб чиқиши натижасида фавқулодда ҳолат юз берганди.

Мавзуга оид