Ўзбекистон | 23:35 / 21.07.2025
1035
2 дақиқада ўқилади

Президент энергия таъминоти узлуксизлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берди

Шавкат Мирзиёев 21 июл куни нефт-газ соҳасида хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган ишлар ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.

Тақдимотда мутасаддилар бошқа хорижий давлатлар билан мураккаб конларни ўзлаштириш, соҳани рақамлаштириш, талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш каби муҳим йўналишларда ҳамкорлик ишларининг бориши ва галдаги режалар юзасидан ахборот берди.

Президент истиқболли майдонлар бўйича аниқ лойиҳаларни шакллантириш, геология-қидирув ишларидан тайёр маҳсулот олишгача бўлган тўлиқ занжирни йўлга қўйиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Шу билан бирга, амалдаги хорижий ва қўшма корхоналарда янги бурғулаш усулларини қўллаш, қудуқларнинг самарадорлигини ошириш орқали нефт ва газ ҳажмини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Мутасаддилар бунинг учун етарли энергия ишлаб чиқариш, газ омборларида жамғариш ва мувозанатли етказиб бериш чоралари кўрилаётгани тўғрисида ахборот берди.

Хусусан, Таллимаржон иссиқлик электр станциясида 1 минг 65 мегаваттли иккита буғ-газ қурилмаси, Сирдарёда 1 минг 573 мегаваттли иссиқлик электр станцияси барпо этилмоқда. Уларнинг жами қуввати йилига 20 миллиард киловатт-соат бўлади.

Шунингдек, бу йил Тошкент, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жами 162 мегаваттли янги гидроэлектр станциялар ишга туширилади. Уларда йилига 648 миллион киловатт-соат электр ишлаб чиқарилади. Таъкидланишича, булар аввало халқ эҳтиёжи ва ўсиб бораётган иқтисодиёт учун қўшимча қувват бўлади.

Айни пайтда тегишли тармоқ ва подстанцияларни таъмирлаш ишлари ҳам бошланган. Иссиқлик станциялари барқарор ишлаши учун зарур ёқилғи, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар захиралари шакллантирилмоқда.

Йиғилишда соҳа инфратузилмасини изчил модернизация қилиб, энергия етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Мавзуга оид