Жаҳон | 18:58 / 21.07.2025
736
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда электрон сигареталар тақиқланди

Мамлакатда вейп ва бошқа никотин моддаси мавжуд маҳсулотларга қарши кураш чоралари кучайтирилди.

Қозоғистон президенти 2024 йил 19 апрелда имзолаган Қонунга мувофиқ, 20 июндан бошлаб электрон сигареталар, никотинли хушбўйлаштирувчи моддалар ва шунга ўхшаш никотинли маҳсулотларни олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотиш тўлиқ тақиқланди.

Қозоғистон Республикасининг «Аҳоли саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизими тўғрисида»ги Кодексининг 110-моддасига киритилган ўзгаришларга кўра, қуйидагилар тақиқланди:

- чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари;

- электрон истеъмол тизимлари (вейплар);

- вейп учун хушбўй моддалар ва суюқликлар;

- никотин ва қатрон миқдори белгиланган меъёрдан ошган тамаки маҳсулотлари ҳамда калян аралашмалари;

- санитария талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар.

Жиноят кодексига ҳам ўзгартишлар киритилиб, янги 301-1-моддага мувофиқ, тақиқланган маҳсулотларни сотиш ёки тарқатиш учун жавобгарлик белгиланди. Жумладан, қонунбузарларга жарима, 200 соатгача ахлоқ тузатиш ёки жамоат ишлари ёки 50 кунгача қамоққа олиш жазоси қўлланиши мумкин.

Тақиқланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки олиб кириш учун жарима ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум этиш (мол-мулкни мусодара қилиш билан) жазоси назарда тутилган.

Агар қонунбузарлик такроран ёки гуруҳ бўлиб содир этилган бўлса, жазо 5 йилгача озодликдан маҳрум этишгача кучайтирилади.

Аввалроқ, Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг муомаласини тақиқловчи қонун қабул қилинган эди. Бу маҳсулотларни муомалага киритиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ҳам белгиланмоқда.

Мавзуга оид