Ўзбекистон | 20:17 / 21.07.2025
1410
4 дақиқада ўқилади

Трансафғон темирйўлининг қиймати 4,6 млрд долларни, қурилиш муддати эса 5 йилни ташкил этиши мумкин

Ўзбекистон томони Трансафғон темирйўли қурилишини 6 ой ичида бошлаши мумкин, лойиҳани амалга ошириш муддати эса 5 йилни ташкил этиши кутиляпти. Биринчи босқичда янги темирйўл йилига 3 млн тоннага яқин юк ташиш имкониятини беради. 2035−2040 йилларга бориб ташиш ҳажми 15−20 млн тоннагача ўсиши прогноз қилиняпти.

Фото: AFP

Жорий йил 17 июл куни Кобулда Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон Термиз–Ноибобод–Майдоншаҳр–Логар–Харлачи йўналиши бўйича темирйўл лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини (ТИА) ишлаб чиқиш тўғрисида ҳукуматлараро битим имзолаганди.

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳаси тафсилотлари ҳақида маълумот берди.

У мазкур коридорни Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўл магистралидан кейинги «иккинчи йирик стратегик лойиҳа» сифатида таърифлади.

«Техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш бўйича келишув имзоланиши биринчи ва жуда муҳим қадамдир. Биз бунга кўпдан бери интилиб, тайёргарлик кўрганмиз. Доиравий битимнинг имзоланиши барча томонларга амалий қадамларга ўтиш имконини беради. Булар – техник-иқтисодий асосларни батафсил ишлаб чиқиш, ер ва геологияни ўрганиш, трассалаш, иқтисодий ва молиявий таҳлил. Шунингдек, лойиҳани нафақат ўзимиз, балки бутун дунё ҳамжамияти учун кўрсатиш ва асослаш имконини беради», - деди Чориев.

Транспорт вазири ўринбосарининг урғу беришича, Эрон ва Қора денгиз портларига чиқиш имконияти мавжуд бўлишига қарамай, Ўзбекистон учун денгизга энг қисқа йўл Трансафғон коридори ҳисобланади, у Покистондаги Карачи портларига олиб боради.

Биринчи босқичда янги темирйўл йилига 3 млн тоннага яқин юк ташиш имкониятини беради. 2035−2040 йилларга бориб ташиш ҳажми 15−20 млн тоннагача ўсиши прогноз қилиняпти.

Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темирйўлини Термиз–Найбабод–Майданшаҳр–Логар–Харлачи йўналиши бўйича ўтказиш режалаштирилган.

«Найбабод станцияси Ҳайратон ва Мозори-Шариф ўртасида жойлашган. Найбабоддан йўналиш шарққа бурилади, Логар ва Харлачидан ўтиб, Покистон темирйўл тармоғига туташтирилади. Покистон томонида Харлачини Кўҳот билан боғловчи 143 кмлик участка бор. Ҳозир Покистон ушбу участкада қурилишни бошлаган. У якунлангандан сўнг Пешовар, Лаҳор, Исломободга яқин бўламиз. Кейин йўл Мултон шаҳрига – йирик ўрта марказга, у ердан эса Карачига олиб боради. Покистон ҳозир ушбу йўналишларда ўз темирйўл инфратузилмасини модернизация қилмоқда», – деди Чориев.

Ўзбекистон темирйўл қурилишини олти ой ичида бошлаши мумкин, лойиҳани амалга ошириш муддати эса беш йилни ташкил этиши кутиляпти.

Йўлнинг умумий узунлиги 647 километрни ташкил этади. 5 миллион иш ўрни яратилиши, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш муддати 35 кундан 3−5 кунгача қисқариши кутилмоқда. Дастлабки баҳога кўра, лойиҳа қиймати 4,6 млрд долларни ташкил этади.

Маълумот учун, биринчи марта 2018 йилда таклиф этилган Трансафғон темирйўли лойиҳаси Ўзбекистондаги Термиз шаҳрини Афғонистоннинг Мозори-Шариф ва Кобул шаҳарлари билан, сўнгра Покистоннинг Пешовар шаҳри билан боғлашга қаратилган. Қурилиш тугаллангач, темирйўл Афғонистон орқали 700 километрдан ортиқ масофага чўзилиб, Марказий Осиё ва Арабистон денгизи ўртасида тўғридан тўғри қуруқлик йўналишини яратади. Лойиҳа қиймати дастлаб 5 млрд долларга баҳоланган, кейинроқ бу рақам 7 млрд долларга оширилганди.

Мавзуга оид