Ўзбекистон | 08:51
913
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Беларусдаги туризм элчиси тайинланди

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Якуб Колас номидаги Давлат адабий-мемориал музейи билан ҳамкорликда "Ўлка – Ўзбекистоннинг дўсти" мавзусида маданий тадбир ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Тадбир аввалида Василина Мицкевичга Ўзбекистоннинг туризм элчиси этиб тайинлангани тўғрисидаги сертификатни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

– Ўзбекистоннинг туризм элчиси лавозимига муносиб кўрилганимдан жуда хурсандман, – деди Якуб Коласнинг эвараси, музей фондларининг бош сақловчиси Василина Мицкевич. – Фаолиятимда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашни мақсад қилганман. Ўз кўзларим билан кўрган ва билган кўп асрлик тарихга эга Ўзбекистоннинг гўзаллиги ва бетакрорлигини ҳамюртларимга етказишда давом этиб, сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ҳисса қўша оламан деб умид қиламан. Ўзбекистон элчихонаси билан биргаликда амалга оширадиган аниқ режаларни белгилаб олганмиз. Уларни биргаликда, албатта амалга оширамиз.

Тадбир давомида "Беларусфилм" киностудияси томонидан суратга олинган атоқли шоир Якуб Коласнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда ўтказган йилларига бағишланган "Ташкентская торба" номли ҳужжатли филмнинг премераси бўлиб ўтди. "Ташкентская торба" ноёб ҳужжатли филм бўлиб, ушбу картина икки мамлакат ижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган.

Ўзбекистон элчиси Раҳматулла Назаров ўз чиқишида, Якуб Колас ўзбек халқининг ҳам севимли шоири эканлигини таъкидлади. "Чунки Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида Якуб Колас Ўзбекистонга яшади ва юртимизни ўз ватанидек кўрди, – деди Ўзбекистон расмий вакили. – У бутун умри давомида ўзбек халқи кўрсатган бағрикенгликни, чин инсоний муносабатларни тараннум этди. Адиб икки ярим йил Тошкентда яшади ва кўплаб ўзбек ёзувчилари билан дўстона муносабатларни ўрнатди. Таниқли беларус шоири мамлакатларимиз ўртасидаги адабиёт ва маданият соҳаларидаги муносабатларни мустаҳкамлашда ҳам улкан ҳисса қўшди".

Анжуман давомида музей меҳмонлари кўплаб қизиқарли экспонатларни кўришга муваффақ бўлишди. Жумладан, Якуб Колас Ўзбекистондан ўзи билан олиб келган анжомлар, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкентда нашр этилган китоблар намойиш этилди.

Мавзуга оид