Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина ва Россия делегациялари шу ҳафта Истанбулда учрашиши кутилмоқда
Кремл бўлажак музокаралардан «катта ютуқ» кутмасликка чақирмоқда.

Фото: Getty Images
Украина президенти Володимир Зеленский Россия билан бўлажак музокаралар учун делегацияга Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров бошчилик қилишини маълум қилди.
Зеленский ўз телеграм-каналида Умеров ҳамда президент девони раҳбари Андрей Ермак билан учрашуви якунлари бўйича Украина делегацияси таркибига разведка, Ташқи ишлар вазирлиги ва президент идораси вакиллари ҳам кириши ҳақида ёзди. Унинг қайд этишича, Украина асирларни озод қилиш масаласида ва «ушбу урушни амалда якунлаш» учун бўлажак олий даражадаги учрашув масаласида «максимал даражада самарали ишлаш»га тайёр.
«Украина ҳеч қачон бу урушни хоҳламаган ва айнан Россия ўзи бошлаган урушни якунлаши керак», – дея таъкидлади Зеленский.
Бундан олдинроқ Зеленский Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг янги босқичи 23 июн, чоршанба куни бўлиб ўтишини айтган эди. Москвадагилар ҳали учрашув санасини расман тасдиқламади, ТАСС давлат ахборот агентлиги манбаси музокаралар 24-25 июл кунлари бўлиб ўтиши мумкинлигини билдирган. Бугун Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳукумати «шу ҳафта»да музокаралар ўтказилишига умид қилаётганини айтди. «Биз тайёр бўлишимиз биланоқ, муддатлар бўйича хабар берамиз», – деди у.
Песков, шунингдек, музокараларнинг кейинги босқичидан ҳеч қандай «катта ютуқ» кутмасликка чақирди ва келишув мавзуси «мураккаб» эканини айтди. «Мўъжизалар даражасидаги ютуқларга умид қилишга, албатта, ҳеч қандай сабаб йўқ, бунинг иложи бўлмаса керак», – деди Кремл вакили ва алмашинувлар бўйича келишувларга эришишни ҳам «самарадорлик» деб ҳисоблаш мумкинлигини таъкидлади. Песков Москва бундан кейин ҳам ўз манфаатларини таъминлаш ва «аввалбошидан қўйилган вазифаларни бажариш» ниятида эканини қайд этган.
Россия ва Украина 16 май ва 2 июн кунлари Истанбулда музокараларнинг икки раундини ўтказганди. Ушбу учрашувлар натижасида томонлар асирлар ва ярадорларни алмашиш, шунингдек, ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини топширишга келишиб олди. Бундан ташқари, иккинчи учрашувда Москва ва Киев вакиллари ўт очишни тўхтатиш бўйича ўз шартларини баён қилган меморандумларни алмашди.
Июн ойидаги учрашувдан сўнг музокара гуруҳлари тез орада яна учрашиши тахмин қилинганди, аммо бу амалга ошмади. Россия июл ойи бошидан бери янги учрашувлар ўтказилмагани учун жавобгарликни Украинага юклай бошлади. Хусусан, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москва июн ойида музокараларнинг янги раундининг аниқ санасини таклиф қилгани, бироқ жавоб олмаганини таъкидлади
Володимир Зеленский ўтган ҳафтада ҳукуматни истеъфога чиқарди, хусусан, май ва июн ойларидаги музокараларда украин делегациясига раҳбарлик қилган Рустем Умеров мудофаа вазири лавозимини тарк этди. Шундан кейин Зеленский Умеровни Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари этиб тайинлаб, унга Москва билан «музокара трекини фаоллаштириш» вазифаси қўйилганини маълум қилди. Украина президенти 19 июл куни Киев Москвага музокараларнинг янги раундини ўтказиш таклифини билдирганини айтди.
Мавзуга оид

23:01 / 22.07.2025
АҚШ Трампнинг янги муддати давомида Украинага биринчи ҳарбий ёрдам шартномасини эълон қилди

14:15 / 22.07.2025
Киевда «ФСБ агенти»нинг қўлга олиниши: СБУ ва НАБУ турлича баҳо берди

13:53 / 22.07.2025
Германия ва Норвегия Украина учун ҳаво мудофаасига биргаликда тўлайди

09:36 / 22.07.2025