Жаҳон | 07:40 / 25.07.2025
1846
2 дақиқада ўқилади

Писториус АҚШдан Patriot'ни алмаштириш бўйича мажбурият кутмоқда

АҚШ янги Patriot тизимларини Украинага ўз тизимларини жўнатаётган давлатларга ўтказишга тайёрлигини тасдиқлаши керак, деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари.

Фото: Dominika Zarzycka/NurPhoto/picture alliance

Германия мудофаа вазири Борис Писториус Вашингтонни Украинага юбориладиган Patriot ҳаво мудофаа тизимларини тезда алмаштириш мажбуриятини олишга чақирди. НАТО АҚШга Patriot'ни топширган давлатлар «бир неча ой ичида янги тизимларни олиши кераклигини» тушунтириши керак, деди Писториус Der Spiegel журналига берган интервюсида.

Германия Мудофаа вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, у Америка зенит-ракета тизимлари ишлаб чиқарувчиси раҳбарияти билан «интенсив музокаралар» ўтказган ва унинг давомида «ишлаб чиқариш ва етказиб беришни янада тезлаштиришни талаб қилган». «Бизнинг хавфсизлигимиз ва иттифоқчиларимизнинг хавфсизлигига хавф соладиган катта бўшлиқлар бўлмаслиги керак», деб таъкидлади Писториус.

Аввалроқ Германия мудофаа вазири Бундесвер қўшимча Patriot тизимларини Германия Қўшма Штатлардан зудлик билан қабул қилган тақдирдагина ўз арсеналидан бериши мумкинлигини бир неча бор аниқ таъкидлаган эди. Бу, хусусан, «доимий машқлар ўтказиш» имкониятини таъминлаш учун зарур, бу камида минимал миқдордаги Patriot'ни талаб қилади, дея қўшимча қилди Писториус.

Немис вазири таъкидлаганидек, де-факто Германияда ўн иккитадан атиги олтита Patriot тизими қолган. Учта тизим аллақачон Украинага ўтказилган, иккитаси Полшада жойлаштирилган, яна бири Бундесвер ва Украина ҳарбийлари томонидан ўқув мақсадларида фойдаланилмоқда.

Мавзуга оид