Жамият | 20:44 / 28.07.2025
7471
5 дақиқада ўқилади

Ангрен воқеаси: педофилия қурбони бўлган ўсмир қиз қонун ҳимоячиларига яна кўзгу тутди

14 ёшли қизнинг мунтазам зўрланиб, реанимацияга тушганидан сўнггина фожиадан хабардор бўлган жамият, Хоразмдаги етим қизлар ишида шартли жазо тайинлаган суд, қоғозда қолган қонунлар... Бу ҳолатлар Ўзбекистонда болалар қандай даражада ҳимоясиз эканини яққол кўрсатмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ангрендаги фожиа — бундан кўзимиз очилмайдими?

14 ёшли қизнинг ота-онаси айрим сабабларга кўра фарзандининг ҳаётини назоратсиз қолдирган, у кекса бувиси қарамоғида яшайди. Унинг ҳаёти, жисми ва руҳияти тўрт шахс томонидан оёқости қилиниши бир неча ойлаб давом этган. Аммо ҳеч ким бу ҳолатдан хабардор бўлмади. Сабаби аниқ — бу боланинг ортида уни ҳимоя қилувчи, жавобгарликни талаб қиладиган ҳеч ким йўқ эди.

Бу — биринчи марта эмас.

Хоразмда етим қизлар зўрланиши – ўхшаш воқеалар

2023 йилда Хоразмда меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 15–17 ёшли қизлар бир неча ой давомида давлат хизматчилари томонидан зўрлангани маълум бўлган эди. Судда уларга шартли жазо тайинланди. Прокуратуранинг “қизлар ўз хоҳиши билан рози бўлгани” ҳақидаги иддаоси ҳайратланарли бўлди. Жамоатчиликнинг кескин норозиликлари ортидан уларнинг иши қайта кўриб чиқилиб, малакаланди. Қизларнинг тақдири, келажаги ва руҳий аҳволи эса ҳеч кимни қизиқтирмади. Бу икки ҳолатни бир-бирига боғлайдиган ягона умумий нуқта — жабрланувчиларнинг ҳимоясизлиги.

Нега биз хотиржаммиз?

2023 йил апрелда қабул қилинган янги қонунда болаларга нисбатан зўравонликларга жазо бироз кучайтирилди ва Ўзбекистонда ҳам педофиллар реестри юритиладиган бўлди. Бу тизим ишга тушса педофиллар ҳақида хабардор ва огоҳ бўлишимиз мумкин эди. Аммо ҳануз бу масала очиқлигича – қонунда ва қоғозда қолмоқда.

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари педофилларга кимёвий кастрация қўллаб, бундай жиноятлар хавфини кескин камайтираётган бир пайтда биз атрофимиздаги педофиллар ҳақида маълумотга ҳам эга эмасмиз. Бу усул ҳатто қўшни Қозоғистонда ҳам қонун доирасида қўлланади. Хитой, Яқин Шарқ, Африка, Лотин Америкаси, Эрон, Жанубий Корея ва Саудия Арабистонида болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун ўлим жазоси бор.

Бизда эса педофиллар маҳалласи, манзили ва шахси сир сақланади. Улар бугун 14 ёшли қизни зўрлади — эртага бошқасини зўрлаши мумкин.

Рақамлар нима дейди?

2024 йилда Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик бўйича қайд этилган ҳолатлар:

  • 412 нафар бола — жинсий зўравонликдан жабрланган;
  • 1 028 нафар бола — жисмоний зўравонликка учраган;
  • 929 нафар бола — руҳий босим остида яшаган;
  • 106 нафар бола — катталарнинг бефарқлиги сабаб ҳимоясиз қолган.

Бу расмий статистика. Аммо биз яхши биламиз — бу фақат қайд этилган, иш очилган ҳолатлар. Қанчаси сирлигича қолмоқда?

Масъуллар нима қиляпти?

2025 йил 15 майдан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Унда жамиятда болаларга нисбатан зўравонликка бўлган муросасизлик муҳитини яратиш қайд этилган, бу бўйича бир қатор юқори ташкилотларга ваколат ва мажбуриятлар берилган эди. Болаларни фақат жисмоний ва жинсий эмас, руҳий босим, эътиборсиз қолдиришдан, ғамхўрлик қилмасликдан ва буллингдан ҳимоя қилиш назарда тутилган қонун айни Ангрен воқеаси каби ҳолатларнинг олдини олишда аҳамиятлидир.

Лекин бир савол қолади: қонун кучга кирди — амалда-чи? Болалар ҳали ҳам реанимацияга тушганидан кейингина ҳуқуқни таъминлайдиган идоралар қулоғига етиб боряпти.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова боланинг хасталиги жиноят билан боғлиқ эмаслигини маълум қилиб, болани ҳимоялаш ва реабилитация қилиниш чоралари кўрилаётганини айтди. Аммо ҳолатнинг бу қадар аянчли вазиятгача етиб боришининг ўзи ачинарли масала.

Қачон биз “унинг ўрнида менинг болам бўлса-чи?” деган хавотирга тушамиз?

Биз қачонки педофилни ҳимоя қилувчи суд, жамият ва қонунни эмас, болани ҳимоя қилувчи тизимни яратмасак, бундай зўравонликлар давом этаверади.

Юқоридаги каби жиноятлар ортидан жавобгарлик қатъийлашмас экан, педофиллар жазодан қўрқмайди. Ҳимоясиз болалар эса уларнинг ўлжасига айланаверади. Зеро, Ўзбекистонда меҳнат миграцияси каби сабаблар ортидан қаровсиз ёки ота-онаси ёнида бўлмаган болалар сони анчагина.

Савол юзага келади: яна нечта бола қурбон бўлиши керакки, қонунлар устувор, жамият уйғоқ, болалар хавфсиз бўлиши учун...

Мавзуга оид