Ўзбекистон | 14:09
14193
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ноқонуний қурилган 12 қаватли машҳур бинони бузиш бошланди

Самарқанд шаҳрида фуқаро Фурқат Халилов томонидан қурилган ва мутахассислар томонидан сейсмик хавфли деб топилган 12 қаватли ностандарт иморатни бузиш бошланди: бу ҳақдаги суд қарорини ижро этишга киришилган. Халилов ижтимоий тармоқларда кўзёши билан чиқиш қилди. У аввалроқ Kun.uz'га берган интервюсида қурилишга 3 млн доллар сарфлаганини айтганди.

Фото: Kun.uz

Бино қурилиши 2012 йилда, ҳеч қандай архитектура рухсатномаси, сейсмик ва геология хулосаларисиз, хусусий тартибда қурилиши бошланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бино қурилиш меъёрларига жавоб бермайди, хавфли ва сейсмик жиҳатдан етарли даражада барқарор эмас.

2022 йил май ойида ўтказилган техник экспертиза натижасида бинони таъмирлаш иложсиз, уни тўлиқ бузиш лозимлиги ҳақида хулоса берилган. Шундан сўнг, ўша йил июл ойида суд қарори билан иншоотни ўз ҳисобидан бузиш Фурқат Халиловнинг зиммасига юклатилган.

Фурқат Халилов

Аммо суд қарори узоқ вақт ижро қилинмай қолган. 2023 йилда эса бинонинг биринчи қаватида ноқонуний қаҳвахона очилиб, бу ҳолат жамоатчиликда яна муҳокамаларга сабаб бўлганди.

2025 йилда давлат ижро органлари суд қарорини бажаришга киришди. Айни пайтда махсус техникалар жалб этилган, бино қисмларининг бузилиши бошланган.

Бино соҳиби Фурқат Халилов сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда яна мурожаат билан чиқди. У 10 йилдан ортиқ меҳнати ва киритган сармояси йўққа чиқмоқда, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид