Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоийда атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташланмалар чиқарган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди – Эковазирлик
Экология вазирлигига кўра, ўрганиш давомида 20 дан ортиқ корхоналар фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган. Рўйхатда ғишт, шифер, бетон плита, оҳак заводлари, кимёвий моддалар сақлаш омбори, сутни қайта ишлаш, фосфорли ўғит ишлаб чиқариш корхоналари бор. “Навоийазот” ҳам жарима ва компенсация тўловларига тортилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун 10 кун муддат белгиланган.

Фото: Экология вазирлиги
Навоийда атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташланмалар чиқарган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, вазирлик раҳбариятидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда Навоий шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавоси ифлосланиши сабабларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларга нисбатан таъсирли чора кўриш бўйича ўрганиш ўтказилмоқда. Ўрганиш Экология вазирининг қатъий топшириғига кўра иккита йўналишда — Навоий шаҳрида кузатилган оқ тутун манбасини аниқлаш ҳамда шаҳарда саноат ташланмалари билан боғлиқ умумий экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида олиб борилмоқда. Қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан кескин чоралар кўрилмоқда.
Биринчи ҳолатда 19 июл куни Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосининг оқ тутун билан ифлосланиши бўйича лаборатория таҳлиллари ва бошқа маълумотлар тўпланган. Навоий шаҳри ҳудуди бўйлаб 11 та нуқтадан кўчма лаборатория орқали ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинганда олтингугурт икки оксиди (SO₂) белгиланган меъёрдан 1,86 баравар, аммиак (NH₃) эса 1,43 баравар юқори экани маълум бўлган.
Шу куни соат 5:30 да (собиқ “Электрокимё” заводи худудида) “Sogda kimyo zavod”, “Ferrosplav” ва “Zarafshon industrial technology” МЧЖлар заводларига туташ ҳудудда қисқа вақтнинг ўзида концентранланган ташланма шакллантирилган видеотасмаси далил сифатида расмийлаштирилган.
Ушбу корхоналарни текшириш давомида:
— “Sogda kimyo zavod” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосасини олмасдан фаолият юритаётгани, ўз ҳудудида бетартиб чиқиндихона яратгани ҳамда қуриши жараёнида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларини ҳудудидан ташқарида жойлаштиргани, зарарли моддалар очиқ ҳовузда сақланаётгани, зарарли моддаларни эритиш жараёнида ҳосил бўлган кислотали сувлар очиқ релефга ташлангани, атмосфера ҳавосига назоратсиз ташланмалар чиқараётгани аниқланган. Атроф-муҳитга етказилган зарар учун жами 7 млрд 382 млн сўм тўловлар белгиланган;
— “Ferrosplav” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосаси олмасдан фаолият юритаётгани, хомашёни эритишдан ҳосил бўлаётган ифлослантирувчи моддалар атмосферага чиқарилаётгани ва саноат чиқиндилари бетартиб тўпланаётгани аниқланган;
— “Zarafshon industrial technology” МЧЖ эса давлат экологик экспертизаси хулосасида белгиланган талабларни бажармагани, рухсат этилган меъёрдан водород сулфид 25 баравар, азот оксиди 12 баравар, аммиак 7 баравар, олтингугурт қўш оксиди 2,6 баравар, водород сулфид 40 баравар юқори экани ва олтингугурт сақлаш омборхонасида зарарли моддаларни сақлаш талабларига риоя этилмагани аниқланган.
Мазкур саноат корхоналари атроф-муҳитни экологик нормативдан ортиқ даражада ифлослантиргани ва белгиланган қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилгани сабабли Экология вазирлиги томонидан уларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган. Мазкур корхоналарга экологик тадбирларни амалга ошириш учун 10 кун муддат берилган. Ушбу муддат ичида корхоналар ўз фаолиятини экологик талабларга мослаган ҳолда йўлга қўймаса, судга тегишли равишда уларнинг фаолиятини тугатиш бўйича даъво аризалари киритилиши белгиланган.
“Иккинчи ҳолатда, Навоий шаҳрида умумий экологик вазиятни ўрганиш ва яхшилаш бўйича 3 та гуруҳ шакллантирилиб, шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 168 та саноат корхонаси фаолияти ўрганилмоқда.
Бугунга қадар 42 та корхона ўрганилиб, экология соҳасидаги қонун талабларига риоя этмаган мансабдор шахсларга нисбатан жарима чораларини қўллаш учун суд органларига материаллар тайёрланди.
Шу билан бир қаторда ўрганиш давомида 22 корхона – “Қурилиш маҳсулотлари” (ғишт заводи), “Навоий глобал транс сервис” (гранит), “Иттифоқ” (ғишт заводи), “Қизилқум темир бетон” (плита), “Қизилқум шифер” (шифер), “Стройком-77” (бўёқ пегменти), “Кармана кварс” (оҳак заводи), “Навоий утил мед” (тиббиёт чиқиндиларни ёқиш), “Навоий асир инвест” (кимёвий моддалар сақлаш омбори), “Барно” (қурилиш чиқинди полигони), “Навоий шебен хомашё” (оҳак ва тош майдалаш цехи), “Навоий шебен хомашё” (оҳак завод), “Навоий асир инвест савдо” (сирка кислотаси омборхонаси), “Монтаж сервис маликработ” (металлга ишлов бериш), “Карманасут” (сутни қайта ишлаш), “Алибобо-2020” (темир эритиш), “Фосхим агро” (фосфорли ўғит ишлаб чиқариш), “Жаҳон бизнес барака сервис” (оҳак цехи), “Рубин-Кармана” (асфалт заводи), “Согда кимё завод” (кимёвий ўғит ишлаб чиқариш), “Ферросплав” (металл эритиш) МЧЖлар, “Парда бобо устахонаси” (бетон блок) фаолияти экологик экспертизадан ўтказилмагани, атмосфера, ер ва сув муҳофазаси билан боғлиқ талаблар қўпол равишда бузилгани, бетартиб чиқиндихоналар яратилгани сабабли уларнинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу корхоналарга ҳам 10 кунлик муддат берилди. Камчиликларини бартараф этмаган 19 та корхоналарнинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилди” дейилади вазирлик хабарида.
Бундан ташқари, “Навоийазот” фаолияти ўрганилганда, корхона ҳудудида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндилари белгиланмаган жойларда сақлаб келингани, қурум чиқиндиси ёқиб юборилиши оқибатида атмосфера ҳавоси ифлослантирилгани аниқланган.
Шунингдек, 29 июл куни корхонанинг карбамид цехида олинган таҳлил натижасида аммиак белгиланган меъёридан 1,08 маротаба юқорилиги, 29 июлдан 30 июлга ўтар кечаси “Навоийазот” АЖ атрофида ўтказилган таҳлиллар натижасида соат 23:43 да шарқий ҳудуд атрофида аммиак моддаси миқдори 1,5 марта, водород сулфиди 36 марта, соат 00:16 да ғарбий ҳудуд атрофида аммиак моддаси миқдори 6,6 марта, водород сулфиди 1,4 марта, олтингугурт тўрт оксиди моддаси 1,2 марта меъёрдан юқори чиқиши ҳолати аниқланган.
Оқибатда корхона жарима ва компенсация тўловларига тортилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун 10 кун муддат белгиланган.
Жорий йилнинг 24 июл куни тунги вақтда ўтказилган тезкор назорат тадбири даврида Навоий шаҳрига чегарадош Кармана туманининг тоғли ҳудудида 24 нафар фуқаро томонидан тегишли рухсатномаларсиз, экологик меъёрларга мутлақо зид бўлган ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш фаолияти олиб борилаётгани, натижада атмосфера қора тутун ва чанглар билан ифлослантирилаётгани аниқланган. Оқибатда жами 24 нафар фуқарога нисбатан 18 млн сўм жарима белгиланган ҳамда ноқонуний қурилмалар бузиб ташланган.
Қайд этилишича, Навоий шаҳри бўйлаб ўрганишлар давом этмоқда. Ўрганишлар натижаси бўйича Навоий шаҳри атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтиришда ҳар бир корхона кесимида амалга оширилиши лозим бўлган экологик тадбирлар дастури шакллантирилади ҳамда тасдиқлаш учун маҳаллий кенгашга киритилади.
Эслатиб ўтамиз, 13, 19, 21 ва 22 июл кунлари Навоий шаҳрини ўткир ҳидли қалин тутун қоплаб, одамларда йўтал ва бошқа асоратларни келтириб чиқарган. “Навоийазот” бир неча бор баёнотлар бериб, бу тутунга заводнинг алоқаси йўқлигини маълум қилди. Заводда ўрнатилган камера тасвирларидан чангсимон тутун собиқ электрокимё заводи ўрнида қурилган корхоналардан чиқаётганини кўриш мумкин. Вилоят Экология бошқармаси аввалига ҳолат бўйича “Навоийазот”ни айблаётган эди, лекин компаниянинг қатъий раддияларидан кейин экология органи асл сабабчиларни қидиришга киришганди.
Мавзуга оид

16:21 / 28.07.2025
“Иқтисодни халқ саломатлигидан устун қўйишмасин” – заҳарланаётган навоийликлар ҳақида суҳбат

12:28 / 28.07.2025
Чирчиқ дарёсида қум-шағални ноқонуний қазиб олган мансабдор 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

22:40 / 26.07.2025
iPhone ва автосуғуртада янги нархлар, Навоийда қалин смог — ҳафта дайжести

11:23 / 25.07.2025