Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистонга бож, Хитой қурувчи АЭС, давлат назоратидаги гўшт ва Афғонистонда «свет» муаммоси
Қирғизистонда энди давлат гўшт нархлари устидан назоратни қўлга олади. Қозоғистонда иккинчи ва учинчи АЭСларни Хитой қуриши эълон қилинди Туркманистоннинг Арқадағ шаҳрида янги кўприк очилган, унинг устидан биринчи бўлиб келин-куёв ўтказилди. Тожикистон импортга қарамликни тўхтатмоқчи, давлатда гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш кўпайган. АҚШ Қозоғистонга 25 фоизлик савдо божлари жорий қилди. Афғонистон пойтахтида свет муаммоси, Кобулда бир кунда 18 соатгача электр узилмоқда.

Қозоғистонда Хитой иккита АЭС қуради
Қозоғистон биринчи АЭСни қуришни Россияга топширганидан хабарингиз бор. Энергетик иншоотни қуриш истагида бўлган таклифчи беш давлат ичида Хитой ҳам бор эди. Маълум қилинишича, Хитой Қозоғистондаги иккинчи ва учинчи АЭСни қуради. Буни Қозоғистон ҳукумати ҳам тасдиқлади.
Бош вазир ўринбосари Роман Склярга кўра ҳозирда Хитой қурадиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ва лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Шунинг учун қурилишнинг аниқ нархи ҳали номаълум бўлиб турибди.
Ҳукуматлараро келишув ва ҳамкорлик шакли бўйича барча масалалар музокара босқичида, кейинчалик улар парламентда тасдиқланади, деди Қозоғистон ҳукумати раҳбарининг биринчи ўринбосари.
Ҳозирда мутахассислар станциялар жойлашадиган ҳудудларни ўрганяпти. Бунда сув таъминоти ва электр энергияси манбаларининг мавжудлиги муҳим мезон бўлади.
Лойиҳани амалга оширувчи Хитой компаниясининг номи ҳали расман ошкор этилмаган. Бироқ катта эҳтимол билан бу ишларни илгари «Росатом» билан биргаликда консорциумларга раҳбарлик қилган China National Nuclear Corporation бажариши мумкин.
Қозоғистонда биринчи АЭС қуриш тўғрисидаги қарор 2024 йилги референдумда қабул қилинган эди. 2025 йилнинг июн ойида Атом энергияси агентлиги учта станциянинг биринчисини «Росатом» қуриши ҳақида хабар берган.
Объектни Олмаота вилоятида жойлаштириш мўлжалланган. Уни 2035-2036 йилларда ишга тушириш режалаштирилган. 2035 йилга бориб Қозоғистон ҳукумати 2,4 гигаватт ядровий қувватни таъминлашни мақсад қилган.
Дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчиларидан бўлган Қозоғистон ҳозирда ўз атом электр станцияларига эга эмас ва ядровий цикл маҳсулотларини истеъмол қилмайди. Бироқ унинг конларидаги уран захиралари дунё захираларининг тахминан 15 фоизини ташкил этиб, фақат Австралиядан кейин иккинчи ўринда турибди.
АҚШ Қозоғистонга бож белгилади
Трамп Қозоғистон товарларига 25 фоизлик бож белгилади. АҚШ президенти 60 дан ортиқ давлатнинг товарларига 15 фоиздан 41 фоизгача бож жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Оқ уйга кўра, фармон 31 июл куни имзоланган бўлиб, 7 августдан кучга киради. Қозоғистон маҳсулотларига 25 фоизлик импорт божи белгиланган. Энг юқори тарифлар Сурияга 41 фоиз, Лаос ва Мянмага 40 фоиз, шунингдек, Швейцарияга 39 фоиз белгиланди.
Европа Иттифоқи, Япония ва Жанубий Корея учун эса 15 фоизлик қўшимча бож жорий қилинади. Рўйхатда кўрсатилмаган давлатлар учун эса ягона 10 фоизлик тариф амалда бўлади.
Оқ уйга кўра, бу чоралар “америкалик ишчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва глобал савдо тизимини қайта ташкил этиш”га қаратилган.
АҚШ президенти 7 июл куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга мактуб йўллаганди. Унда АҚШ 1 августдан бошлаб Қозоғистондан импорт қилинадиган барча маҳсулотларга 25 фоизлик бож жорий этаётгани эълон қилинган.
Трамп АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги савдо алоқаларини муҳим ва барқарор деб атаб, савдо балансидаги салбий кўрсаткичларга қарамай, ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини айтган.
Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги баёнотига кўра, янги божлар АҚШга экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг тахминан 95 фоизига таъсир қилмайди. Шунингдек, нефт, уран, кумуш, тантал ва титан каби асосий хомашё ва стратегик товарлар бождан озод этилган.
Қирғизистонда гўшт нархини давлат назорат қилади
Қирғизистонда гўшт нархлари 100 минг сўмга яқинлашгач, энди давлат нархларни тартибга солиши эълон қилинди. Расмийларга кўра, ушбу чора-тадбирлар гўшт нархи кескин ошишининг олдини олиш, чорва молларининг чегарадан ноқонуний олиб чиқилишига қарши назоратни кучайтириш, чорва экспортига миқдорий чекловлар жорий этиш учун амалга оширилмоқда.
Антимонополия хизматига мамлакат бўйлаб гўшт нархларини доимий мониторинг қилиш ва таҳлил этиш топширилган. Хусусий тадбиркорлар устидан ҳам ветеринария-санитария назорати кучайтирилади. Чегарадаги контрабанда ҳолатларининг олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар кўрилади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Қирғизистонда гўшт нархлари ошишда давом этмоқда. 29 июл ҳолатига кўра, мол гўштининг энг юқори нархи Норин шаҳрида қайд этилган. Бу ерда 1 кило мол гўшти ўртача 700 сом (тахминан 100 минг сўм) атрофида сотилмоқда.
Қўй гўшти энг қиммат бўлган ҳудудлар — Норин ва Раззақов, бу ерда ҳам нарх 1 кило учун 700 сомни ташкил этади. От гўшти эса Ўзган ва Тўқмоқ шаҳарларида қиммат — ўртача 650 сом, яъни ўзбек сўмида 94 минг сўмдан сотилмоқда.
Халқаро интернет трафигига давлат монополияси ўрнатилди
Қирғизистонда халқаро интернет трафигига давлат монополияси ўрнатилади. Республика президенти Садир Жапаров мамлакатда халқаро интернет трафигини узатиш ва йўналтириш устидан тўлиқ, яъни 100 фоизлик давлат монополияси қўлланишини маълум қилди. У мазкур чора борасида фармон имзолаган, ҳужжат 2025 йил 15 августидан 2026 йил 14 августигача амал қилиши билдирилди. Фармонга кўра,
- ЭлСат давлат компанияси Қирғизистонда халқаро интернет трафигини етказиш, узатиш ҳамда мамлакат орқали халқаро маълумотлар транзитини амалга ошириш бўйича якуний қарорлар чиқаради;
- ҳозирда халқаро трафик билан ишлаётган барча телекоммуникация операторлари ва интернет-провайдерлар 2 ой ичида ЭлСат билан ҳамкорликка оид шартномалар имзолаши мажбурий;
- давлат Акнет компаниясининг 100 фоиз акцияларини ЭлСат тасарруфига ўтказади. Бу чора компаниянинг техник имкониятларини мустаҳкамлашга қаратилган;
Хўш, давлат монополияси кимга керак? Расмийларнинг тушунтиришича, рақамли ва телекоммуникация инфратузилмасини самарали бошқариш, интернет трафикни тартибга солиш ва алоқа сифатини яхшилаш мақсадида ушбу қарор қабул қилинган. Бироқ айрим экспертлар бу чора интернет эркинлигига таъсир кўрсатишидан хавотир билдирди.
Тожикистон импорт қарамлигидан қутулмоқчи
Тожикистонда гўшт ва тухум етиштириш сезиларли даражада ошди. Ҳукумат импорт қилинадиган гўшт ва сут маҳсулотларига қарамликни камайтиришни мақсад қилган ва бунинг учун тинимсиз ҳаракат қилмоқда. Президент ҳузуридаги статистика агентлигига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида тирик вазнда 98,8 минг тонна гўшт етиштирилган, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 11,8 фоизга кўпдир. Асосий ҳажм аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликлари томонидан таъминланган. Вилоятлар кесимида гўшт етиштириш бўйича Хатлон вилояти 46,6 фоиз улуш билан етакчилик қилмоқда.
Товуқ тухумини ишлаб чиқаришда ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. 2025 йилнинг олти ойида Тожикистонда 669,2 миллион дона тухум олинган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,2 фоизга кўп бўлди.
Сут ишлаб чиқариш ҳам ўсди: 2025 йилнинг биринчи ярмида 436,9 минг тонна сут ишлаб чиқарилди. 92 фоиз ишлаб чиқарилган сут аҳолининг сигирлари ҳиссасига тўғри келади. Сўғд ва Хатлон вилоятлари умумий ҳажмнинг қарийб 39 фоизини бермоқда.
Ҳукумат прогнозларига кўра Тожикистон 2026-2028 йилларда чорвачиликнинг барча асосий йўналишларида ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлайди. Ижобий динамика озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва импортга қарамликни камайтиришга ёрдам беради.
2028 йилга бориб гўшт етиштириш 481 минг тоннага, жумладан, парранда гўшти 69 минг тоннага етиши кутилмоқда. Тухум ишлаб чиқариш 1,462 миллиард донага, сут 1 миллион 349 минг тоннагача ошади. Шундай қилиб, Тожикистон импорт ўрнини маҳаллий маҳсулотларига тўлдирмоқчи.
Туркманистонда кўприк очилди
Арқадағ шаҳрида Гўкдепе ва Кеймир Кер хиёбонлари чорраҳасида қайта тикланган кўприкнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Жамики туркман нашрлари бу ҳақида материалларини эълон қилишди. Очилиш маросими кўплаб шаҳар аҳолиси иштирокида байрамона руҳда ўтгани айтилмоқда. Кўприкнинг умумий узунлиги 627 метр, кенглиги 29,5 метр ва баландлиги 9 метрни ташкил қилади.
Маросим давомида тинчлик тимсоли сифатида осмонга шарлар ва оқ каптарлар учирилган, шундан сўнг байрам лентаси кесилди.
ТДҲнинг ёзишича, янги инфратузилманинг очилиши рамзий воқеалар билан бирга кечган. Янги хиёбонлар бўйлаб тўй кортежи ўтди, бу ёш шаҳарда янги оиланинг барпо этилиши рамзи эди. Айни дамда байрамона безатилган автомобиллар Аркадағ тиббиёт марказида фарзанд дунёга келгани ҳақида хабар берган.
Кобулда одамлар электр йўқлигидан норози
Афғонистон пойтахти Кобулдаги давомли электр узилишлари аҳолининг жонига тегди, жамоатчилик бундан очиқ норозилик билдирган. Кун жуда иссиқ бўлишига қарамай, пойтахтда ҳам кунига 18 соатдан ортиқ свет ўчирилмоқда. Одамлар бор-йўғи 5-6 соат мобайнида электрдан зўрға фойдаланишлари мумкин. Шаҳар аҳолиси ўта иссиқ ҳаводан, кечаси билан пашша чақишидан норози, айниқса болалар асло чидолмаяпти, деб ёзади маҳаллий нашр Tolo news.
“Электр таъминотида муаммолар жиддий. Мен кундузи ишлайман, кечаси уйга қайтсам, фақат туннинг бир қисмида электр токи бор”, - дейди фуқаролардан бири нашрга интервю бераркан.
“Бизнинг талабимиз электр энергиясини эҳтиёжларимизга мос ва мақбул сифатда етказиб беришдир. Агар 24 соатлик қувват имкони бўлмаса, ҳеч бўлмаганда 12 соат муаммоларимизни ҳал қилишда ёрдам беради. Электр таъминотидаги муаммолар оғир, ҳаётимиз бутунлай электр энергиясига боғлиқ. Бусиз уйда сув йўқ, маиший техника ҳам ишлатиб бўлмайди. Ҳукуматдан электр таъминотини таъминлашни сўраймиз”, дея қўшимча қилади аҳоли вакиллари.
Афғонистоннинг энергетика ташкилоти собиқ раҳбарларига кўра, Кобулдаги электр таъминотидаги узилишларни ҳал қилиш учун ҳам қисқа, ҳам узоқ муддатли сармоя керак бўлади.
Масалан, “Брешна” компаниясининг собиқ бош директори Омонулла Ғолибнинг айтишича, “муаммолардан бири Салангдан ўтувчи электр узатиш линиясининг чекланган қуввати бўлиб, у 300-340 мегаваттдан кўпроқ қувват ўтказа олмайди. Буни 500 киловолтлик линия қуриш орқали ҳал қилиш мумкин. Бироқ Кобулдаги асосий масала бу электр қувватини ўзлаштириш учун иккита қувватнинг етишмаслиги. Подстанция лойиҳалари аллақачон режалаштирилган, бироқ уларни якунлаш бир-икки йил давом этади, пул керак”.
Tolo News айни вазият юзасидан ахборот олиш учун энергетика ташкилоти ва ҳукуматга юзланган, бироқ ҳеч қандай жавоб ололмаган.
Мавзуга оид

13:37 / 27.07.2025
Тожикистонда даҳшатли қотиллик иши, Қозоғистонда деразадан қулаган чақалоқ ва Қирғизистонда тақиқланган сим-карта «ўртакашлиги»

14:06 / 20.07.2025
Кўпайган сувда чўкишлар, руҳий «носоғлом» минтақа, шифокорларга ҳужум ва Роғун ГЭСидан 20 йиллик шартнома

12:14 / 13.07.2025
Қозоғистонда ўта хавфли касаллик, 10 йиллик визадан маҳрум қирғизлар ва русларга берилмайдиган паспорт

12:28 / 29.06.2025