Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ярим йиллик давлат бюджети: асосий рақамлар
Табиий газ учун 2025 йилга деб ажратилган 7 триллион субсидиянинг ҳаммаси ярим йилдаёқ ўзлаштириб бўлинди. Иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларнинг умумий харажатлардаги улуши камаймоқда.

Фото: Kun.uz
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилнинг биринчи ярми якуни бўйича давлат бюджети ижроси ҳақида маълумот берди. Унда даромад ва харажатлар динамикаси, субсидиялар таркиби ҳамда асосий молиявий оқимлар очиқланган.
Даромадлар
2025 йилнинг январ-июн ойларида давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига (121 трлн сўм) нисбатан 19,2 фоизга кўп.
Даромадлар таркибида энг катта улушга эга қўшилган қиймат солиғи ўсиш динамикаси бўйича ҳам биринчи ўринда: ҚҚСдан тушумлар 34 фоизга ошиб, 35,9 трлн сўмга етди. Иккинчи энг катта тушум манбайи – фойда солиғи бўйича эса бюджет даромадлари атиги 2 фоизга кўпайиб, 22,5 трлн сўмни ташкил этди.
Январ-июн ойларида жисмоний шахслар ўзлари олган даромадлардан 19,9 трлн сўм солиқ (ЖШОДС) тўлади – бу бир йил олдингидан 18 фоизга кўп.
Ҳисобот даврида ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан тушумлар 10,3 трлн (+12%), аксиз солиғидан тушумлар 10,0 трлн (+16%), божхона божларидан тушумлар 5,4 трлн (+15%), ер солиғи тушумлари 4,8 трлн (+20%), мол-мулк солиғи тушумлари 4,1 трлн (+17%), айланмадан олинадиган солиқ тушумлари 1,6 трлн (+23%) бўлди.
Давлат бюджетига тушумларнинг 80 фоизини санаб ўтилган шу солиқлар ва божхона божлари ташкил этади. Қолган 20 фоиз – хусусийлаштириш тушумлари, дивидендлар, давлат мулкини ижарага бериш ва бошқаларни қамраб олувчи “бошқа даромадлар” таснифидаги тушумлар 25 фоизга ўсиб, 29,3 трлн сўмни ташкил этди.
Харажатлар
Ярим йилликда давлат бюджети харажатлари 173,3 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,4 фоиз кўп.
Энг йирик харажатлар:
- иш ҳақи – 62 трлн (+15%);
- ижтимоий нафақалар – 11,4 трлн (–2%).
- Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига трансфертлар – 10,5 трлн;
- Пенсия жамғармасига трансфертлар – 10,3 трлн (+51%);
- энергетикага субсидиялар – 8,9 трлн (–17%).
Юқоридаги бешта харажат биргаликда давлат бюджети чиқимларининг 59 фоизини ташкил этди.
Ҳисобот даврида иш ҳақи харажатларининг умумий харажатлардаги улуши 36 фоиздан 35,8 фоизгача пасайди. Ижтимоий нафақалар улуши эса 7,7 фоиздан 6,6 фоизгача камайди.
Айрим харажатлар кескин ўсди. Хусусан, Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига давлат бюджетидан 10,5 трлн сўм ўтказилди (2024 йил биринчи ярим йиллиги бўйича бюджет ижроси ҳисоботида бу жамғарма бўйича алоҳида маълумот берилмаган). 2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга кўра, ушбу жамғармага 22,3 трлн сўмлик трансферт кўзда тутилган, 2024 йилги қонунда бу трансферт 4 трлн сўм бўлган.
Бундан ташқари, 2025 йил биринчи ярмида автомобил йўлларини сақлаш ва таъмирлаш харажатлари 115 фоизга ошиб, 1,7 трлн сўмни ташкил қилди.
Асосий воситаларга харажатлар 30 фоиз ошиб, 2,6 трлн сўмга етди. Фоиз тўловлари эса 23 фоизга кўпайиб, 8,6 трлн сўмни ташкил этди.
Субсидиялар
2025 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджетидан ажратилган субсидиялар умумий миқдори 15 трлн сўмни ташкил этди. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 фоизга кам.
Субсидияларнинг 8,9 трлн қисми энергетикага тўғри келади. Шундан 7 трлн сўми UzGasTrade компаниясининг зарарларини қоплашга йўналтирилган (ўтган йилнинг мос даврида – 9,3 трлн). Яна 1,6 трлн сўм эса иссиқлик таъминоти корхоналарининг зарарларини қоплашга кетган.
2025 йилги давлат бюджети қонунига кўра, ички бозорда табиий газни улгуржи сотиб олиш ва сотиш бўйича ихтисослаштирилган компания – UzGasTrade'нинг зарарларини қоплаш ва жорий фаолиятини молиялаштириш учун 7 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган. 6 ойлик бюджет ижросидан келиб чиқилса, бир йиллик лимит ярим йилда ўзлаштириб бўлинган.
Энергетикадан бошқа соҳаларга субсидиялар 6,1 трлн сўм бўлиб, шунинг асосий қисми – 4,5 трлн сўми “ижтимоий аҳамиятга эга субсидиялар” сифатида таснифланган. Харажатларнинг бу гуруҳи, жумладан, хусусий боғчаларга 1,8 трлн, жамоат транспорти зарарларини қоплашга 1,1 трлн, уй-жой сотиб олиш учун 0,9 трлн сўмлик субсидияларни ўз ичига олади.
Консолидациялашган бюджет
Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети – давлат бюджети, давлат мақсадлари жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағларини ўз ичига олади.
2025 йилнинг биринчи ярмида консолидациялашган бюджет даромадлари 209,1 трлн сўм, харажатлари 241,7 трлн сўмни ташкил этди. Даромадлар 23 фоизга ошган бўлса, харажатлар 18 фоизга ўсди. 32,6 трлн сўмлик тақчиллик – прогноз қилинган йиллик ЯИМнинг 1,9 фоизига тенг (ўтган йилнинг мос даврида 2,4 фоиз бўлган).
Ҳисобот даврида ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига харажатлар 4,9 трлн сўм бўлган (ўтган йилнинг мос даврида – 5,9 трлн).
Маълумот учун, 2025 йил учун консолидациялашган бюджет дефицити 49,5 трлн сўм ёки прогноз қилинган ЯИМнинг 3 фоизи миқдорида тасдиқланган.
Жорий йилда давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун 3 млрд доллар, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун яна 2,5 млрд доллар давлат ташқи қарзи олиш кўзда тутилган.
Бошқа инфографикалар
Мавзуга оид

11:09 / 07.08.2025
Тошкентнинг икки тумани ҳудудларида газ вақтинчалик ўчирилади

13:56 / 06.08.2025
Фуқаролар давлатга қарийб 63,5 млрд сўмлик электр энергиясини сотди

08:00 / 06.08.2025
Болалар боғчаси учун кимларга субсидия тўланади?

23:30 / 02.08.2025