Спорт | 09:38
5073
7 дақиқада ўқилади

Янгиларнинг голлари, баҳсли қарор ва сенсация. «Ливерпул» мавсумни мағлубият билан бошлади

Ўтган мавсум охирида «Манчестер Сити»ни Англия кубоги финалида енгган «Кристал Пэлас» энди Англия суперкубогини ҳам қўлга киритди – ёзда жами 300 миллион евродан ошиқ пул сарфланган янги футболчилар «Ливерпул»га ёрдам беролмади.

Фото: Getty images

Дин Ҳендерсон – пеналтилар серияси қироли.

Англия суперкубоги, 10 август, «Уэмбли»
«Кристал Пэлас» – «Ливерпул» 2:2, пеналтилар серияси – 3:2.
Голлар: Матета (17, пеналти), Сарр (77) – Экитике (4), Фримпонг (21).
«Кристал Пэлас» – Ҳендерсон, Ричардс, Лакруа, Геҳи (Девенни, 90+4), Мунйос, Камада (Ҳюз, 29), Уортон (Лерма, 85), Митчелл (Соса, 79), Сарр, Эзе, Матета.
«Ливерпул» – Алиссон, Фримпонг, Конате, ван Дейк, Керкез (Робертсон, 84), Жонс (Эндо, 71), Собослаи, Виртц (Эллиот, 84), Салоҳ, Гакпо, Экитике (Макаллистер, 71).
Огоҳлантиришлар: Конате (43), Виртц (44), Салоҳ (87).

Европада футбол мавсуми ниҳоят очилди! «Ливерпул» ва «Кристал Пэлас» Англия Суперкубоги учун «Уэмбли» стадионида куч синашди.

Бу ўйинда барчанинг эътибори «Ливерпул»га қаратилганди. Мерсисайдликлар мавсумлар оралиғида трансферлар учун 300 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлади — бу клуб тарихидаги мисли кўрилмаган трансферлар ойнаси бўлди ва барча даврлардаги мутлақ рекорд ўрнатилди. Бундай харажатдан кейин бетараф мухлислар учун ҳам бундан қандай натижа бўлишини кўриш қизиқ эди.

Жамоа бош мураббийи Арне Слот майдалашиб ўтирмади ва барча янги футболчиларни бошланғич таркибга киритди. Ҳимоя қанотларига Милош Керкез (унинг учун 47 миллион евро тўланган) ва Жереми Фримпонг (40 млн евро), ҳужум марказига Юго Экитике (95 млн евро), майдон марказига эса энг юлдуз дебютант — Флориан Вирц (125 млн евро) ташланди.

Кўпчилик томонидан Англияда яхши ўйнаб кетишига шубҳа билдирилган Экитике эса тўртинчи дақиқадаёқ ҳисобни очди. Француз футболчиси чап қанотда Вирц билан девор услубида ўйнаб, ундан тўпни қабул қилиб олгач, марказ томон юрди ва жарима майдони ташқарисидан туриб, ерлатиб аниқ зарба йўллади, «Кристал Пэлас» дарвозабони Дин Ҳендерсон бу зарба қаршисида ожиз қолди.

Тезкор гол лондонликларни тўпни олиб, олдинга ўтишга мажбур қилди. 15-дақиқада мерсисайдликлар ҳимоячилари офсайд чизиғини ҳосил қилишда хато қилди ва Матета Алисон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, дарвозабон хавфни бартараф этди, аммо тўп Саррга келиб тушди, уни эса Виржийл ван Дейк жарима майдони ичида йиқитди – ҳакам 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Матета совуққонлик билан кучли зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.

Гол «бургутлар»ни илҳомлантириб юборди – кейинги дақиқаларда яна бир неча хавфли ҳужумлар уюштирилди. Аммо «Ливерпул» кутилмаганда ўйинни ўзгартириб юборди – 21 дақиқада жамоанинг яна бир янги футболчиси Фримпонг ўнг қанотдан ҳужум уюштирди, у катта эҳтимол билан тўпни жарима майдони марказига узатмоқчи эди, бироқ тўп траекторияси кутилмаган тарзда ўзгариб, дарвоза тўрига бориб тушди.

Шундан кейин жамоалар ҳужум қилишдан тўхтади, ўйинда эҳтиёткорлик ва қўполлик пайдо бўлди. 29-дақиқада «Пэлас» бош мураббийи Оливер Гласнер жароҳат олган яримҳимоячи Камадани алмаштиришга мажбур бўлди, унинг ўрнига Уилл Ҳюз туширилди. Бўлимнинг охирги қисмида «Ливерпул»нинг икки футболчиси сариқ карточка олди — аввалига ҳакам Ибраим Конатени қўпол ҳаракати учун, кейин эса Вирцни баҳслашгани учун огоҳлантирди.

Иккинчи бўлимда жамоалар яна ҳужумкор футбол намойиш эта бошлади, «Ливерпул» сафида Вирц барчадан фаолроқ ҳаракат қилди, аммо шериклари уни етарлича қўллаб-қувватлашмади ва ташаббус аста-секинлик билан рақибга ўта бошлади.

Иккинчи бўлим ўрталарида Слот жамоаси пассивлиги учун жазоланди. 62-дақиқада Эзе дарвоза томон хавфли зарба йўллади, Алисон қийинчилик билан сэйв ижро этди. Аммо бу огоҳлик қўнғироғи эди. 77-дақиқада «Пэлас» барибир ўз мақсадига эришди: қарши ҳужум вақтида Уортон нозик узатма билан Саррни қулай позицияга чиқарди, бу вазиятда яна тажрибали ван Дейк офсайд чизиғи ҳосил қилишга уриниб, рақибни олдинга ўтказиб юборди, ҳужумчи эса осонлик билан ҳисобни тенглаштирди 2:2.

Кейин лондонликлар ғалабани илиб кетиш учун бор кучни майдонга ташлади. Икки дақиқа ўтиб Сарр дубл расмийлаштириши мумкин эди, аммо унинг зарбаси йўлини Керкез тўсишга улгурди. Бу ҳужумда ҳакам мерсисайдликларни кечирди, ҳолбуки ушбу жамоа дарвозасига пеналти қўйилиши керак эди: тўп жарима майдонига оширилганида Мак Аллистер қўл билан ўйнаганди. Аммо VAR вазиятга аралашмади ва ҳакамнинг қарори ўзгаришсиз қолди.

Қолган вақт давомидаги ҳужумлар ҳам голсиз якунланди ва барчаси пеналтилар сериясида ҳал қилинадиган бўлди. Биринчи бўлиб нуқтага яқинлашган Муҳаммад Салоҳ эса тўпни осмонга қарата тепди. Матета эса яна бир бор аниқ ҳаракат қилиб, Ҳендерсон Мак Аллистернинг зарбасини қайтарганида мерсисайдликлар 0:2 ҳисобида ортда қола бошлади.

Лондонликлар сафида эса Эберечи Эзе хато қилди ва вазият Слот жамоаси учун бироз яхшиланди. Аммо Ҳендерсон яна ўзини кўрсатди ва Ҳарви Эллиоттга ҳам гол уришга йўл қўймади.

Ҳендерсонга шпаргалка ёрдам берди

Барчасини Борна Соса ҳал қилиши мумкин эди, аммо «Пэлас»нинг хорватиялик янги футболчиси асабийлашди ва у тепган тўп дарвоза тўсинига борди, Доминик Собослаи эса аниқ ҳаракат қилиб, орадаги фарқни қисқартирди. Шундан кейин барча иш ёш яримҳимоячи Жастин Девенни зиммасига тушди, Гласнер уни айнан пеналтилар серияси учун майдонга туширганди у эса вазифани уддалаб, «Кристал Пэлас»нинг ғалабасини таъминлади 3:2.

«Бургутлар» учун бу илк Англия Суперкубоги бўлди. Умуман, жамоа ўз тарихидаги иккинчи совринни қўлга киритди. Бунгача жамоада фақат Англия Кубоги соврини бор эди — бу кубок ҳам шу йил май ойида, «Манчестер Сити» билан ўйинда ютиб олинганди.

«Ливерпул» эса ўз мисолида футболда барчасини пуллар ҳал қилмаслиги ва юзлаб миллион евро доим ҳам совринлар ютишга ёрдам бера олмаслигини кўрсатди. Слот жамоаси энди бу мағлубиятни таҳлил қилиб, АПЛнинг янги мавсуми стартигача хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилиши керак.

Мавзуга оид