Нигерия армияси жангарилар асиридан минглаб одамларни озод қилди

Фото: Leadership Newspaper
Нигерия армияси “Боко Ҳаром” радикал гуруҳига қарши амалиёт давомида минглаб асирларни озод қилди.
Таъкидланишича, Нигерия армияси бригадаси ва махсус вазифаларни бажарувчи кўпмиллатли бирлашган кучлар биргаликда амалга оширган амалиёт давомида Борно штати, Бама туманининг бир неча қишлоғидан бўлган асирлар қутқарилган.
Асирлар орасида асосан аёллар ва болалар ҳамда “Боко Ҳаром” жангариларига айланишга мажбурланган ёш йигитлар бўлган.
Кўпмиллатли бирлашган кучлар Нигерия, Бенин, Камерун, Чад ва Нигер қуролланган отрядларини ўз ичига олади. Улар “Боко Ҳаром”га қарши кураш олиб боради.