Сурхон давлат қўриқхонасида ноёб ҳайвонлар «фотоқопқон» нишонига тушди — фотолар
Сурхон давлат қўриқхонасида ўрнатилган «фотоқопқон» каклик, морхўр ва унинг улоқчаларини суратга олган. Жумладан, морхўр сут эмизувчиларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган кенжа тури ҳисобланади.
Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, морхўр йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган, «Қизил китоб»га киритилган ноёб ҳайвон ҳисобланади. У асосан Сурхондарёнинг Кўҳитанг, Бойсунтоғ, Боботоғ тоғ тизмаларида тарқалган. 1950–1970 йилларда кўп овланиши натижасида кескин камайиб кетган.
Кейинги йилларда Сурхон давлат қўриқхонасида олиб борилган муҳофаза чоралари туфайли морхўрларнинг сони аста-секин кўпайиб бормоқда. Чунончи, қўриқхона ходимлари томонидан жорий йилда ўтказилган саноқда морхўрлар сони 600тадан ошиқлиги аниқланган.
Сурхон давлат қўриқхонаси биринчи тоифадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ҳисобланади. Қўриқхона 1986 йилда йўқолиб кетаётган турларни сақлаб қолиш, кўпайтириш, табиатга антропоген таъсирни камайтириш мақсадида ташкил этилган.
Бугунги кунда қўриқхона ҳудуди 23 минг 802 гектарни ташкил этади. Қўриқхона Кўҳитанг тоғининг шарқий ёнбағирларида жойлашган бўлиб, ҳудуди Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманига қарайди. Ғарбий қисми Туркманистон чегараси билан туташиб кетган.
Қўриқхонанинг 12 минг 240 гектар майдони ўрмон билан қопланган. Унинг энг юқори нуқтаси денгиз сатҳидан 3137 метр баландликдаги Айрибобо чўққиси ҳисобланади.
Қўриқхонада ҳозиргача умуртқали ҳайвонлардан — 26 турдаги сут эмизувчилар; 136 тур қушлар; 23 тур судралиб юрувчилар; 2 тур ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшовчи; 5 тур балиқлар яшаши аниқланган. Шулардан 18 тур ҳайвонлар Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган. Шунингдек, қўриқхона ҳудудидаги 41 турдаги ўсимлик ҳам «Қизил китоб»дан жой олган.
Қўриқхонадаги муҳофазага олинган ҳайвонлардан 8 тур Халқаро ТМҚИ «Қизил китоб»ига киритилган. Морхўр ёки бурама шохли эчки, Бухоро тоғ қўйи ноёб турдаги, муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳайвонлар ҳисобланади.
Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудининг чегарасида неолит даври одамларининг қояларда ов манзаралари тасвирланган Зараутсой дараси мавжуд. Ушбу петроглифларда қадимги одамларнинг ҳайвонларини овлаш манзаралари тасвирланган бўлиб, унинг ёши 15-20 минг йилга тенг.
Сирожиддин Мамажонов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Ғарб Исроил Эронга зарба беришидан хавотирда. Бу ҳақда нималар маълум ва оқибатлар қандай бўлиши мумкин?
Жаҳон | 21:01 / 12.06.2025
Қизалоққа қарши армия: Грета Тунберг Ғазога етиб боролмади
Жаҳон | 17:45 / 11.06.2025
Сўм 2 ҳафтада 2 фоизга мустаҳкамланди. Қандай қилиб?
Иқтисодиёт | 18:57 / 10.06.2025
Июнда об-ҳаво нисбатан салқин бўлиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 16:47 / 10.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ўзбекистонда Better Cotton дастури қамрови кенгайтирилади
Ўзбекистон | 12:56
-
Москва 1200 нафар Украина фуқаросининг жасадини Киевга топширди
Жаҳон | 12:36
-
Тошкентда тез ёрдам машинаси ва Spark тўқнашди
Ўзбекистон | 12:04
-
Тошкентда қуйма олтинга ўхшатиб тайёрланган металларни 70 минг долларга сотаётганлар ушланди
Ўзбекистон | 11:54
Мавзуга оид

16:05 / 02.06.2025
Кўп қаватли уйларда 1,5 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди

12:13 / 31.05.2025
Сурхондарёда 23 та кўп қаватли турар жой биносида сейсмик жиҳатдан камчиликлар аниқланди

15:28 / 19.05.2025
Сурхондарёда 11 нафар ўқитувчи 2 минг доллардан кўп маош олаётгани айтилди. Президент буни Британия билан таққослади

11:03 / 02.05.2025