Жаҳон | 23:19 / 22.01.2025
5094
2 дақиқада ўқилади

АҚШ жанубида қор бўронлари сабаб биринчи марта фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Техасда ҳаво ҳарорати 34 даражагача совиган, Янги Орлеанда 20 см қалинликда қор ёғган. Жанубий штатлар губернаторлари фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Луизиана ва Техас штатларининг айрим ҳудудларида тарихда биринчи марта қор бўронидан огоҳлантириш эълон қилинди, деб хабар беради The New York Times. Шунингдек, жанубий штатлар губернаторлари фавқулодда ҳолат эълон қилди.

22 январ куни Техасда ҳаво ҳарорати 34 даражагача совиган, Айованинг айрим ҳудудларида эса ҳарорат Целсий бўйича 38 даража совуққача тушган. Ҳюстонга 8 сантиметр қалинлигида қор ёққан — бу бир неча йил давомида ёққан қорларни қўшиб ҳисоблагандан ҳам кўп. Янги Орлеан аэропортига эса 20 сантиметр қалинликда қор ёққан бўлиб, бу ҳам рекорд ҳисобланади. Энг кўп қор Луизианага ёққан — 26 сантиметргача.

Аномал совуқлар сабаб ўн киши ҳалок бўлган. Об-ҳаво туфайли аэропортлар 2 мингта рейсни бекор қилган, яна 13 мингта парвоз кечиктирилган. Шимолдаги деярли барча штатларни жануб билан бирлаштирувчи I-10 автомагистрали ёпилган.

АҚШга Арктика циклони билан кучли совуқ шамоллар ҳам келган. Прогнозларга кўра, совуқ об-ҳаво бир неча кун давомида сақланиб қолади. Мамлакатда кучли қор бўронлари кузатилиши ҳақида январ бошларида огоҳлантириш берилган. Вашингтонда 5 январдан бери фавқулодда ҳолат режими амалда.

Мавзуга оид