Жаҳон | 15:46
1633
4 дақиқада ўқилади

Исроилга терс Ғарб, Путинга мулойим Трамп – “Геосиёсат” ҳафталиги

Ғарб Исроилга аввал кузатилмаган даражада босим ўтказа бошлади. Путинга қўнғироқ қилган Трамп яна кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди. Санкцияларни кучайтирган Европа нефт нархини янада тушириш ҳақида гапирмоқда. Эрдўған ТДТда Шимолий Кипр масаласини кўтарди. Кремлдан “СССР тирик” деган мағзава оқизилди.

Ортда қолаётган ҳафтанинг халқаро майдондаги мавзулари муҳокамаси – Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” ҳафталигида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Нега Трамп телефон мулоқотида кутилгандек Путинга босим қилиш ва Россияга санкциялар йўлидан бормади?

Шавкат Икромов: Айни вақтда дунёда қуролланиш пойгаси қайтадан бошлангандек. Совуқ уруш даврида ҳам кўрганмизки, бундай вазият Қўшма Штатларнинг манфаатига мос келади ва тарихдан маълумки, Америка ўзини ҳозирги иқтисодий қудратига айнан жаҳон уруши сабаб эришган. Американинг биринчи рақамли савдогари сифатида Трамп бундай янги қуролланиш пойгасининг юзага келишини – Қўшма Штатларни янада қудратлироқ қилиш, ўзи айтгандек, АҚШни яна дунё тахтига қайтариш учун яхши бир имконият деб кўряпти.

Ойбек Сирожов: Трамп араб давлатларига ташрифида 3 триллион доллардан ортиқ савдо келишувлари ҳақида гапириб, Россиянинг ҳам жуда катта имкониятлари борлигини ўша ерда таъкидлаб ўтди. Демак, Трампнинг кейинги стратегияси Россия билан иқтисодий ҳамкорликни ва ундаги мавжуд потенциалдан биргаликда фойдаланишни кўзлаяпти.

Иккинчи муҳим жиҳати, одатда Трамп собиқ президент Байденни айблашга интилади. Демак, Украина масаласида ҳам Трампнинг олдида шундай ўзига хос дилемма турибди. Ё бу урушни ўзининг ҳисобига ўтказиши керак, қандайдир кескин қарорлар қабул қилиб, ёки имкон қадар вазиятни юмшатиши керак.

Шуҳрат Расул: Трампнинг ўзи ҳам Путин билан жуда илиқ гаплашганини айтиб бундан ғурурланди. Трамп президентликка номзод вақтидаёқ Киев ва Москвага шартларни қўйиб, ким бажармаса, кескин чоралар қўллашни айтган эди. Лекин бугун ундай бўлмаяпти.

Ҳар сафар шу икки лидер суҳбатлашганда ёки масъуллари орқали мулоқот қилганда, юқори даражада ҳурмат кўрсатишяпти. Бу икки президент бугунги кунда мулозамат кўрсатиш бўйича умуман олганда янги дипломатик ўзига хос чўққига эришди.

АҚШда Республикачилар партиясида бўлиниш юз берди. Трампдан ҳайиқиб турган партиянинг бир қаноти, унинг маъмуриятига қарши чиқа бошлади. Сенатда Трампга мухолиф кайфиятдагилар сони ошиб боряпти.

Шимолий Кипрни Туркий давлатлар ташкилотига қабул қилиш уни тан олиш дегани бўлса, бу Россия учун ҳам прецедент бўлмайдими?

Шавкат Икромов: Туркий бирликнинг илдизи Марказий Осиёда бўлиши керак. Буни узоқдан, Кипрдан ёки Туркиядан қидириш керак эмас, чунки Туркиядаги туркийларнинг илдизи – бу Марказий Осиёда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати фаол интеграцияга киришган. Тўғри, бу борада жуда ҳам кўп тўсиқлар бор, енгиб ўтилиши керак бўлган масалалар бор, бизнинг бирлашувимиздан манфаатдор бўлмаган кучлар ҳар доим таъсир кўрсатиб турибди. Шу нуқтайи назардан айтишим мумкинки, Шимолий Кипр масаласида расмий позициямиз бор ва Туркия ҳам буни тўғри тушунган. Кипр масаласида қандай қарор қабул қилинишидан қатъи назар, туркий бирлик маркази Марказий Осиёда шаклланган ғоя ва бу айнан Марказий Осиёда ўзининг юқори нуқтасига чиқиши керак деб ўйлайман.

***

Суҳбат давомида Исроилга муносабати ўзгараётган ғарб, Трампнинг “Олтин гумбази”, Путин таклиф қилган буфер зона каби глобал ҳамжамиятда содир бўлган муҳим воқеалар муҳокама қилинди. Суҳбатни YouTube'да батафсил томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид