26 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Сирдарёда қудуққа тушган 3 киши газдан заҳарланиб вафот этди, биржага чиқариладиган олтин ҳажми ошириладиган бўлди, Италия бош вазири Ўзбекистонга келади — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Сирдарёда 3 киши қудуқдаги газдан заҳарланиб вафот этди
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида уч киши қудуқдаги газдан заҳарланиб вафот этди.
Бош прокуратура тақдим этган маълумотларга кўра, ҳолат 22 май куни содир бўлган. Туманнинг Дўстлик маҳалласида яшовчи 67 ёшли фуқаро тозалаш мақсадида хонадонидаги сизот сувларини сақловчи 5 метрлик қудуққа тушган. Аммо у қудуқда ҳосил бўлган заҳарли газдан нафас олиши оқибатида вафот этган.
Сўнгра уни қутқариш мақсадида қудуққа тушган 39 ёшли ўғли ва 46 ёшли қўшниси ҳам газдан заҳарланиб ҳалок бўлган. Уларни қутқариш учун тушган яна икки киши эса заҳарли газдан нафас олиши оқибатида соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.
Сайхунобод туман ФВБ ходимлари томонидан кўрсатилган ёрдам сабабли ота, ўғил ва қўшнининг мурдалари ҳамда заҳарли газдан ҳушини йўқотган икки фуқаро қудуқдан олиб чиқилган. Кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган ва туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Сайхунобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Якка тадбиркорларга тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат берилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда хорижий тажриба асосида Яккасарой тумани, Андижон ва Хивада ишлаб чиқарувчиларга ҳам, инвесторларга ҳам жозибадор заргарлик марказлари очилиши маълум қилинди.
«Ҳамма эшитиб олсин. Заргарларнинг хомашё билан боғлиқ бирорта муаммоси бўлмаслиги керак», — деди президент.
Шу мақсадда бу йил биржага чиқариладиган олтин ҳажми 6 тоннадан 8 тоннага оширилади.
Шу билан бирга, мамлакатда йилига 100 тоннадан зиёд олтин қазиб олинаётгани билан имкониятларнинг ўндан бири ҳам ишга солинмаётгани қайд этилди.
Президент соҳада «хуфиёна» иқтисодиёт улуши юқори эканини кўрсатиб ўтди. Таъкидланишича, йилига 550-600 миллион долларлик буюмлар норасмий тилла бозорларида айланмоқда. Ёки мустақил изловчилар 2020 йилда 40 килограмм олтин топширган бўлса, ўтган йили бу 100 карра камайган.
Йиғилишда соҳани «соя»дан чиқариш учун якка тадбиркорларга ҳам тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат бериш, заргарликда миллий бренд яратиш учун хориждан дизайнер, технолог, қимматбаҳо тошлар билан ишлайдиган геммологларни олиб келиш харажатининг бир қисмини қоплаш бўйича таклифлар билдирилди.
Давлат раҳбари ушбу таклифларни маъқуллади.
Шунингдек, йиғилишда миллий брендларни кўпайтириш, мавжудларини халқаро даражага олиб чиқиш бўйича ҳам янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Шу мақсадда Миллий брендларни қўллаб-қувватлаш компанияси ташкил қилинадиган бўлди.
Италия бош вазири Ўзбекистонга келади
Италия бош вазири Жоржа Мелони 28-29 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Италия ҳукумати сайтига кўра, учрашувлар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Жоржа Мелонининг Ўзбекистонга ташрифи 25-26 апрел кунларига режалаштирилган эди. У дастлаб Ўзбекистонда, сўнг Қозоғистонда бўлиши, икки давлатга расмий сафардан ташқари Италия–Марказий Осиё саммитида қатнашиши керак эди. Бироқ Рим папасининг вафоти сабаб унинг ташрифи кечиктирилганди.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг июн ойида Италияга сафари доирасида президент Сержио Маттарелла, бош вазир Жоржа Мелони билан учрашиб, музокара ўтказганди. Ўша ташриф доирасида Ўзбекистон ва Италия расман стратегик шерикларга айланган.
2023 йилнинг ноябр ойида эса Италия президенти жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келган эди.
Ҳудудлараро солиқ инспекцияси ташкил этилади
«Мажбурий рақамли маркировкалаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ, рақамли маркировка қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси ташкил этилади.
Рақамли маркировкаланган маҳсулотлар айланмасининг барча босқичларида тизимли назоратни таъминлаш инспекциянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Шунингдек, қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатларини солиқ органларининг ахборот тизими орқали аниқлаш бўйича масофавий солиқ текширувини ўтказиш тартиби жорий этилади.
Мавзуга оид

22:33 / 28.05.2025
28 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:53 / 27.05.2025
27 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:24 / 23.05.2025
23 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:49 / 22.05.2025