Жаҳон | 09:23
4855
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбий базаларда самолётлар учун усти ёпиқ махсус жойлар қурмоқда

OSINT таҳлилчиларга кўра, «Паутина» СБУ операциясидан сўнг Россия Федерацияси ва Қримдаги камида 14 та ҳарбий базада самолётлар учун усти ёпиқ махсус жойлар қурилиши бошланди.

Фото: Maxar Technologies

Россия Қуролли кучлари, ҳисоб-китобларга кўра, ўндан ортиқ Ту-95 ва Ту-22М стратегик бомбардимончи самолётларини йўқотди «Паутина» СБУ операциясидан сўнг, Россия ўзининг ҳарбий базаларида самолётлар учун усти ёпиқ махсус жойлар қуришни бошлади. Бу ҳақда «Озодлик радиоси» 8 июн, якшанба куни OSINT таҳлилчиларга таяниб хабар берди.

Хусусан, Def Mon тахаллуси остида X микроблогини бошқарадиган OSINT таҳлилчи сунъий йўлдош тасвирларига асосланиб, самолётлар учун бошпана яратиш бўйича ишлар 14 та базада, жумладан: Ейск, Кримск, Приморско-Ахтарск, Адигеядаги Ханская авиабазаси, Миллерово, Ахтубинск, Борисоглебск, Курск, Липецк ва Энгелсдаги стратегик авиация базасида олиб борилмоқда, деган хулосага келди. Бундан ташқари, Қрим ҳудудида: Гвардейское, Саки ва Севастополдаги базаларда самолётлар учун бошпана қурилмоқда, дейилади унинг постларида.

Россия ҳарбий аэродромларига Украина учувчисиз учоқларининг ҳужуми натижасида шикастланган стратегик жанговар самолётларни алмаштириш учун Россияга йиллар керак бўлади, деб хабар берди Reuters агентлиги ушбу соҳадаги ғарб экспертларига таяниб. Бу йўқотишлар «Россия армиясининг ўз имкониятлари чегарасида ишлаётган асосий кучларига жиддий босим ўтказади», деди агентликка Қироллик бирлашган мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) эксперти Жастин Бронк.

Бомбардимончиларнинг йўқотилиши Россиянинг ядровий салоҳиятига жиддий таъсир кўрсатиши даргумон, унинг ядровий кучлари асосини қуруқликдан ва сувости кемаларидан учириладиган ракеталар ташкил этади, деб ёзади Reuters. Шу билан бирга, фойдаланишдан чиқарилган самолётлар Россия Аэрокосмик стратегик кучларининг бир қисми бўлиб, улар Россиянинг Украинага қарши уруши давомида Украина ҳудудида қанотли ракеталарни учириш учун ишлатилган, деб таъкидлайди Бронк.

Мавзуга оид