Ўзбекистон | 16:38 / 13.06.2025
4571
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 23 минг таксичи ишсиз қолиши мумкин — Yandex

Yandex Uzbekistan компаниясининг ҳукумат билан алоқалар бўйича директори Сардор Қодиров таксичилар фаолияти билан боғлиқ янги тартиб туфайли Тошкент шаҳрининг ўзида 23 минг ҳайдовчи ишсиз қолиши мумкинлигини таъкидлади.

Фото: Yandex

«Ўзбекистонда 1 миллионга яқин ҳайдовчи бор. Бу - иш ўрни, барқарор даромад ва юз минглаб одамларнинг тирикчилиги. 2 апрелдан кучга кирган янги тартибга кўра, такси ҳайдовчилари фақат машинаси рўйхатдан ўтган вилоятда ёки унга туташ ҳудудларда ишлаши мумкин. Яъни вилоятдаги таксист Тошкентда ишлай олмайди. Фақат пойтахтнинг ўзида 23 000 ҳайдовчи ишсиз қолиши мумкин», деб ёзди у.

Сардор Қодиров қарорга қандай асос келтирилганига ҳам изоҳ бериб, мантиқли жавобларни кутмасликни таъкидлади.

«Тирбандликни камайтиради, дейишмоқда. Аммо бу хато. Тошкент кўчаларида бир вақтда 900 мингга яқин машина, уларнинг атиги 12–30 мингтаси такси, 2 мингтаси автобус. Такси - шахсий автомобилга нисбатан 3 баробар самаралироқ транспорт. Уни камайтириш тирбандликни эмас, ёлғиз юрадиган машиналар сонини оширади», деб ёзди у.

Қодировнинг таъкидлашича, такси – бу Ўзбекистонда биринчи марта тўлиқ рақамлаштирилган ва легаллаштирилган касб.

«Бу солиқ, назорат ва хавфсизлик бўйича реал ютуқ эди. Энди эса энг очиқ ва «тоза» сектордан чекловлар бошланяпти. Бу - ўша ўша даврга қайтармасмикан бизларни?», деб ёзди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда такси ҳайдовчилари фақат ўз ҳудуди ва унга туташ ҳудудларда ишлаши мумкинлигини назарда тутувчи чекловлар қўллана бошлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид