Ўзбекистон | 16:25 / 19.06.2025
2612
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда лимон нархи ўтган йилга нисбатан 3 баробар қимматлашди. Нега?

Ўзбекистондаги супермаркетларда маҳаллий лимоннинг 1 килограмми нархи 70 минг сўмга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бир неча баробар юқори. EastFruit мутахассислари нархларнинг кескин ошиб кетганини Туркиядаги лимон инқирози фонида импорт нархлари қимматлашиши ва ички бозордаги захиралар камайиши билан боғлашяпти.

Фото: iStock

Ўзбекистонда лимон нархи кескин қимматлашиб кетди. EastFruit экспертларининг таҳлилларига кўра, одатда истеъмолчилар учун ҳамёнбоп бўлган ушбу мева ўзининг барча нарх рекордларини янгилаяпти. Мева-сабзавот савдоси билан шуғулланувчилар бу ҳали энг юқори чегара эмаслигидан огоҳлантиришган.

Сўнгги тўрт ҳафта давомида Ўзбекистон бозорида лимон нархи кескин ошиб, рекорд ўрнатган ва 65 фоизга қимматлашган. Бундан ташқари, лимоннинг ҳозирги нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 3 баробар юқори.

2025 йил 12−13 июн ҳолатига кўра, пойтахтдаги йирик супермаркетларда янги лимоннинг энг арзон чакана нархи бир килограмми учун 53 минг сўм (4,19 доллар)ни ташкил этган. Бир ой олдин ушбу меванинг бир килограмми 32 минг сўмдан (2,48 доллар), бир йил аввал, 2024 йил июн ойида, 17 минг сўм (1,35 доллар) атрофида бўлган.

EastFruit таҳлилчилари нархларнинг бундай кескин ўсишига таъсир қилган иккита асосий омилни келтириб ўтишган.

Туркиядаги лимон инқирози

Ўзбекистон бозорида импорт қилинадиган маҳсулот устунлиги сабабли лимон нархи мамлакатдан ташқарида шаклланади. Бу ердаги асосий омил - энг йирик лимон экспортчиси Туркиядаги вазият билан боғлиқ. 2024/2025 йилги мавсумда ушбу мамлакатда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ҳосилнинг кескин қисқариши ва маҳсулот сифатининг ёмонлашиши юз берди. Апрел ойи бошида Туркия ҳукумати ички бозордаги нархларни барқарорлаштириш учун ҳатто лимон экспортини тақиқлаш ҳақида ҳам эълон қилди, аммо эртаси куни бу қарор бекор қилинди. Шунга қарамай, жаҳон бозорида нархларнинг кескин кўтарилиши давом этди. 2025 йил май ойи бошида Туркияда лимоннинг нархи бир килограмми учун 60 турк лирасига (1,56 доллар) етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3-4 баравар юқори. Шундан кейин нархлар фақат кўтарилган. Ўзбекистонга импорт маҳсулотларни етказиб беришда логистика харажатлари анча юқори бўлгани сабабли нархлар шунга мутаносиб равишда кўтарилади.

Туркияда лимон сотиш мавсуми деярли якунланди, чунки унинг захиралари жорий йилда жуда ҳам кам эди. Шу боис Ўзбекистонга лимон Жанубий яримшар мамлакатлари, жумладан, узоқ Аргентинадан олиб келиняпти. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ички бозорда импорт лимон маҳаллий маҳсулотдан арзонроқ сотиляпти.

Ички бозордаги захираларнинг камайиши

Иккинчи омил мавсумийлик билан боғлиқ. Ўзбекистонда асосан мейер навли лимон етиштирилади ва истеъмол қилинади. Уни оддийгина “маҳаллий лимон” деб аташади. Мамлакатнинг иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, лимон бу ерда ёпиқ майдонлар, иситиладиган ва иситилмайдиган иссиқхоналарда экилади.

Лимон етиштириш билан асосан кичик ишлаб чиқарувчилар шуғулланади. Улар йилига уч марта: август-сентябр, октябр-декабр ва январ-феврал ойларида ҳосил йиғиб олишади.

Ҳосил энг юқори бўладиган давр октябр-декабр ойларидир. Шунга кўра, ички бозорда маҳаллий лимонлар асосан май ойигача, яъни омборлардаги захира сотиб тугатилгунга қадар мавжуд бўлади.

Шу сабабли ёз бошига келиб маҳаллий лимон деярли тугайди, бу эса уларнинг нархи кескин кўтарилишига олиб келади. 2025 йил 12−13 июн ҳолатига кўра, ҳар килограмм учун маҳаллий лимонларнинг чакана нархи супермаркетлар тармоғида тахминан 70 минг сўмни (5,53 доллар) ташкил этган.

Аргентинадан импорт қилинган лимонлар арзонроқ – 53 минг сўмдан (4,19 доллар) таклиф этиляпти. Сўнгги бир неча йил давомида май-июндан октябргача бўлган даврда Ўзбекистонда лимон нархларининг нисбатан паст ва барқарор бўлиши асосан импорт ҳисобига таъминланган.

EastFruit мутахассисларининг хулоса қилишича, нархларнинг сезиларли даражада пасайиши фақат октябр-ноябр ойларида, оммавий терим-йиғим бошланганидан кейин юз бериши мумкин. 

Мавзуга оид