Ўзбекистон | 13:45 / 20.06.2025
693
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ЮНИДО қўшма "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга келишиб олди

БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилотининг (ЮНИДО) Вена шаҳрида жойлашган қароргоҳида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров ва ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова таркибидаги мамлакатимиз делегациясининг мазкур ташкилот раҳбарияти билан музокаралари бўлиб ўтди.

Фото: Дунё

ТИВ маълумотига кўра, мазкур тадбирда ЮНИДОнинг бош директори ўринбосари Сиёнг Чжоу, ташкилотнинг инновациялар, иқтисодий трансформация масалалари бўйича ижрочи директори Гюнтер Бегер, қишлоқ хўжалиги, инновацияларни молиялаштириш, иқлим ўзгариши ва минтақавий бошқармалари масъуллари иштирок этди.

Мулоқот давомида ЮНИДО билан ҳамкорликда мамлакатда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати муҳокама этилди ва устувор йўналишлар, яқин ва ўрта келажакдаги режалар тўғрисида фикрлар алмашилди.

ЮНИДО вакиллари бугунги кунда Ўзбекистонда енгил саноат, хусусан тўқимачилик соҳаси, саноат зоналарини замонавий эко-саноат паркларга айлантириш, Оролбўйи минтақаси экотизими ва саноатини тиклаш каби йўналишларда йирик лойиҳалар бўйича самарали ишлар амалга оширилаётганини маълум қилди.

Шу билан бирга, хорижий донор давлатлар ва молиявий ташкилотлар иштирокида техник ҳамкорлик орқали республикада энергетика, рақамлаш­тириш ва декарбонизация соҳаларида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиб, уларни ҳаётга татбиқ этишга тайёрликларини билдирди.

Амалга оширилаётган барча лойиҳалар республика саноати салоҳиятини кучайтириш, чет элдан инвестицияларни жалб қилиш мақсадида соҳаларни экологик ва технологик жиҳатдан тайёрлаш ва Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга йўналтирилган.

Учрашув сўнгида Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНИДО ўртасида ҳамкорликни тизимли ривожлантириш мақсадида қўшма "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва ташкилот раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишга келишиб олинди.

Мавзуга оид