Жамият | 11:51
4416
2 дақиқада ўқилади

Қўшкўпир тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари 8 йилга қамалди

Қўшкўпир тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Бекзод Давлатов фуқарога ҳокимлик захирасида бўлган жами 51 га ер майдонни аукцион савдолари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига 25 минг доллар ҳамда дастлабки ҳужжатларни расмийлаштириш учун 50 млн сўм бериши кераклигини айтган. “Замҳоким” фуқаронинг пора бериш жинояти содир қилишига далолатчилик қилганликда айбли деб топилган.

Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари озодликдан маҳрум қилинди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

1991 йилда туғилган Бекзод Давлатов Қўшкўпир тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Унга нисбатан 2024 йил 13 ноябр куни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Суд ҳукмига кўра, Бекзод Давлатов қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонларини ажратиш ваколати бўлмаса-да, 2024 йил 12 ноябр куни фуқаро Х.И.га туман ҳокимлиги захирасида бўлган жами 51,1 га ер майдонини аукцион савдолари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига ҳокимлик тизимидаги юқори лавозимларда ишловчи мансабдор шахсларга ҳар бир гектар ер майдони учун 500 АҚШ долларидан жами 25 минг АҚШ доллари ва дастлабки ҳужжатларни расмийлаштириш учун яна 50 млн сўм бериши кераклигини айтиб, алдаган.

“Замҳоким” Х.И.ни мансабдор шахсга пора беришга қизиқтирган. Бекзод Давлатов 2024 йил 12 ноябр куни Х.И.дан 25 минг доллар ҳамда 50 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга суиқасд қилган ҳамда Х.И.ни пора бериш жинояти содир қилишига далолатчилик қилган.

Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судининг 2025 йил 11 апрелдаги ҳукми билан Бекзод Давлатовга 2 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.

Хоразм вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 16 июндаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.  

Мавзуга оид