Жаҳон | 10:44
2865
4 дақиқада ўқилади

Британия Россия ва Эрон таҳдидлари фонида урушдан хавотирда

Буюк Британиянинг янги миллий хавфсизлик стратегиясида қироллик ҳудудидаги уруш эҳтимоли ҳақида айтилади. Лондон бундай сценарийга «фаол тайёргарлик кўришга» чақирмоқда.

Фото: Justin Tallis/AFP/Getty Images

Британия ҳукумати яқин келажакда Бирлашган Қироллик ҳудудида эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларни истисно этмайди ва мамлакатни бундай воқеалар ривожига тайёрланишга чақиради. Бу ҳақда қонун чиқарувчилар 24 июн, сешанба куни тақдим этган мамлакатнинг янгиланган миллий хавфсизлик стратегиясида айтилади.

Стратегия муаллифлари ўзларининг эҳтиёткорлигини сўнгги йилларда дунёда кузатилаётган «драматик ўзгаришлар» билан изоҳлади. Улар орасида Россиянинг Украинага қарши уруши ва Москванинг бошқа ҳудудий амбициялари, гибрид урушлар воситасига айланган ноқонуний миграция, Яқин Шарқ ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги можаролар, шунингдек, киберҳужумларнинг кучайиши ва интернетда «зарарли ва ноқонуний контент»нинг тарқалиши бор.

Ҳужжатнинг «Қарама-қаршилик» деб номланган қисмида бошқа нарсалар қаторида Россия ва Эрон ҳам тилга олинган. Стратегия муаллифларининг таъкидлашича, Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланиши НАТО мамлакатларида ва, хусусан, Буюк Британиянинг ўзида киберҳужумлар ва қўпорувчилик ҳаракатлари билан бирга кузатилган. Ҳужжатда, шунингдек, Киевнинг иттифоқчиларини қўрқитиш мақсадида Москва томонидан «ядровий риторика кучайгани» ҳақида сўз боради. Эроннинг хатти-ҳаракатлари стратегияда режим танқидчиларининг овозини ўчириш мақсадида «Британия ҳудудидаги душманлик ҳаракати» сифатида тасвирланган. Теҳрон шунингдек, Буюк Британияга «тўғридан тўғри таҳдид» қилмоқда, дейилади стратегия матнида.

«Кўп йиллар давомида биринчи марта биз Буюк Британия ҳудудининг тўғридан тўғри таҳдид остида бўлиши эҳтимолига фаол тайёргарлик кўришимиз керак, потенциал жиҳатдан ҳарбий сценарийда», деб ёзади ҳужжат муаллифлари. Улар душманлар, биринчи навбатда, мамлакатнинг таъминот занжири ва энергетикасини нишонга олиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳужжатда Хитой ҳам тилга олинади — Лондон Пекин Украинага бостириб кириш вақтида «Путинга ҳарбий-саноат комплексини сақлаб қолишда ёрдам бергани» ва ўзининг ҳарбий модернизациясини амалга ошираётганини қайд этади. Буюк Британия ҳукумати мамлакатнинг Хитой билан муносабатларида кўпроқ «ишончлилик ва изчиллик»ни ваъда қилмоқда.

Ҳужжат муаллифлари таклиф этаётган юзага келиши мумкин бўлган можароларга тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар қаторида аҳоли билан «потенциал ҳарбий тажовузга чидамлиликни ўргатиш» бўйича кенг кўламли иш олиб бориш, киберхавфсизликни яхшилаш ва интернетда «ноқонуний контент» тарқалишининг олдини олишда бизнес ва илмий доиралар билан ҳамкорлик қилиш бор. Буюк Британия, шунингдек, турли инқирозли вазиятларга — нафақат ҳарбий, балки, масалан, пандемия сценарийсига ҳам жавоб бериш учун бошқа давлатлар билан қўшма машқларни кенгайтиради.

Миллий хавфсизлик стратегияси, шунингдек, Нидерландияда бўлиб ўтаётган НАТОнинг навбатдаги саммити арафасида Буюк Британия бош вазири Кир Стармер мамлакат 2035 йилга бориб мудофаа харажатларини ЯИМнинг беш фоизигача оширишини айтди. Бунда Буюк Британия алянснинг янгиланган тавсияларини амалга оширади.

Саммит арафасида Стармер, шунингдек, Лондон Вашингтондан ядровий қурол олиб юришга қодир бўлган камида 12 та F-35А қирувчи самолётини сотиб олиш ниятида эканини ҳам айтди. «Радикал ноаниқлик даврида биз дунёни оддий деб қабул қила олмаймиз. Шунинг учун ҳукуматимиз миллий хавфсизлигимизга сармоя киритмоқда», — деди Британия бош вазири. Буюк Британия айни пайтда мамлакат қуролли кучларининг ядро қуролини олиб юриши мумкин бўлган ягона тармоғи бўлган сувости флотини ҳам модернизация қилмоқда.

Reuters агентлигининг қайд этишича, F-35А қирувчи самолётлари B61 термоядро бомбалари билан жиҳозланиши мумкин. Ушбу турдаги қурол АҚШда мавжуд. Тахминларга кўра, Буюк Британия ўзининг ядровий тийиб туриш қобилиятини кенгайтирмоқчи бўлса, нафақат қирувчи самолётлар, балки тегишли ҳаво бомбаларини ҳам олиши керак бўлади.

Мавзуга оид