Исроилнинг Ғазога ҳужуми оқибатида 84 фаластинлик ҳалок бўлди
Ҳалок бўлганлар орасида 56 киши гуманитар ёрдам кутиш зонасида бўлган.

Фото: Anadolu Agency
Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган зарбалари оқибатида камида 84 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти - гуманитар ёрдам пунктларида.
Тиббий манбаларга кўра, ўнлаб фаластинликлар яраланган.
Хусусан, фаластинликлар ёрдам кутиш учун тўпланган эксклавнинг марказий қисмидаги Нетзарим коридори ҳудудида Исроил армияси ҳужум уюштирди ва 29 киши ҳалок бўлди.
Гувоҳларнинг хабар беришича, ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳамон Нетзарим йўлагида қолган, бироқ давом этаётган таҳдид туфайли уларни олиб чиқиб бўлмайди.
Рафаҳ шаҳридаги ёрдам тарқатиш нуқтаси яқинида гуманитар ёрдам кутаётган тинч аҳоли нишонга олинган ҳужумда 27 киши ҳалок бўлди.
Бундан ташқари, Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнусга берган зарбаси оқибатида етти нафар фаластинлик ҳалок бўлди.
"Ал-Аҳли" баптистлар касалхонасидаги тиббий манбаларга кўра, Исроилнинг Ғазо шаҳри жануби-шарқидаги Зайтун мавзесидаги турар жой биносига уюштирган ҳужумида 10 киши ҳалок бўлган.
Хон-Юнусдаги Наср касалхонасидаги манбаларнинг хабар беришича, Карара аҳоли пункти шимоли-ғарбий қисмида кўчирилганлар жойлашган чодирга уюштирилган ҳаво ҳужумида уч фаластинлик ҳалок бўлган.
Шунингдек, Хон-Юнуснинг Сатр туманида вайроналар остидан яна икки қурбоннинг жасади топилган.
Ғазо шимолидаги Жабалия аҳоли пункти ва Ғазонинг шарқий қисмидаги Шужайя мавзесига уюштирилган ҳужумларда яна икки киши ҳалок бўлди.
Соғлиқни сақлаш расмийлари Ғазо шаҳрининг турли қисмларида содир этилган бошқа ҳужумларда яна тўрт киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.
27 майдан бери Исроил БМТ ва халқаро ёрдам агентликларини четлаб ўтиб, АҚШ ва Исроил назоратидаги «Ғазо гуманитар ёрдам жамғармаси» орқали ёрдам тарқатмоқда.
Ташкилот БМТ томонидан тан олинмаган ва Фаластин кучлари томонидан рад этилган. ҲАМАС бундай схемаларни «ўлим тузоқлари» деб атайди.
2 мартдан бери Ғазо сектори чегарасидаги барча қуруқликдаги ўтиш жойлари ёпиқлигича қолмоқда. Исроил юзлаб ёрдам юк машиналарининг киришини тўсиб қўйди ва Керем Абу Салим ўтиш жойидан фақат чекланган миқдордаги транспорт воситаларининг ўтишига рухсат берди.
Айни пайтда Ғазо секторига ҳар куни камида 500 та гуманитар ёрдам юкланган машина керак бўляпти.
2023 йил 7 октябрдан бери Исроил армияси Ғазода интенсив бомбардимон, блокада, аҳолини оммавий кўчириш ва инфратузилмани йўқ қилиш билан бирга кенг кўламли ҳарбий амалиётларини давом эттирмоқда.
Бу ҳаракатлар йирик гуманитар фалокатга олиб келди.
Халқаро ҳамжамият ва БМТ халқаро судининг ўт очишни тўхтатиш чақириғига қарамай, Исроил ҳужумлари узлуксиз давом этмоқда.
Мавзуга оид

17:39
Исроил Эрон ядро иншоотларига етказилган зарарни «ниҳоятда жиддий» деб баҳолади

09:22
Bloomberg: Оқ уй ишдан бўшатилган МХК ходимларини қайтармоқчи

07:44
Эрон: Исроил ҳужумларида 606 киши ҳалок бўлди, 5332 киши жароҳат олди

07:24