Ўзбекистон | 09:51 / 26.06.2025
963
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатасида мухолифатнинг кафолатли ҳуқуқлари кенгаймоқда

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида “Айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Фото: senat.uz

Кейинги йилларда мамлакатда сўз эркинлиги муҳити яратилгани, халқ манфаатлари ва сиёсий иродаси эркин билдирилиши учун ҳуқуқий асослар мустаҳкамлангани, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини янада кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ушбу қонун сўз эркинлигини таъминлаш, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда сиёсий партиялар фаолиятига оид 5 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Унга кўра, ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ҳам ўша масалага доир қонун лойиҳасининг ёки унинг таркибий қисмининг муқобил таҳририни киритиш каби қўшимча ҳуқуқ берилмоқда.

Шунингдек, ушбу фракциянинг вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши, ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида масала киритиши ҳам назарда тутилмоқда.

Сенаторлар ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши қонун ижодкорлиги ва парламент назорати самарадорлигини оширишга ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мухолифатнинг кафолатли ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид