Жаҳон | 14:55 / 03.07.2025
730
2 дақиқада ўқилади

Лондон ва Берлин ўзаро мудофаа шартномасини имзолайди

Буюк Британия ва Германия ўртасидаги келишувнинг асосий банди мамлакатлардан бирига стратегик хавф туғилганда ўзаро ёрдам кўрсатиш мажбурияти бўлади, деб ёзади Politico. Битим матни деярли тайёр, у 17 июлда имзоланиши мумкин.

Фото: Paul Zinken/dpa/picture alliance

Буюк Британия ва Германия кенг кўламли ўзаро мудофаа шартномасини имзолашга тайёрланмоқда. Ҳужжатда давлатлардан бирига нисбатан ҳар қандай стратегик таҳдид бошқасига ҳам хавф туғдириши белгилаб қўйилади, деб ёзади Европанинг Politico нашри 2 июл, чоршанба куни мудофаа бўйича келишув тайёрланиши билан таниш бўлган беш кишига таяниб.

Ҳужжат матни деярли тайёр, деди Лондондаги икки расмий журналистларга. У ҳар икки давлат парламентлари ёзги таътилга чиққунча, 17 июл куни имзоланиши кутилмоқда.

Мудофаа пактининг асоси 2024 йилнинг ёзида Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Германиянинг ўша пайтдаги канцлери Олаф Шолц томонидан қўйилган, улар тинчлик, хавфсизлик ва иқтисодий ўсиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича қўшма декларацияни имзолаган эди. Кейин шартнома қоидалари 18 та музокаралар раунди давомида ишлаб чиқилди.

Politico қайд этганидек, Лондон билан мудофаа шартномасини тузгач, Германия Европадаги иккала ядровий давлатнинг ёрдамига умид боғлаши мумкин бўлади, бу эса АҚШ кўмагисиз қитъанинг тийиб турувчи салоҳиятини кучайтиради ва Германия канцлери Фридрих Мерцнинг интилишларига мос келади.

Мавзуга оид