Ўзбекистон | 14:24 / 04.07.2025
1781
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Афғонистон иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олди

Президент Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон вакили Абдул Ғани Биродар учрашувида сиёсий ва иқтисодий алоқалар, темир йўл коммуникацияларини ривожлантириш, савдо, транзит ва электр таъминоти масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 3 июл куни Озарбойжоннинг Хонканди шаҳрида бўлиб ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Биродар билан учрашди.

Афғонистон бош вазири ўринбосари девонининг хабар беришича, учрашувда сиёсий ва иқтисодий алоқалар, темир йўл коммуникацияларини ривожлантириш, савдо, транзит ва электр таъминоти масалалари муҳокама қилинган.

«Ҳозир Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, бу аввалги кўрсаткичлардан 60 фоизга кўп. Умид қиламизки, яқин келажакда бу ҳажм 2 миллиард долларга етади», деди Биродар.

У Ўзбекистон томонини афғон товарларини Марказий Осиё ва Россияга экспорт қилишга кўмаклашишга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, «икки қўшни давлат ҳам тоғ-кон саноати, транспорт, транзит, хизмат кўрсатиш ва асосий ривожланиш соҳаларида лойиҳаларни бошлаш ва бошқариш орқали иқтисодий барқарорлик, инфратузилмани ривожлантириш ва фаровонликни таъминлаш учун ҳамкорлик қилиши керак».

Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон турли соҳаларда эришилган ютуқларни қайд этиб, Ўзбекистон «халқаро платформаларда, хусусан, БМТда Афғонистондаги вазият ҳақида реал фактларни етказишини» таъкидлади.

Давлат раҳбари мамлакат Афғонистонга, жумладан, Мозори Шариф – Ҳирот – Қандаҳор темир йўли лойиҳаси, тўқимачилик корхоналари, цемент ишлаб чиқариш, нефтни қайта ишлаш заводлари, туз қазиб олиш ва қайта ишлаш заводлари қуриш, электрон ҳукуматга сармоя киритишга тайёр эканини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Афғонистонга 500 кВ электр узатиш линиялари қурилиши якунлангач, электр энергияси етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёр.

Мирзиёев, шунингдек, «афғон товарлари, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистон орқали Марказий Осиё ва Россияга экспорт қилишни осонлаштириш бўйича алоҳида топшириқлар беришини» маълум қилди ҳамда мамлакатлар ўртасидаги банк ҳисоб-китобларини яхшилаш, виза тартибини соддалаштириш, Термиз шаҳридаги Халқаро савдо марказини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Биродар ва Ўзбекистон бош вазири бошчилигида ҳар уч ойда бир марта йиғилиб, келишувлар ижросини назорат қилиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди.

Мавзуга оид