Ўзбекистон | 13:24 / 14.07.2025
2592
3 дақиқада ўқилади

Паспорт қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори ўзгарди

Президент «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Фото: Kun.uz

Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга паспорт тизими ва бўлиш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдорини юмшатиш ёки аниқлаштириш назарда тутилган бир қатор ўзгартиришлар киритилди

МЖтКнинг 223-моддасига қуйидагича ўзгартириш киритилди:

Ўзбекистон фуқаросининг паспорт ёки ID-картасиз яшаши ёки уларнинг муддати тугаган ва янгисига алмаштирилмаган вариантидан фойдаланиши БҲМнинг ярим баравари (187,5 минг сўм) миқдорда жаримага сабаб бўлади (аввал яримдан 3 БҲМгача). Ушбу қоидабузарлик бир йил давомида такрорланса, 3 БҲМ (1,125 минг сўм) миқдорида жарима белгиланади (5 БҲМ эди).

Худди шу тартиб мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картасиз (яшаш гувоҳномасисиз) ёки муддати ўтган ID-карта билан яшаши бўйича ҳам қўлланади.

Ўзбекистон фуқаросининг паспорти, ID-картаси ёки хорижга чиқиш паспортини, мамлакатда доимий яшовчи хорижлик ёки фуқаролиги йўқ шахснинг ID-картаси ёки ҳаракатланиш ҳужжатини яроқсизлантириш ёки йўқотиб қўйиши 1 БҲМ (375 минг сўм) миқдорида жарима билан жазоланади (яримдан 3 БҲМгача эди).

Шу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, 5 БҲМ (1,875 миллион сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон фуқаросининг, мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшаши, 3 БҲМ (1,125 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (аввал яримдан 3 БҲМгача).

Ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилса, жарима 5 БҲМ (1,875 миллион сўм) миқдорида бўлади.

Ўзбекистонда яшашига рухсат берилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги йўқ шахслар ҳужжатсиз ёки рўйхатга олишсиз яшаганда, аввалгидек, 5 БҲМ, такрорийсида 10 БҲМ миқдорида жарима солинади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223−3-моддасига кўра, паспорт ёки шахсий гувоҳномани гаровга ўтказганлик учун жарима 2 БҲМга (илгари 10 дан 15 БҲМгача эди) туширилди.

Паспорт ёки шахсий гувоҳномани ноқонуний олиб қўйиш учун жарима 10 БҲМ (илгари 10 дан 15 БҲМгача) бўлади.

Мавзуга оид