Жаҳон | 07:40
835
2 дақиқада ўқилади

Латвия суди "Дождь" лицензиясини қайтариб олиш қарорини бекор қилди

Рига округ суди NEPLP миллий регуляторининг «Дождь» телеканалининг мамлакатда радиоэшиттириш лицензиясини қайтариб олиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. NEPLP қарорга қарши чиқишга ваъда берди ва телеканал Латвияга қайтмаслигини билдирди.

Фото: AP

Рига округ маъмурий суди Латвия Миллий электрон оммавий ахборот воситалари кенгаши (NEPLP)нинг «Дождь» телеканали лицензиясини қайтариб олиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Бу ҳақда X ижтимоий тармоғида регулятор раҳбари Иварс Аболинш маълумот берди.

У NEPLP қарор устидан шикоят қилишига ваъда берди. «Фақат NEPLP қарори бекор қилинди, аммо дастурнинг ўзи Латвияга қайтмайди», деб ёзган Аболинш. Унинг сўзларига кўра, суд ҳукми эълон қилинганидан кейин батафсилроқ изоҳлар берилади.

«Икки ярим йил ўтиб адолат тикланди. Регулятор аллақачон бу қарорга шикоят қилиш ниятида эканлигини маълум қилган. Лекин биз бу Латвия ва бошқа Болтиқбўйи мамлакатлари кабел тармоқларига қайтишимизнинг бошланиши бўлади, деб умид қиламиз», — дея изоҳ берди «Дождь» бош муҳаррири Тихон Дзядко Рига округ суди қарорига.

Округ маъмурий суди апелляция инстанцияси ҳисобланади. Биринчи инстанция суди «Дождь»нинг шикоятини рад этди.

Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан кўп ўтмай, «Дождь» телеканали расмийлар босими остида Россияда фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. 2022 йил июн ойида телеканал Латвияда трансляция лицензиясини олгани маълум бўлди. Бир ой ўтгач, «Дождь» ишни қайта бошлаганини эълон қилди.

Мавзуга оид