Ўзбекистон | 12:33 / 01.08.2025
23065
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ЙТҲ оқибатида тўрт йигит ҳалок бўлди

Олтинсой туманида ичида Gentra бетон тўсиққа урилиши оқибатида тўрт киши вафот этди. Тирик қолган ҳайдовчининг ҳужжати бўлмаган, автомобил эгаси машинани унга ювиб келиши учун берган.

Фото: Milliy TV

3 июл куни Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар берди вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, 2006 йилда туғилган йигит ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмасдан 4 нафар синфдоши билан Lacetti Gentra русумли автомашина рулига ўтирган.

Соат 22:30 ларда у тўрт нафар дўсти билан Шўрчи туманидан Олтинсой томон йўл олган. Соат 23:40 атрофида ҳайдовчи 75Б 012 автомобил йўлининг 15-километрида бошқарувни йўқотиши оқибатида автомобил бетон тўсиққа бориб урилган.

Йўловчилардан икки нафари олинган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган. Туман тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган яна икки йўловчи кейинроқ жон берган.

ЙТҲдан фақат ҳайдовчи омон қолган, у айни вақтда тан жароҳатлари билан шифохонада қолмоқда. Унинг айтишича, машина танишига тегишли бўлиб, таниши ундан машинани тахминан 200 метр масофадаги автомобил ювиш шохобчасига олиб бориб, ювиб келишни сўраган. Йўлда у дўстларини учратиб қолган ва улар «сайр қилиш»га қарор қилишган.

Йигитнинг айтишича, у машина ҳайдашни уйда ўрганган, оиланинг Gentra русумли ўз автомобили бор. Автоҳалокат содир бўлган куни у бошқа автомобилни қувиб ўтмоқчи бўлган, аммо шу пайт рул четга тортиб кетган.

«Тезлик керак эмас экан. Автомобилнинг эгаси менга ювиб келгин, деб берганди. Баллони ёрилиб кетдими, билмай қолдим, рул ўнг томонга тортиб кетди», – деган ҳайдовчи Millar дастури репортажида.

Мавзуга оид