Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Рақамли жанг майдонидаги аёллар»: интернетдаги кўринмас таҳдидлар
Ижтимоий тармоқлар бугунги кунда аёллар учун эркинлик ва имкониятлар майдонига айланган. Улар бу маконда шахсий фикрини билдирмоқда, фаол позицияси билан танилмоқда, бизнес очмоқда ёки бошқаларга илҳом манбаи бўлмоқда. Аммо рақамли ҳаёт қанча имконият берса, шунчалик таҳдид ҳам келтирмоқда.

Фото: Adobe Stock
Айниқса аёллар учун. Чунки улар рақамли маконда кўпинча зўравонлик, таъқиб, ўз шаънига тажовуз ва руҳий босимга дуч келишади.
Сўз эркинлигининг жазоси: интернетдаги ҳақоратлар
Интернетда ўз фикрини билдирган аёлларга нисбатан тажовузкор изоҳлар, ҳақоратлар ва ҳатто жинсий таҳдидлар тарқалиши кундалик ҳолатга айланган. Amnesty International ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар тўрт аёлдан уч нафари (76 фоизи) онлайн зўравонликка учраган. Кўп ҳолларда бу ҳолат уларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини камайтиришга ёки бутунлай ташлаб кетишига сабаб бўлади.
Шахсий фикрини билдириш, жамоатчиликка мурожаат қилиш аёл учун “жазога” айланиши – бу жамиятимизда ҳам учраб турадиган хавфли тенденциядир.
Кибертаъқибнинг таъсири
Онлайн макондаги таъқиблар баъзан виртуал билан чекланиб қолмайди. Киберсталкинг – яъни мессенжерлар, изоҳлар орқали доимий таъқиб қилиш ҳолатлари борган сари кўпаймоқда. Бу нафақат руҳий зўравонлик, балки реал ҳаётда ҳам хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Масалан, Ҳиндистондаги воқеалардан бири: бир аёлнинг Facebook саҳифаси собиқ севгилиси томонидан бузиб кирилиб, унинг шахсий маълумотлари тарқатилган. Бундай ҳолатлар аёлларни жамоат фаоллигидан чекинишга, хусусан, гендер ҳақида пост ёзишдан воз кечишга мажбур қилмоқда.
Doxxing: интернет орқали “жазолаш”
Сўнгги йилларда кенг тарқалаётган яна бир таҳдид – doxxing, яъни аёллар розилигисиз улар ҳақидаги шахсий маълумотларни оммага эълон қилиш. Телефон рақами, яшаш жойи, иш жойи, ҳатто оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар очиқланиши орқали уларга босим ўтказиш ҳолатлари жуда хавфли.
Айрим ҳолларда бу таъқиблар таҳдидли қўнғироқлар, ҳатто жисмоний ҳужум билан якун топган. Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйлаб ҳар тўрт аёлдан бири камида бир марта шахсий маълумотларининг интернетга тарқалиши билан боғлиқ ҳолатга дуч келган.
Афсуски, бундай ҳолатларга қарши курашиш учун қонуний асос деярли йўқ. Австрия ва Гонконг каби кам сонли мамлакатлар бу соҳада аниқ чоралар кўрмоқда холос.
Deepfake: Тахмин эмас, реал таҳдид
Сўнгги йилларда янги технологиялар — жумладан сунъий интеллект орқали фейк видеолар яратиш (deepfake) аёлларга қарши янги қуролга айланди. Бунда аёлларнинг юзи, овози реал эмас, сунъий равишда тўқиб чиқарилган контентларга жойланади. Аксар ҳолатларда бу видеолар порнографик, шаънни ҳақорат қилувчи тарзда бўлади.
Бу нафақат руҳий зарба, балки жамиятдаги обрў, оиладаги мавқе, ишдаги фаолиятга жиддий путур етказади. Айниқса Ўзбекистон каби қадриятларга боғлиқ жамиятда бу ҳолат қайғули оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Instagramʼдаги гўзаллик” — аёлларга жисмоний босим
Ижтимоий тармоқлар нафақат ахборот, балки стандартлар “макони”га айланди. Айниқса, ташқи кўринишга оид. Ингичка бел, тиниқ тери, “идеал” юз – аёллар айнан шундай тасвирлар билан солиштирилиб, ўзини етарлича гўзал эмас деб ҳисоблашни бошламоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар 10 қиздан 6 нафари ўзини ижтимоий тармоқларда бошқалардан кўра “хунукроқ” деб ҳис қилган. Бу эса депрессия, изтироб, руҳий қийинчилик ва ўзидан қониқмаслик каби муаммоларга олиб келмоқда.
Қонун ва ҳимоя борми?
Айтилган таҳдидлар онлайн бўлса-да, уларнинг оқибати реал. Руҳий, жисмоний, ижтимоий жабҳаларда аёлларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аммо муаммо шундаки, бу таҳдидларга қарши ҳимоя воситалари жуда заиф. Қонунлар, мониторинг, жазо ва энг муҳими — жамоатчиликнинг англаш даражаси паст.
Оммавий ахборот воситалари, блогерлар, ҳуқуқшунослар, таълим муассасалари ва ота-оналар биргаликда ишламаса, рақамли зўравонликнинг олдини олиш қийин бўлади.
Рақамли дунё эркинликнинг янги майдони, бироқ у аёллар учун ҳам янги фронтга айланган. Сўз, фикр, шахсий ҳаёт, ташқи кўриниш — барчаси ушбу маконда таҳдидга айланиши мумкин. Бу таҳдидлар нафақат аёлларни, балки бутун жамиятни эркинлик, тенглик ва фаровонликдан узоқлаштиради.
Мавзуга оид

10:51 / 02.08.2025
Лазер эпиляцияси тери саратонга сабаб бўладими? Мутахассислар жавоб берди

15:21 / 30.07.2025
Пишиқчилик бошланди: аёллар учун консерва мавсумида фойдали харид тавсиялари

14:59 / 30.07.2025
Аёлларни иш билан таъминлаш бўйича ижтимоий лойиҳалар молиялаштирилади

20:07 / 28.07.2025