Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сирдарёда Хитойдан келтирилган 3 миллион тут кўчати ёқиб йўқ қилинди

Хитой Халқ Республикасидан Сирдарё вилоятига 3 миллион дона тут кўчати Карантин рухсатномасисиз олиб кирилгани маълум бўлди.
Карантин рухсатномаси – карантин остидаги маҳсулотни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга ёки унинг ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтишга рухсат берилганлигини тасдиқлайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан берилган ҳужжат. Ушбу ҳужжатда республикамизнинг фитосанитар талаблари кўрсатилади.
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот хизмати хабар қилишича, мазкур 3 миллион дона тут кўчати бўртма нематода билан зарарлангани учун ёқиш йўли билан йўқ қилинган.
Айтилишича, мазкур тут кўчати Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Марказий карантин лабораторияси текширувидан ўтказилганда илдиз қисмида бўртма нематода топилган ва тегишли карантин чоралари кўрилиши юзасидан хулоса берилган.
Бўртма нематода помидор, бодринг, сабзи, пиёз, ғўза, гилос, ўрик ва бошқа экинларни кучли зарарлайди. Бўртма нематода билан зарарланган мазкур экинлар ёппасига қуриб қолади. Личинкаларнинг ривожланиши натижасида ўсимлик бутунлай нобуд бўлади. Дунё бўйича бўртма нематодалар билан 2000 турга яқин турли оилага мансуб маданий ва ёввойи ўсимликлар зарарланган, бўртма нематода билан зарарланган ўсимликларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
«Инспекция тақдимномасига мувофиқ, вилоят ҳокимлиги қарори билан тут кўчатлари келтирилган ҳудудда карантин ҳолати эълон қилинди. Хитойдан келтирилган 3 миллион дона тут кўчатлари вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг махсус полигонида тегишли ташкилот ва идораларнинг масъул ходимлари иштирокида ёқиш йўли билан йўқ қилинди», дейилади хабарда.
Ўзбекистон Республикаси «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонунининг 29-моддасига асосан республика ҳудудига карантин остидаги маҳсулотлар ҳамда ўсимликларнинг экиш материалларини (уруғлик, кўчат, туганак, пиёзбош ва бошқалар) олиб киришдан аввал «Ўздавкарантин» иснпекциясидан карантин рухсатномаси ва фитосанитария сертификатини олиш мақсадга мувофиқдир.
Мавзуга оид

12:20 / 03.08.2025
Сирдарёда ёнғин ва портлаш хавфи сабаб 4 та заправка вақтинча ёпилди

23:32 / 30.06.2025
Сирдарёда Lacetti ва Yutong иштирокида ЙТҲ юз берди. Бир йўловчи ҳалок бўлди

13:44 / 27.06.2025
Сирдарёда ноқонуний балиқ овлаганлар салкам ярим млрд сўм зарар етказди

09:59 / 21.06.2025