Ўзбекистон | 18:40 / 28.10.2022
1948
3 дақиқада ўқилади

“Яқин кунларда Ўзбекистон ахборот кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади” – Олимжон Ўсаров

26 октябр куни Олий Мажлис Сенати биносида Ўзбекистонда сўз эркинлиги масалалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Ўзбекистонда ягона Ахборот кодекси ишлаб чиқилаётгани ва унинг яқин кунларда тақдимот қилиниши ҳақида маълумот берди.

“Бугун парламентда ягона Ахборот кодекси тайёрланмоқда. Биласиз, бугун Ўзбекистонда ОАВ фаолиятини тартибга соладиган ўндан ортиқ қонун ва қирқдан ортиқ қонуности ҳужжатлар мавжуд. Энг қизиғи, бу қонунлардаги айрим моддалар бир-бирини инкор этади.

Биз Ахборот кодекси қабул қилиниши кераклиги бўйича анчадан буён таклифларимизни билдириб келаётгандик. Яқинда президент ҳам бу кодекс ишлаб чиқилиши кераклиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Бугун бу кодекс ишлаб чиқилмоқда. Мен Ахборот кодексида асосий учта нуқта бирлашиши керак, деб ўйлайман. Масалан, кодексда ахборот ўзи нима эканлигига аниқ таъриф берилиши керак. Шунингдек, уни тарқатувчи ва ундан фойдаланувчи масаласи белгиланиши лозим.

Бугун журналистлардан уларнинг фаолияти тартибга солингани, лекин блогерларга нисбатан жавобгарликни кўзда тутвчи қонун ҳужжатлари мавжуд эмаслиги бўйича кўп эътироз бўлади.

Янги кодексда “ахборот тарқатувчи”сига оид норма белгиланиши керак. Чунки бугун ахборот тарқатувчиси сифатида кўплаб янги йўналишлар кириб келяпти. Масалан, “Тик-токчи”, “вайнерчилар” каби. Улар ҳам ахборот тарқатувчи. Фикримча, ахборот тарқатувчиларнинг барчасига бир хил ҳуқуқ ва нормалар белгиланиши керак.

Мен янги кодекснинг мазмуни ҳақида тўла тўхталмоқчи эмасман. Чунки кодекс лойиҳаси тайёр бўлгач, у жамоатчиликка эълон қилинади.

Ҳозир бу борада АОКА ҳузурида тузилган алоҳида ишчи гуруҳ томонидан катта ишлар қилиняпти. Яқин кунларда бу кодекс тақдимоти ҳам режалаштирилмоқда.

Ноябр ойида биз АОКА билан ҳамкорликда йирик Медиа форум ўтказишни режалаштиряпмиз. Ана шу форум давомида журналистларнинг таклифлари билан кодекс янада бойитилади, деб ўйлайман”, – дея Олимжон Ўсаров сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид

Эълонлар