Ўзбекистон | 17:20 / 26.05.2025
14810
4 дақиқада ўқилади

“Урушда бир кўзимдан айрилдим” – Россия армиясига ёлланган ўзбекистонлик йигит

Аралаш жанг санъати билан профессионал тарзда шуғулланган спортчи йигит арманлар таклифи билан жанг ўтказиш мақсадида Москва шаҳрига борган. Аммо у кутилмаган муаммолар туфайли ҳақиқий жангга, яъни урушга боришга мажбур бўлган. Луҳанскдаги жангда бир кўзидан айрилган йигит судда тикланиш таътилида Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасига борганини, бироқ улар ёрдам бермаганини айтган.

Фото: AP

Россия армиясига ёлланган яна бир Ўзбекистон фуқароси жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1997 йилда туғилган А.У. Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида яшаган. У 2024 йилнинг 15 июн куни Россияга бориб, моддий манфаат кўриш учун ушбу давлат армиясига ёлланган. У Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Бироқ осколка тегиб, кўзидан жароҳатланган.

А.У. судда айбига иқрорлик билдириб, аралаш жанг санъати билан профессионал тарзда шуғулланганини, Москвага жанг қилиш учун борганини билдирган.

Илгари оиламизга тегишли дўконлар бор эди. Мен уларнинг ишини юритиб келганман. Дўконларимиз банкрот бўлиб, катта қарздорликка кириб қолдим. Бундан ташқари профессионал тарзда аралаш жанг санъати билан шуғулланиб келганман.

Катта қарзга кирганимдан сўнг интернет тармоғида чет давлатларда жанг бўладиган жойларни қўйиб бордим. Россия Федерациясининг Москва шаҳрида жанг чиқди. Ушбу жангга борадиган бўлдим. У ерга боришдан олдин арманистонлик менежерлар билан гаплашиб олдим. Улар Россияга боришимга кетадиган барча харажатларни қоплаб берадиган бўлишди.

2024 йил 30 май куни Москва шаҳрига етиб бордим ва арманистонликлар билан учрашдим. Улар менга жанг бекор қилинганини айтишди ҳамда қилинган харажатларни қоплаб беришимни сўрашди. Ёнимда умуман пул бўлмагани учун нима қилишни билмай қолдим. Арманистонликлар “бир соат вақт ичида пулларимизни қайтарасан” деб туриб олишди ва паспортимни гаровга олиб қўйишди”, деган суддаги кўрсатмасида А.У.

Шундан сўнг А.У. Москвада “шартномали хизмат” деб ёзилган реклама баннерини кўриб қолган ва унда кўрсатилган манзилга борган.

У ерда Россия ҳарбийлари бор экан. Улардан бу қандай шартнома эканини сўраганимда ҳарбий шартнома эканини маълум қилишди. “Шартнома қилсам, пулини бугуннинг ўзида берасизларми?” деб сўрадим. Пулни вақтида беришини айтишди. Кейин арманистонликларга айтиб паспортимни олдим ва уларга қарзларини бердим.

Шартнома қилаётган вақтида Ўзбекистонда нима иш қилганимни сўрашди. Ишлаб чиқариш техникаларини йиғганман, дедим. Менга “ҳарбий техникаларни таъмирлаш билан шуғулланасан”, дейишди. Рози бўлдим ва 1 йиллик шартнома имзоладим”, деган йигит.

Шу тариқа А.У.ни Ростов шаҳри Персияновка қишлоғи атрофидаги ҳарбий палигонга олиб боришган. У ерда бошланғич ҳарбий тайёргарликдан ўтилган. Бу вақтда қуролдан отиш, тўсиқлардан ўтиш каби машғулотларни ўргатишган. Сўнгра Украинанинг Луҳанск шаҳрига олиб кетишган. Бу ерда улар чуқурлаштирилган ҳарбий тайёргарликдан ўтказилган ва 2024 йил 5 август куни урушга жалб қилинган.

Ҳарбий машинада кетаётган А.У. дрон ҳужуми оқибатида осколка тегиб, бир кўзидан айрилган. Уни аввалига Луҳанскдаги, сўнг Ростов шаҳридаги ҳарбий госпиталларга жўнатишган. 2024 йил 2 сентябрда эса Санкт-Петербургдаги ҳарбий госпиталга олиб бориб, операция қилиш орқали кўзини тиклашга уринишган. Аммо тиклай олишмаган.

Тўлиқ тикланиб олишим учун 60 кун таътил беришди. Таътил вақтида Ўзбекистонга қайтишни режалаштирдим. Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасига бориб, ёрдам сўрадим. Лекин улар бундай ҳолатда ёрдам бера олмасликларини айтишди. Шундан сўнг интернет тармоғи орқали 50 минг рублга миграцион карта сотиб олдим ва 2024 йил 20 декабрда Ўзбекистонга қайтиб келдим”, деган А.У. судда.

Суд ҳукми билан А.У. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга қамоқда ўтирган даври чегирилган ҳолда 4 йил 1 ой 20 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Олдинроқ Россия-Украина урушида қатнашиб, жанг майдонида ҳарбий истеҳком қуриш ишларига жалб этилган ўзбекистонлик йигит жиноий жазога тортилганди.

Мавзуга оид