Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 7 ойлик минимумга тушди
Ўзбек сўми уч кун ичида АҚШ долларига нисбатан 172 сўм ёки 1,3 фоизга мустаҳкамланди. Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, йил бошидан буён дунёда доллар индекси тушиб бормоқда, олтин нархининг ўсиши эса Ўзбекистонга экспортдан валюта тушумларини кўпайтирган, боз устига пул ўтказмалари ҳам сезиларли ўсган.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистон Марказий банки 30 майдан бошлаб хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади. АҚШ доллари курси кунлик савдолар якунига кўра яна 62,8 сўмга ўз қийматини йўқотди.
Умуман олганда, доллар курси кетма-кет учинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 172 сўмга (1,3 фоиз) — 12 939,9 сўмдан 12 768,2 сўмга арзонлашди. Бу – 2024 йилнинг 4 октябридан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич.
Йил бошидан буён миллий валюта АҚШ валютасига нисбатан 1,05 фоизга мустаҳкамланди. Таққослаш учун, 2024 йилнинг январ-май ойларида сўм 2,5 фоизга қадрсизланган эди.
Кун давомида тўртта банкда Америка валютасини 12 835 сўмдан сотиб олиш мумкин бўлди. Бу – бир кун олдинги банклардаги минимал сотув курсидан 55 сўмга арзон.
Сўм нега мустаҳкамланяпти?
Иқтисодчи Миркомил Холбоев сўм курсининг айни кунлардаги мустаҳкамланишига таъсир қилаётган эҳтимолий омилларни санаб ўтди.
Глобал тенденциялар. Трамп АҚШда президент сифатида иш бошлагандан кейин глобал иқтисодий барқарорлик бўйича ноаниқликлар кучайди. Хусусан, бир неча бор эълон қилинган ва вақтинча тўхтатилган савдо урушлари, Россия–Украина можаросида Россия томонининг қўллаб-қувватланилиши (сўнгги кунларда бу тренд орқага кетаётгандек) ва бошқа кўплаб ноаниқлик юзага келди. Натижада инвесторларнинг АҚШ иқтисодиёти бўйича кутилмалари ёмонлашди. Бу эса фонд бозорлари ҳамда валюта бозорига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Хусусан, йил бошидан буён (ўртача эмас) доллар индекси 9 фоиздан кўпроққа қадрини йўқотди. Яъни сўнгги 4-5 ойдаги глобал тенденциялардан кўриш мумкинки, долларнинг умумий қадрсизланиш тенденцияси кузатиляпти.
Олтин нархи, ташқи савдо, захиралар. Глобал ноаниқликлар шароитида олтин нархининг кескин ўсиши кузатилди. Хусусан, ўтган йилнинг декабри билан таққослаганда олтин нархи 24 фоизга ошган. Ўзбекистон эса йирик олтин экспортёри ҳамда захираларида олтиннинг ўрни жудаям катта ҳисобланади.
Жумладан, олтин нархи ўсиши фонидан Ўзбекистон захиралар ҳажми йил бошига нисбатан қарийб 20 фоизга ўсиб, 49,2 млрд долларга етди. Захираларнинг ўсиши ўз-ўзидан Марказий банкка валюта бозорига таъсир қилиш учун кўпроқ имконият яратади.
Шунингдек, қиммат олтин нархи фонида экспорт юқори суръатларда ўсмоқда. Жорий йилнинг 4 ойида экспорт ҳажми 12 млрд долларни ташкил этиб, олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 35,1 фоизга кўпайди. Олтин экспорти эса 62,3 фоизга ўсиб, 5,6 млрд долларга етди. Экспортнинг бундай юқори ўсиши фонида ташқи савдо дефицити 846 млн долларгача қисқарди. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, сўнгги уч ойда ойлик ташқи савдо профицитда. Ойлик ташқи савдонинг профицитда бўлиши эса табиийки, миллий валюта учун қулай шарт-шароитлар яратади.
Пул ўтказмалари. АҚШ–Россия муносабатларидаги кескин бурилиш рублнинг сезиларли мустаҳкамланишига сабаб бўлди. Хусусан, Россия валютаси феврал, март ойларида долларга нисбатан мос равишда 7,2 ҳамда 7,6 фоизга мустаҳкамланди. Рублнинг мустаҳкамланиши эса ўз навбатида пул ўтказмаларининг ўсишини тезлаштирди. Жорий йилнинг биринчи чорагида пул ўтказмалари ҳажми 3,3 млрд долларни ташкил этиб, олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга ўсган.
S&P прогнози. Юқоридаги омиллардан ташқари S&P Ўзбекистон кредит рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди. Мазкур ҳодиса ҳам иқтисодиёт бўйича кутилмаларнинг яхшиланишига хизмат қилади. Бу ҳам валюта курсига ижобий таъсир ўтказаётган ва ўтказиши мумкин.
“Сўнгги икки кундаги ўзгаришларда айни қайси омил доминантлик қилаётганини аниқ айтиш қийин, лекин катта эҳтимол билан юқоридаги омил таъсирида тренд шаклланмоқда. Албатта, яқин келажакда сўмнинг қандай тренд билан ҳаракатланишини аниқ айтиш қийин. Лекин юқори олтин нархи ҳисобига стерилизация учун шаклланган захиралар, глобал ноаниқликларнинг давом этаётгани (олтин нархи ўсиши ва доллар индексининг қадрсизланиши), мигрантларимиз фаолият юритаётган асосий иқтисодиётларда нисбатан яхши иқтисодий шароит шаклланаётгани ҳисобига, менимча, жорий йил валюта курси (доллар) олдинги йиллар билан таққослаганда нисбатан барқарор шаклланса керак”, дея хулоса қилган Миркомил Холбоев.
Аввалроқ, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўз миссияси якуни бўйича Марказий банкка сўм бозор шароитларини янада аниқроқ акс эттириши ва ташқи зарбалардан ҳимоя қилувчи самарали воситага айланиши учун валюта курси тебранишлари оралиғини аста-секин кенгайтиришни тавсия этганди.
S&P прогнозларига кўра, АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси 2025 йил охирида 13 566,5 сўм, 2026 йил охирида 14 244,8 сўм, 2027 йил охирида 14 957,1 сўм, 2028 йил охирида эса 15 704,9 сўм бўлиши мумкин.
Мавзуга оид

22:31 / 28.04.2025
BRICS янги валюта яратишни режалаштирмаяпти

10:11 / 20.03.2025
ДХХ 1,2 млн долларнинг ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйди

10:09 / 11.03.2025
195 минг қалбаки долларнинг муомалага киритилиши олди олинди

16:55 / 20.02.2025