Ўзбекистон | 19:16
2422
2 дақиқада ўқилади

Президент Кўкдала тумани марказидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди

Қашқадарё вилоятидаги ушбу туман давлат раҳбари ташаббуси билан уч йил аввал ташкил этилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани маъмурий марказидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Ушбу туман аҳолига қулайлик яратиш, урбанизация жараёнларини тартибга солиш мақсадида давлат раҳбари ташаббуси билан уч йил аввал ташкил этилган эди.

Бугун Еттитом яқинида янги шаҳар пайдо бўлмоқда. Аввало, 120 километр сув, 210 километр электр тармоғи қурилиб, зарур инфратузилма яратилди. Йўллар кенгайтириб, таъмирланди. Маъмурий бинолар, 19 та мактаб, 22 та боғча, кўп тармоқли шифохона ва оилавий поликлиника барпо этилди. Бу ерда 38 та давлат идораси бир жойда жамланган.

Президент Кўкдаладаги бунёдкорлик, бундай яхлит ва мутаносиб шароитлар барча туманлар учун намуна эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари туман марказидаги Еттитом кичик саноат зонасида ҳам бўлди.

Тўрт гектар майдонда тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш ва хўжалик моллари каби йўналишларда қиймати 10 миллион долларлик тўққизта кичик лойиҳа жойлаштирилган. 600 дан ортиқ доимий иш ўрни очилган.

Президент янги бунёд этилган санъат саройини ҳам бориб кўрди. Бу ерда 255 ўринли томоша зали, кўплаб тўгарак хоналари бор. Сарой замонавий чолғу асбоблари билан таъминланган, овоз ёзиш студияси, овоз кучайтириш мосламалари, совитиш ва иситиш тизими билан жиҳозланган.

Президент ёш ижрочиларнинг бадиий чиқишларини ҳам кузатди.

- Сизларни кўриб, Амир Темур бобомиз юртида истеъдодлар кўплигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Ғайратли бўлиб, билим олишдан тўхтамасангиз, Ўзбекистон буюклигининг замини сизлар бўласиз, деди Шавкат Мирзиёев ёшларга қарата.

Марказда, шунингдек, болалар майдончалари, яшил ҳудудлар, савдо ва сервис марказлари қурилмоқда.

Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи якунланди.

Мавзуга оид