Жамият | 21:25 / 25.06.2025
1227
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қатор автобус йўналишлари вақтинча ўзгартирилди

Оҳангарон йўли кўчасининг Қорасув кўчасидан Бирлашган кўчасигача бўлган бир томонлама қисми вақтинча ёпилди. Шу боис бир қатор автобус йўналишлари ҳаракати ўзгартирилди.

Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги Оҳангарон йўли кўчасининг Қорасув кўчасидан Бирлашган кўчасигача бўлган бир томонлама қисми вақтинча ёпилиши сабабли ушбу манзил орқали ҳаракатланувчи автобус йўналишларининг ҳаракати ўзгартирилди. Бу ҳақда пойтахт Транспорт бош бошқармаси хабар берди.

Хусусан:

  • 95, 110, 128-сонли автобус йўналишлари ҳаракати Оҳангарон шоҳкўчасидаги қўшимча маҳаллий йўл орқали ўзгартирилди;
  • 18, 30, 44, 49, 119, 129-сонли автобус йўналишлари ҳаракати Қорасув, Авиасозлар, Бешариқ кўчалари орқали ўзгартирилди.

«Йўл таъмирлаш ишлари жараёнида ҳаракат чекланиши ва узоқ муддатли транспорт тирбандликлари юзага келиши ҳолатларига кўра автобус йўналишлари ҳаракатига қўшимча ўзгартиришлар киритилиши мумкинлигини маълум қиламиз», - дейилади хабарда.

Шунингдек, йўл таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли 97- ва 157-сонли автобус йўналишлари қатнов йўли вақтинчалик ўзгартирилди.

Ҳар икки йўналиш Амир Темур ва Боғишамол кўчалари кесишмасидан ортга қайрилиб, ўз йўналиши бўйича ҳаракатни давом эттиради.

97-сонли автобус йўналиши:

  • Тошкент вокзалидан Юнусобод деҳқон бозорига боришда Амир Темур ва Боғишамол кесишмасигача ҳаракатланади ва у ердан ортга қайрилиб, белгиланган йўналиш бўйича ҳаракатни давом эттиради.

157-сонли автобус йўналиши:

  • Пахтакор метро бекатидан Юнусобод 19-даҳага боришда худди шу кесишмага етиб боради ва ортга қайрилади.

Таъкидланишича, йўл таъмирлаш ишлари якунлангач, автобуслар аввалги йўналиш бўйича ҳаракатланишни давом эттиради.

Мавзуга оид