Клублар мундиалида сенсациялар куни. «Сити» ва «Интер» турнирдан чиқариб юборилди
Симоне Индзаги араблар жамоасида ҳам мўъжиза кўрсатишда давом этмоқда.

КЖЧ. Нимчоракфинал
«Манчестер Сити» – «Ал Ҳилол» 3:4
Голлар: Силва 9, Ҳоланд 55, Фоден 104 — Леонардо 46, 112 (дубл), Малком 52, Кулибали 94.
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Айт Нури, Гвардиол (Аке, 53), Рубен Диаш, Матеус Нунес (Аканжи, 53), Рейндерс (Шерки, 91), Гундўған (Родри, 53, Фоден, 100), Бернарду Силва, Доку, Ҳоланд (Мармуш, 91). Савио.
«Ал Ҳилол»: Буну, Лоди, Рубен Невеш, Кулибали, Ал-Арби (Ал-Булайҳий, 88), Ад-Довсарий (Ал-Жувайр, 106). Канно (Ладжами, 83), Милинкович-Савич, Жоау Канселу (Ал-Ями, 88). Маркус Леонарду (Ал-Гҳаннам, 116), Малком (Кайо Сезар, 64)
Огоҳлантиришлар: Гвардиол (27), Матеус Нунес (39), Аканжи (105) – Маркус Леонарду (113).
«Манчестер Сити» ва «Ал-Ҳилол» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати 1/8 финалида қувноқ спектакл қўйиб беришди. Бу жамоаларнинг Орландода кечган ўйини – плей-оффнинг (балки бутун турнирнинг) эпик воқеасига айланди. Жамоалар ўйинни экстра-таймларга ўтказишди, у ерда эса кутилмаганда саудияликларнинг қўли баланд келди.
Ҳолбуки биринчи бўлимга қараб умуман тенг кураш ҳақида айтиб бўлмасди. «Манчестер Сити» бутун 45 дақиқа давомида «Ал-Ҳилол» ҳимоячиларининг кўзини очирмади. Пеп Гвардиола шогирдлари кутилган голлар кўрсаткичи бўйича 2,08 xG натижасига эришди, саудияликлар эса дарвоза соҳасига тўғри борган бирорта зарба йўллай олмади ва камтарона 0,3 xG кўрсаткичини қайд этишди. «Сити» юзага келтирган вазиятларни санашга икки қўлдаги бармоқлар ҳам етарли бўлмайди. 9-дақиқада инглизлар ҳақли равишда ҳисобни очишди: Райан Айт-Нури ва Тейани Рейндерс чиройли комбинация уюштиришди, жазоирлик футболчи рақиб жарима майдонига кириб борди. Зарба ва рикошетдан кейин тўп Бернарду Силвага келиб тушди, у эса тўпни осонлик билан Яссин Буну қўриқлаётган дарвозага киритиб юборди.
Шу билан бирга, «Манчестер Сити»нинг голи баҳсларга сабаб бўлди. «Ал-Ҳилол» футболчилари бош ҳакам Хесус Валенсуэлага эътироз билдира кетди. Бунга сабаб бор эди: ҳужум вақтида тўп Айт-Нурининг қўлига текканди.
Аммо VAR’даги ёрдамчилари билан маслаҳатлашган ҳакам Райан қасддан қўл билан ўйнамаган деб топди. Вазиятни текшириш 3-4 дақиқа вақт олди. Тўп майдон марказига олиб келиниб, бош ҳакам ўйинни давом эттириш учун ҳуштак чалди, аммо «Ал-Ҳилол» футболчилари экранда вазият такрорини кўриб, яна ҳакам билан баҳсга киришишди. Фойдаси бўлмади: арбитр бутун стадионга қоидабузарлик бўлмагани ва гол бекор қилинмаслигини эълон қилди. Уни юз фоиз ҳақ деб бўлмайди ва бу қарор ҳали яна муҳокама қилиниши тайин.
Гуруҳ босқичида икки бор йирик ҳисобда ғалаба қозонган, хусусан, «Ювентус» дарвозасини беш бор ишғол этган «Сити»га қарши янги бош мураббий Симоне Индзаги бошқарувида ўйнай бошлаганига бир ой ҳам бўлмаган ва таркибда муаммоларга учраган (жамоа тўпурари Митрович жароҳат туфайли турнирда бирор ўйинда майдонга туша олмади, учинчи турда эса жамоа сардори ва энг ёрқин футболчиларидан бири Салим ад-Довсари ҳам сафдан чиқди) «Ал-Ҳилол»нинг тақдири олдиндан маълумдек эди.
Аммо Буну бунга қарши чиқди. «Ал-Ҳилол» посбони жамоасини бир неча бор муқаррар голлардан қутқариб қолди. Марокашлик дарвозабон 45 дақиқа мобайнида олтита сейв амалга оширди. У Савинио, Эрлинг Ҳоланд, Бернарду Силва ва Йошко Гвардиолнинг хавфли зарбаларини қайтарди.
Иккинчи бўлимда эса барчаси ўзгариб кетди. Жамоалар иштирокида ақл бовар қилмас 10 дақиқалик бўлиб ўтди. «Ал-Ҳилол» футболчилари майдонга катта иштиёқ билан чиқиб келишди ва 46-дақиқадаёқ ҳисоб тенглашди: саудияликлар жамоаси форварди Маркос Леонардо узоқ давом этган ҳужумни гол билан якунлади. Малком бошлаб берган бу ҳужум давомида Жоау Канселу, Носир ад-Довсарий ва Малкомнинг ўзи тўпни Эдерсон дарвозасига йўналтиришга ҳаракат қилишди. Леонардо эса тўртинчи уринишда бош билан аниқ зарба йўллади. Чиройли эмас, аммо катта меҳнат билан урилган гол.
Олти дақиқа ўтиб эса Малком «Ал-Ҳилол»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бразилиялик футболчи «Сити» ижросидаги стандартдан кейин қарши ҳужумда ҳимоячилардан қочиб кетди ва Эдерсонга ҳеч қандай имкон қолдирмади. Симоне Индзаги ғолибона тарзда қўлларини баланд кўтарди, «Ал-Ҳилол» футболчилари эса голни худди турнирда ғолиб чиққандек нишонлашди.
Аммо хурсандчилик узоққа чўзилмади. Уч дақиқа ўтиб Эрлинг Ҳоланд бурчак зарбасидан кейин яқин масофадан туриб Буну дарвозасини ишғол этди. Жамоалар 10 дақиқа ичида уч гол уришди.
Кейин эса ўйин суръати туша бошлади. Ярим соатга яқин вақт мобайнида футболчилар рақиб дарвозалари қаршисида хавфли вазиятлар ярата олишмади. «Манчестер Сити» ташаббусга эгалик қилди, «Ал-Ҳилол» тартиб билан ҳимояланди. 84-дақиқада саудияликлар хавотирли эпизодни бошдан кечиришди. Ҳоланд яна бир бор бурчак зарбасидан кейин жуда қулай позициядан тўпни дарвозага йўналтирди, аммо ҳимоячи Али Ладжи тўпни чизиқ устида қайтариб қолди. Ҳакам Валенсуэла соатини кўрсатиб, тўп чизиқни тўлиқ кесиб ўтмаганини кўрсатди.
Иккинчи бўлимга қўшиб берилган олти дақиқа жамоалардан бири ғалабани илиб кетиши учун етарли бўлмади. Шу билан бирга, «Ал-Ҳилол» сўнгги дақиқаларда яхши вазиятга эга бўлди, аммо Леонардонинг зарбасини «Сити» ҳимояси тўсди ва ўйин қўшимча бўлимларга ўтди.
Ва 94-дақиқадаёқ «Ал-Ҳилол» яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Кулибали ўз услубида жарима майдони ичида барчадан баланд сакраб, боши билан «Сити» дарвозасини ишғол этди. Ўз навбатида инглизлар ҳам муносиб жавоб қайтаришди. Гвардиоланинг ўйинчи алмаштиришлари иш берди: Райан Шерки олис устун томон идеал узатма берди ва жарима майдони ичига югуриб кирган Фил Фоден мураккаб зарбаси билан мувозанатни тиклади.
Экстра-таймларга келиб «Сити»да тўлиқ устунлик учун куч қолмаганди, «Ал-Ҳилол» эса ҳал қилувчи вазият учун энергия топа олди. 112-дақиқада Сергей Милинкович-Савич қанотдан узатмани хавфли зарбага айлантирди, Эдерсон сейв амалга оширди. Бу ушбу дарвозабоннинг ўйин бошидан буён илк сейви бўлди, аммо шу ҳужумнинг ўзида у гол ўтказиб юборди. Тўп Маркос Леонардога бориб тушди ва у осонлик билан «Сити» дарвозасини яна бир бор ишғол этди – 4:3.
«Ал-Ҳилол» якунда ғалабали ҳисобни ушлаб қолди. Гвардиола фаолиятида илк бор клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида мағлуб бўлди. Пеп бунгача ушбу турнирда иккитадан ортиқ гол ўтказмаганди. Буни мегасенсация деса бўлади.
Мухлислар чоракфиналда «Интер» – «Манчестер Сити» қарама-қаршилигини кутишганди. Бунинг ўрнига яримфинал учун «Ал-Ҳилол» ва «Флуминенсе» ўртасида баҳс кечади. Саудияликлар турнир арафасида Симоне Индзагини чақиргани бежиз кетмади. У қисқа вақт ичида жамоа ўйинини кучайтира олди (гуруҳда «Реал» билан дуранг қайд этилган, «Пачука» мағлуб этилганди). «Манчестер Сити» эса бир йилдан буён совринсиз қолмоқда (2024 йил 10 августида Англия Суперкубогини ютган). Титул учун кейинги имкон фақат 2026 йил баҳорида бўлади (агар Лига Кубоги финалига етиб борилса).
«Флуминенсе» ҳам «Интер»ни уйга жўнатди
«Интер» – «Флуминенсе» 0:2
Голлар: Кано 3, Ҳеркулес 90+3.
«Интер»: Зоммер, Дармиан, Де Врей, Бастони (К. Аугусто 71), Думфрис (Л. Энрике 53), Асллани (Сучич 53), Барелла, Мхитарян (Карбони 53), Димарко, Тюрам (Эспозито 66), Лаутаро.
«Флуминенсе»: Фабио, Шавиер, Игнасио, Тиаго Силва, Фрейтес, Рене, Бернал (Сантос 81), Мартинелли (Ҳеркулес 61), Нонато (Лима 60), Ариас, Кано (Эвералдо 66).
Огоҳлантиришлар: Асллани (9), Бастони (38) – Кано (16), Фрейтес (26), Рене (36), Сантос (85).
Бразилиянинг клублар мундиалига ташриф буюрган квартети турнирдаги стратегия нуқтайи назаридан иккига бўлинди. Агар «Палмейрас» ва «Фламенго» ўз услубини ўзгартирмаган ва ҳар бир ўйинда устунлик қилишга уринган бўлса, «Ботафого» ва «Флуминенсе» жамоалари прагматизм синонимига айланишди. Учранглилар фақат аутсайдер «Улсан»га қарши ўйинда ҳужумдаги имкониятларини тўлиқ ишга солишди (4:2), «Боруссия» ва «Мамелоди Сандаунз» билан ўйинларда эса голсиз дуранглар қайд этилди. Жанубий африкаликларга қарши ўйинга «Флу» шунчаки ютқазмаслик вазифаси билан чиқишганди. Жамоа бош мураббийи Ренату Гаушу ўша ўйинда 40 ёшли сардор Тиагу Силвага плей-офф олдидан дам олиш имконини берганди.
«Интер» дарвозасига киритилган тезкор гол таассуроти янада кучлироқ бўлди. Ҳа, қанотдан уюштирилган ҳужум билан Милан мудофаасидан ўтишда омаднинг ҳам улуши бор, Ариаснинг узатмасидан кейин тўп Бастони орқали йўналишини ўзгартирди. Лекин голли ҳужумнинг барча қатнашчилари ўз вазифасини тўғри бажарди, гол муаллифи, 37 ёшли Кано дарвоза қаршисида ўзини йўқотиб қўймади ва тўпни Зоммернинг оёқлари орасидан ўтказди.
Ҳисобни очгач, «Флуминенсе» миланликлар ҳужум чизиғи ишини максимал даражада қийинлаштириш учун чуқур ҳимояга ётди. «Интер» тўпга эгалик қилиш бўйича катта устунликка эришди (30 фоизга қарши 70), аммо «нерадзуррилар» майдоннинг учинчи қисмида бўш зоналар топишга қийналишди. Европа жамоаси биринчи бўлимдаги ягона вазиятини ҳимоячилар ортига очилган Мхитарянга узун узатма бериш орқали юзага келтирди. Генрих зарба бермасдан, жарима майдонига етиб келган шериги Димаркога пас берди. Рақиб футболчилари «Интер» латералига ета олмаганди, аммо у тўпни етарлича баландликка кўтара олмади. «Флуминенсе»нинг 44 ёшли Фабио сейв ижро этди.
«Интер» танаффусгача Фабио дарвозаси олдида бошқа вазият ярата олмади. «Нерадзуррилар»га жамоавий тезлик етишмади. Бунинг сабаблари аниқ кўриниб турибди: иссиқ, оғир ва узоқ давом этган мавсумдаги толиқиш, рақиб яхши ҳимояланиши. Миланликлар рақиб дарвозаси қаршисида стандарт вазиятларда ҳам ҳаводаги тўпларни юта олмади – тажрибали Тиаго Силва бошчилигидаги «Флуминенсе» ҳимоячи яхши ҳаракатланди. Бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Мхитарян ҳиссиётга берилиб, оммавий муштлашув келтириб чиқаришига бир бахя қолди.
Бу вазиятда Генрихга бразиллар устози Ренато Гаушо провокация қилганди, у арманистонлик яримҳимоячи аутдан ташламоқчи бўлган тўпни тепиб юборганди.
Мхитарян 62 ёшли мураббийнинг кўксидан итарди.
Воқеа жойига икки жамоа футболчилари югуриб келишди.

Биринчи бўлимда «Интер» ҳисобни тенглаштиришидан кўра, «Флуминенсе» иккинчи голга яқинроқ эди. Бразиллар сафида колумбиялик Ариас индивидуал ҳаракатлари билан ажралиб турди. У жамоадошлари билан девор услубида ўйнаб, яна бир вазият яратди ва узоқ масофадан хавфли зарба берди. Зоммер тўпни қайтаришда муваффақиятсиз ҳаракат қилди – Шавйер қайтган тўпга зарба беришда «Интер»ни кечирди. Кейин бразиллар ўнг қанотдан берилган кроссдан кейин дарвозани ишғол этишди, аммо офсайд туфайли гол бекор қилинди.
Танаффусдан кейин «Интер» босим қилишда давом этди, лекин «Флуминенсе» ҳимоясидан ўта олмади. Бразиллар худди ҳар ҳафта ЕЧЛ финалчиси даражасидаги жамоага қарши ўйнайдигандек ҳаракатланди. Киву Карбони, Сучич, Луис Энрике каби ёшларни тушириш орқали, энергия беришга уринди. Шунга қарамай, иккинчи бўлимдаги илк голли вазият ҳам «Флу» томонидан яратилди. Аутдан тўп ташлаб берилиши орқали бошланган ҳужумда Ариас кучли зарба йўллади. Колумбиялик футболчининг зарбасидан кейин тўп устун ёнидан дарвозага кириб кетаётганди, аммо Зоммер ажойиб сейв билан «Интер»ни қутқариб қолди.
Фақат бўлим ўрталарига бориб Фабиога иш топилди. «Флуминенсе»нинг чарчаган футболчилари концентрацияни йўқота бошлади. «Интер» футболчилари тўп Тияго Силванинг қўлига текканини рўкач қилиб, пеналти сўрашди, аммо видеотакрор ҳимоячининг қўли табиий ҳолатда бўлганини кўрсатди. Кейин шу куннинг энг омадсиз футболчиси де Врей қулай имкониятдан фойдалана олмади. «Нерадзуррилар» стандарт вазиятда тўпни жарима майдонига етказишди, Мартинес ҳаводаги тўп учун курашда устун келди ва уни деярли бўш дарвоза қаршисида очилган нидерландияликка ташлаб берди, Стефан эса дарвозабон ҳудудида туриб гол ура олмасликнинг уддасидан чиқди. Унинг ҳаракатини оқлайдиган бир сабаб бор – у ҳимоячи.
Сўнгги дақиқалар – «Интер» томонидан максимал босим ва рақиб жарима майдонида бразиллар «автобус» қўйиши билан кечди. Жарима майдонидаги тиғиз жойлашув ва «Флуминенсе» футболчиларининг ҳимояда мустаҳкам туришига қарамай, Лаутарода гол уриш учун иккита вазият бўлди. Бир эпизодда миланликлар сардорининг зарбасидан кейин Ренато Гаушо жамоасини кекса дарвозабон, иккинчисида устун қутқариб қолди. Бундай ўйинларда омадсиз ғалаба қозониб бўлмайди ва шу куни Шарлоттадаги стадионда омад «Флу» футболчиларига кенг табассум билан боқди. Қўшимча дақиқаларда эса «Интер» қарши ҳужумда яна бир гол ўтказиб юборди. Захирадан тушган Ҳеркулес жарима майдони ташқарисидан эмин-эркин зарба беришига ҳеч ким халал бермади. Бу гол «нерадзуррилар» учун уларнинг турнирдаги иштирокини якунлаб берувчи ҳукм эди.
Мавзуга оид

13:36 / 30.06.2025
«ПСЖ» Месси ва жамоасини аямади. Ўйин тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлди

13:36 / 29.06.2025
Йилнинг энг узун ўйини: «Челси» ва «Бенфика» баҳси бошланганидан 4,5 соат ўтиб якунланди

11:59 / 27.06.2025
Винисиус «Реал»ни биринчи ўринда олиб чиқди, «Сити» «Ювентус»га 5 та гол урди

10:10 / 23.06.2025