Жаҳон | 10:21
2701
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Шмихални Украина мудофаа вазири лавозимига таклиф қилди

Украина бош вазири Денис Шмихал мамлакат Мудофаа вазирлигини бошқариши мумкин. Зеленский унинг лавозимини Юлия Свириденкога таклиф қилди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина президенти Володимир Зеленский бош вазир Денис Шмихалга мамлакат Мудофаа вазирлигига раҳбарликни таклиф қилди. Бу ҳақда у 14 июл, душанба куни кечқурун ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

«Денис Шмихалнинг катта тажрибаси Украина мудофаа вазири сифатида албатта қўл келади – айнан шу соҳада ҳозирда мамлакатда максимал ресурслар, максимал вазифалар ва катта масъулият бор», — дея изоҳ берди Зеленский ҳукуматдаги режалаштирилган ўзгаришлар ҳақида.

У Олий рада «Украина ҳукуматининг янги конфигурацияси»ни қўллаб-қувватлашига умид билдирди ва шунингдек, вазирлар маҳкамаси «нима ишлаётгани ва нимани қайта кўриб чиқиш ёки фаоллаштириш кераклигини» аниқлаш учун Киев ҳамкорлари билан «барча келишувлар аудитини» тезда ўтказиши кераклигини қўшимча қилди.

Рустем Умеров ҳозирда Украина Мудофаа вазирлигини бошқаради. 10 июл куни Володимир Зеленский матбуот анжуманида у мамлакатнинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланиши мумкинлигини айтди.

Шу куни Володимир Зеленский мамлакат бош вазири биринчи ўринбосари ва иқтисодиёт вазири Юлия Свириденкога Украина бош вазири лавозимини таклиф қилганини хабар берганди. «Мен Юлия Свириденкога Украина ҳукуматини бошқаришни ва унинг фаолиятини сезиларли даражада янгилашни таклиф қилдим. Янги ҳукуматнинг ҳаракат режаси яқин орада тақдим этилишини кутаман», деб ёзган Зеленский. У буни «Украинадаги ижро ҳокимият тизимини ўзгартириш» сари қадам деб атади.

Мавзуга оид