Жаҳон | 18:52 / 24.07.2025
4329
2 дақиқада ўқилади

Россия армияси Харкив марказига зарба берди

Бомбалардан бири кўп қаватли уй ёнида портлаган. 40 дан ортиқ киши яраланган.

Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA

Россиянинг Харкив шаҳри марказий қисмига йўллаган авиазарбаси оқибатида 42 киши, жумладан, олти нафар бола жабрланди, деб хабар қилди Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Жароҳатланганлардан камида олти нафари шифохонага ётқизилган.

Шаҳар мэри Игор Тереховнинг маълумотига кўра, россиялик ҳарбийлар 24 июл куни Шевченково райони бўйлаб иккита йўналтирилувчи авиабомба ташлаган. Бомбалардан бири фуқаролик корхонасига тушган ва у ерда ёнғин бошланган. Иккинчиси кўп қаватли уй олдида портлаб, бу ерда турган 15 га яқин автомобил ёниб кетган.

«Ҳеч қандай ҳарбий мақсадсиз мутлақо маъносиз зарбалар. Ва кўряпмизки, Россиянинг ягона истаги - агрессияни, қотилликни давом эттириш. Шунинг учун бизга мудофаада ёрдам керак - кучли ҳаво мудофааси, қурол ишлаб чиқаришни кенгайтириш. Буларнинг барчаси инсонлар ҳаётини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Ҳамкорлар билан ҳамкорликка умид қиламиз ва аллақачон ёрдам беришга тайёр бўлган барчадан миннатдормиз», – деди Украина президенти Володимир Зеленский. У зарба жойида олинган видео ва суратларни эълон қилган.

Мавзуга оид