Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сенатнинг янги тизимга эътирози, 103 хизматида янгилик, ҳокимларга янги ўринбосар – маҳаллий дайжест
Сенат чиқинди хизматидан қарз сабаб электрга тўлов қилолмаслик механизмидаги камчиликларни танқид қилди. 103 тез тиббий ёрдам хизматида Call-back тизими йўлга қўйиладиган бўлди. Ҳокимларга янги ўринбосар лавозими жорий қилинди, у аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш билан шуғулланади. Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди. Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Сенат чиқинди хизматидан қарз сабаб электрга тўлов қилолмаслик механизмини танқид қилди
1 августдан бошлаб, маиший чиқинди хизматлари учун тўлов бўйича қарз мавжуд бўлган тақдирда истеъмолчи электр энергиясига тўлов қилолмайди. Бироқ ушбу механизм мукаммал эмас.
Сенатнинг қайд этишича, «Ҳудудий электр тармоқлари»нинг HET иловасида аҳоли томонидан маиший чиқинди хизмати бўйича қарздорлик ҳақидаги маълумотлар акс этмаган, «Тоза макон» электрон биллинг тизими билан «Ҳудудий электр тармоқлари» биллинг тизими ўртасида интеграция таъминланмаган, айрим истеъмолчиларда чиқинди хизмати бўйича шартнома мавжуд эмас, абонент ҳисобрақамларида ҳам ноаниқликлар бор.
Сенат чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари соҳасида тўлов интизомини, қонун ижросини таъминлаш механизмлари ҳамда амалиётда юзага келаётган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга аниқ манзилли саволлар йўллади.
103 тез тиббий ёрдам хизматида Call-back тизими йўлга қўйилади
Республика тез тиббий ёрдам марказининг 103 хизмати фаолиятига доир эътирозларни камайтириш, бундай мурожаатлар сабабини олдиндан аниқлаб, уларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида барча ҳудудий филиалларда тажриба-синов тариқасида Call-back (қайта қўнғироқ) тизими йўлга қўйилади.
Қайта қўнғироқ тизими тез тиббий ёрдам кўрсатган бригаданинг иш фаолиятига баҳо бериш имкониятини тақдим қилади. Таъкидланишича, Самарқанд вилоятида синов тариқасида йўлга қўйилган ушбу тизим орқали тез ёрдам бригадалари фаолияти доимий назорат қилинмоқда. Энди ушбу тизим барча вилоятларда жорий қилинади.
Аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар ҳақидаги қарор қабул қилинди
Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи лавозими жорий этилди. У ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар бажарилмаган тақдирда давлат органлари ва ташкилотларининг масъул раҳбарларига хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилгани ҳолатлари юзасидан, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан мажбурий тақдимномалар киритади.
Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди
16 июлдан 21 июлгача бўлган аномал иссиқ даврда Ўзбекистон энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли ва юкламаси бўйича янги тарихий рекорд қайд этилди. Хусусан, биринчи марта электр энергияси истеъмолида ёзги кўрсаткичлар қишки максимал кўрсаткичлардан ошди.
Жумладан, 18 июл кунлик истеъмол миқдори 272,6 млн кВт•соатга тенглашди. Бу қишки максимумдан (271,8 млн кВт•соат) ва аввалги ёзги рекорддан (253,3 млн кВт•соат) кўпроқ.
21 июл куни соат 17:00 да энергетика тизимининг максимал қуввати 13,3 ГВтга етди, бу қишки рекорддан (12,5 ГВт) ва 2024 йил июл ойидаги кўрсаткичлардан (11,8 ГВт) юқори.
Фарғонада беморнинг соғлом оёғини кесиб ташлаган шифокор қамалди
Шифокор Абдубанноп Мадолимов беморнинг чап оёғини кесиш ўрнига ўнг оёғини сон соҳасидан кесиб ташлаган. Сўнгра унинг чап оёғини ҳам кесган. Таъкидланишича, бемор соғлом тана аъзоси кесиб ташланиши оқибатида ҳамда бир вақтнинг ўзида икки оғир турдаги жарроҳлик амалиётини кўтара олмай вафот этган.
Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди шифокорни Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида раҳбарлик ва шифокорлик вазифасида 3 йил ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Наманганда сигир ёш болани сузиб, ўлдириб қўйишига сал қолди
Янгиқўрғон туманининг Баркамол маҳалласида сигир ёш болаларга ҳужум қилди. Ҳодиса шу атрофдаги кузатув камераларига ёзилиб қолган. Сигир фарзандини қутқаришга келган онага ҳам ҳужум қилиб, унга жароҳат етказган. Тажовузкор сигирни жиловлаш учун кўпчилик ҳаракат қилди. Юраги бўшларга видеони кўриш тавсия этилмайди.
Ангренда 14 ёшли қизга жинсий зўравонлик бўлгани айтилмоқда
Ангрен шаҳрида 14 яшар қиз мунтазам равишда жинсий зўравонликка учраб келган. Бу борадаги тергов 2,5 ойдан бери давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда педофиллар ночор ҳолатдаги қизга турли егуликлар олиб бериш билан алдагани ва қўрқитгани айтилади. 2024 йилда уни 4 нафар эркак мунтазам зўрлаб келгани, улардан бири вояга етмаган ўсмир, қолганлари 23-24 ёшда экани айтилмоқда.
Мавзуга оид

22:54 / 22.07.2025
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги туннел, ижтимоий объектлар геопортали ва Жиззахга ташриф – маҳаллий дайжест

23:55 / 21.07.2025
Олмазорда водород пероксидининг тарқалиши, ОТМ қабул квоталарининг тасдиқланиши, Тошкентдаги кўчатхоналар – маҳаллий дайжест

23:19 / 18.07.2025
Тошкентда дарахт кесиш масаласидаги тортишув, порахўр божхоначи, Мўғулистондан келтириладиган чорва – маҳаллий дайжест

22:26 / 17.07.2025