Жамият | 14:06
14443
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда уч қиз сув омборига чўкиб кетди

Қизлардан бири қутқариб қолинган. 2 нафари эса чўкиб кетиб, вафот этган. Улардан бирининг мурдаси ўша куни, яна бириники эса орадан бир кун ўтиб топилган.

Фото: Kun.uz

Оҳангаронда уч қиз сув омборига бориб, чўкиб кетди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Воқеа гувоҳларининг Kun.uz’га билдиришича, Ангрен шаҳрида яшовчи қизлар Оҳангаронда яшовчи дугонасининг уйига меҳмонга келган. 19 ёшли икки қиз Тошкент шаҳридаги олийгоҳлардан бирининг талабалари бўлган.

Мезбон қиз дугоналарини Оҳангарон сув омбори ҳудудига сайрга олиб борган. Улар сувнинг қирғоқ қисмига тушишган. Аммо сув ости қумлиги туфайли қайтиб чиқа олишмаган. Бир-бирини қутқариш мақсадида қилган ҳаракатлари иш бермасдан, қизларнинг икки нафари чўкиб кетган”, дейди гувоҳлардан бири.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, воқеа 28 июл куни содир бўлган. Ўша куни соат 14:20 ларда Оҳангарон туман ИИБ Навбатчилик қисмига Оҳангарон сув омборининг қирғоқ қисмида чўмилаётган қизлар сувдан қайтиб чиқмасдан, бедарак йўқолгани ҳақида хабар келиб тушган. Булар Ангрен шаҳрида яшовчи 2006 йилда туғилган Д.П., 2009 йилда туғилган Д.А. ва Оҳангарон туманида яшовчи, 2006 йилда туғилган Н.Э. бўлган.

Д.А. қутқариб қолинган. Д.П. ва Н.Э. эса чўкиб кетган.

ФВВ Оҳангарон туман бўлими ходимлари томонидан олиб борилган қидирув ишлари давомида Д.П.нинг мурдаси 28 июл куни соат 20:00 ларда, Н.Э.нинг мурдаси эса 29 июл куни эрталаб топилган. Ўлим сабабларини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертизалар тайинланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Мавзуга оид