Жаҳон | 07:51
1043
2 дақиқада ўқилади

Россия суди "Райффайзенбанк" активларини музлатиш қарорини бекор қилди

Россия суди "Райффайзенбанк" активларини музлатиш ҳақидаги аввалги қарорини бекор қилди, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги Raiffeisen Bank International адвокатига таяниб. RBI раҳбарияти ҳали суд қарорига изоҳ бермади.

Фото: Getty images

Reuters хабарига кўра, Австриянинг Raiffeisen Bank International AG (RBI) банк гуруҳи ўзининг Россиядаги шуъба корхонаси активлари бўйича Россиядаги судда ғалаба қозонган. Россия суди "Райффайзенбанк" активларини музлатиш ҳақидаги аввалги қарорини бекор қилди, деб ёзади агентлик RBI адвокатига таяниб. RBI раҳбарияти суд қарори ҳақидаги маълумотни ҳали тасдиқламади.

Гап Россиянинг "Распериа" инвестиция компанияси томонидан активларни сотиб олиш бўйича муваффақиятсиз битимдан сўнг даъво бўйича қабул қилинган қарор ҳақида кетмоқда. Июн ойида Россия суди Австрия банкининг Россия активларини хатловга олиш қарорини бекор этишни талаб қилган даъвосини рад этди.

Reuters таъкидлаганидек, суд қарори "Райффайзенбанк"нинг эҳтимолий сотилишига автоматик рухсат беришни англатмайди; бунинг учун RBI кўп сонли қўшимча рухсатномаларни олиши керак.

2025 йилнинг май ойида Россия Федерацияси Марказий банки "Райффайзенбанк" ҳисобрақамидан рубл эквивалентидаги тахминан 1,87 миллиард еврони мажбуран ечиб олди ва бу суммани "Распериа" компанияси ҳисобига ўтказди, дея хабар берганди RBI раҳбарияти. Маблағлар Россия судининг қарори билан хатловга олинган, у RBI'нинг Россиядаги шуъба корхонасига россиялик олигарх Олег Дерипаска билан алоқадор бўлган "Распериа" компаниясига товон тўлаш мажбуриятини юклаган.

Мавзуга оид